Линклар

logo-print

Коммунист президент истеъфога чиқди


Владимир Воронин ўз истеъфосини Молдовада ҳокимият тепасига мухолифлари келгани билан изоҳлади.

Владимир Воронин ўз истеъфосини Молдовада ҳокимият тепасига мухолифлари келгани билан изоҳлади.

11 сентябр куни Молдова парламенти котибияти президент Владимир Ворониннинг ўз ваколатларини топширгани ҳақидаги аризасини қабул қилиб олди. Ўша ондан бошлаб у давлат раҳбари эмас.

Молдова коммунистлари лидери Владимир Воронин июл ойида ўтказилган сайловларда коммунистлар мағлубиятга учраганидан кейин президентлик лавозимидан воз кечишга ва парламент депутати бўлишга қарор қилди.

Ўз аризасида Воронин мамлакатда ҳокимият тепасига унга сиёсий жиҳатдан мухолиф бўлган кишилар келганини қайд этган.

10 сентябр куни Владимир Воронин етти вазирни ишдан бўшатган, аввалроқ эса бош вазир Зинаида Гречаная истеъфога чиққан эди.

Молдова социал-демократик партияси лидери Влад Филат фикрича, коммунистлар мамлакатни бошқаришда хаос пайдо бўлиши учун янги ҳукумат тайинлангунича ўз лавозимларини ташлаб қочмоқдалар.

- Улар мамлакатни янги муаммолар қаршисида қолдирмоқдалар: муҳим ўриндаги вазирлар истеъфога кетди, халқ моли қай ҳолдалигини ҳам билиб бўлмайди – пулни орқа-кетига қарамай совурмоқдалар, биринчидан, ўзларининг тор партиявий муаммоларини ҳал қилиш учун, иккинчидан эса, давлат хазинасини бўш қолдириш учун. Бироқ коммунистлар бу тариқа ўзларидан масъулиятни соқит қилолмайдилар, дейди Влад Филат.

Аснода Кишиневда ғалати ҳодисалар содир бўлмоқда: бир томондан коммунист вазирларнинг ҳаммаси истеъфога кетмоқда, бошқа томондан эса “Европа интеграцияси учун альянс” вакиллари ўз ҳамюртларига мурожаат қилиш учун телевидениега киролмаяптилар. Улар телекомпания биносига киришга қилган илк уринишларидаёқ у ерга 300 га яқин аскар келтириб қўйилди. Бундан ташқари, презедентура биноси атрофида нима учундир мармар девор тикланмоқда. Ана шу аломатлардан келиб чиққан ҳолда, кузатувчилар “молдовалик коммунистлар осонликча ҳокимиятни топшириб қўймоқчи эмас”, дея мулоҳаза билдирмоқдалар. Ваҳоланки, юридик жиҳатдан уларнинг ҳокимият тепасида қолишлари учун ҳеч қанақа асос йўқ.

- Ҳақиқатан бугунги кунда коммунистлар ҳали ҳам республикада реал ҳокимиятни ўз қўлларида тутиб турибдилар, бироқ аҳолига улар ҳокимият аллақачон альянс қўлига ўтганини кўрсатиб, барча муаммони альянс зиммасига юкламоқчи бўлаяптилар, дейди Молдова социал-демократик партияси лидери Влад Филат.

Воронин истеъфосидан кейин президентлик ваколатлари “”Европа интеграцияси учун альянс” вакилига ўтиши ва у бош вазирни тайинлаши лозим эди. Бироқ президент Владимир Воронин ўз ваколатларини топшириш арафасида 2009 йилнинг 14 сентябрдан бошлаб ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи қилиб адлия вазири Виталий Пирлогани тайинлаш ҳақида фармонни имзолаган. Хабарларга кўра, собиқ адлия вазири янги вазирлар кабинети тузилгунича ҳукумат фаолиятини таъминлаши лозим.
XS
SM
MD
LG