Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Келдию кетди


Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Душанбега қилган сафари тафсилотлари ОАВ учун махфийлигича қолди.
Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Душанбега қилган сафари тафсилотлари ОАВ учун махфийлигича қолди.

11 сентябр куни хизмат сафари билан Тожикистонга борган Россия мудофаа вазирининг Тожикистон мудофаа вазири билан ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган музокараси натижалари сир тутилмоқда.

Душанбега келган Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоев ва ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан ёпиқ эшиклар ортида музокара олиб борди.

Россия ҳукумат расмийсининг бир кунлик хизмат сафаридан мақсад ва икки томонлама учрашувларда эришилган натижалар борасида на Россия томони ва на Тожикистон томони оммавий ахборот воситалари вакилларига лом-мим демади.

Шундай қилиб, Россия Мудофа вазири 12 сентябр куни Москвага учиб кетди, аммо у билан бирга Душанбега келган ишчи гуруҳ Тожикистон пойтахтида қолди.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова икки мамлакат Мудофаа вазирлари учрашувида Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси мақомини ўзгартириш масаласи муҳокама қилинганини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Июл ойи сўнгида расмий сафар билан Душанбега борган Россия президенти Димитрий Медведев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокарадан сўнг ишчи гуруҳга Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси мақоми ва унинг пулли асосга ўтиши масаласини ўрганишни топширган эди. Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, ишчи гуруҳ аллақачон масалани ўрганишга киришган, деди Санобар Шерматова.

Маълумки, Россия ўз ҳарбий базаси учун шу пайтгача пул тўламас эди. Расмий Москва Тожикистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳасини молиялаштириш эвазига мазкур базанинг Тожикистон ҳудудида фаолияти борасида икки ёқлама шартнома ҳам имзоланган эди. Бу ҳужжат 2004 йилнинг кузида Россия собиқ президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга сафари чоғида имзоланиб, Роғун ГЭСи қурилиши учун руслар икки миллиард доллар ваъда қилган эди.

Бироқ бу ваъда ваъдалигича қолаверганидан сўнг расмий Душанбе томонидан Россия ҳарбий базаси Тожикистонга ижара пули тўлаши лозимлиги ҳақида очиқдан-очиқ талаблар янграй бошлади.

Санобар Шерматова бу борада Имомали Раҳмон Москвага сафарлари чоғида бир неча марта таъкидлаганини эслатади.

Таҳлилчига кўра, Россия Мудофаа вазирининг Душанбега сафарида бу иккала масала, яъни ҳарбий базаси мақомини белгилаш ва Россиянинг Тожикистонга сармоя ётқизиши каби масалаларни бир-биридан ажратиб олиш масаласи кўрилган. Шу нозик жиҳатларини назарга олган ҳолда, Санобар Шерматовага кўра, томонлар музокараси натижалари сир қолмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистонга сўнгги сафарида Москва 201-ҳарбий база учун Тожикистонга ижара ҳаққи тўлашга тайёрлигини билдирган эди.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон Россия ҳарбий базаси учун руслардан йилига 300 миллион доллар ижара ҳақи талаб қилган. Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов Россия Тожикистоннинг бу талабини рад этиши эҳтимолдан йироқмас, деган фикрда.

- Тожикистоннинг тахминан бир ярим миллиондан ортиқ фуқароси Россияда ишлаяпти. Руслар ҳарбий база ижараси масаласи муҳокамасида тожикистонлик меҳнат муҳожирларини мамлакатдан чиқариб юбориш ёки виза тартибини жорий қилиш каби масалалар билан босим ўтказиши мумкин, дея тахмин қилади Парвиз Муллажонов.

Мустақил таҳлилчи русларнинг Тожикистон ҳудудида ўз ҳарбий контингентини кенгайтириши режаси ҳам борлигини таъкидлайди.

- Россия Марказий Осиёда, хусусан, Тожикистонда ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида ўз ҳарбий контингентини кенгайтириши мумкин. Албатта бу қўшни Ўзбекистонга ёқмайди. Чунки Ўзбекистонда сўнгги вақтларда минтақани ҳарбийлаштирмаслик истаги кучли ва иккинчидан, агар Россия режалари амалга ошгудек бўлса, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги нуфузини қўлдан бериши аниқ, дейди Парвиз Муллажонов.

Аснода, маҳаллий таҳлилчилар фикрича, агар тожик расмийлари ҳарбий база учун руслардан ижара пули ундира олсалар, бу маблағларни Роғун ГЭСи қурилиши учун сарфланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG