Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:50

Эркин микрофон - Буюк келажак қачон келажак?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 12 сентябр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

Ҳафта ўрталарида Қозоғистон чегара хизмати мулозимлари Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ қамоқхонасидан ўн нафар маҳбус қочгани ҳақида маълум қилганди.

Айни воқеа муносабати билан Озодликка кўплаб телефон қўнғироқлари бўлиб, тингловчилар воқеа тафсилотлари билан қизиқишмоқда.

Бўстонлиқдаги маҳбуслар қариндошлари хавотирда

Самарқандлик Дилмурод ака эса Бўстонлиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган қариндошининг тақдиридан хавотир билдиради.

- Бўстонлиқ туманида ўзи битта қамоқхона бор. У ерда менинг бир акам ётибди. Агар турмадан маҳбуслар қочгани рост бўлса, турмадаги бошқа маҳбусларни қийнашади энди. Шунга роса хавотир олаяпмиз. Ўзи турмадан қочибдими маҳбуслар? Ўзбеклар йўқ дейди, бу ёқда қозоқлар қочган деяпти? Одам қайси бирига ишонишни ҳам билмаяпти, дейди самарқандлик Дилмурод ака.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси Бўстонлиқдаги қамоқхонадан 10 нафар маҳбуснинг қочгани ҳақидаги маълумотларни расман инкор қилди. Айни пайтда¸ қозоқ томони Угам дарасидаги вертолёт ҳалокатини ушбу қочиш билан боғлашда давом этаëтир.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Ўнтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жанарбек Мадидинов Озодлик билан суҳбатида Ўзбекистон қамоқхонасидан жиноятчиларнинг қочиб¸ Қозоғистон ҳудудида яширингани борасида ўз идорасида етарли маълумот борлигини таъкидлаган.

Жаноб Мадидинов 6 сентябр куни Ўзбекистондаги хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган қамоқхонадан қочган жиноятчилар, қочиш пайтида икки нозирни ўлдириб, уларнинг қуролларини ўзлари билан олиб кетишганини, кейин битта блок постда икки милиция ходимини ва бир аёлни боласи билан ўлдирганини таъкидлаган.

Айни пайтда Қозоғистон чегарачилари Угам дарасига яширингани айтилаётган ўзбекистонлик жиноятчиларни қидириш ишларини давом эттиришмоқда.

Бироқ айни маълумотларни ўрганиш жараёнида Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларига Озодлик қилган мурожаатларнинг барчасига бир хилда - ушбу воқеани инкор қилиш тарзида жавоб бўлди.

“Ўзбекистонга ўтишда роса қийналамиз”

Кейинги суҳбатдошимиз Тожикистоннинг Сўғд вилояти Зафаробод туманида яшовчи Каримжон ака ўзбек-тожик чегарасида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар кўплиги ҳақида гапирди.

- Бизни кўп қариндошларимиз Ўзбекистонга кўчиб кетган, келин бўлиб тушган. Жуда кўп қариндошларимиз бор у ёқда. Шу уларни кўриб келиш учун Ўзбекистонга ўтишда роса қийналамиз. Тожикистонни чегарачилари индамасдан ўтказиб юборишади. У ёқда Ўзбекистон солдатлари пул бермагунингизча ўтказмайди. Ҳар бир одамдан ўн минг, йигирма минг, эллик минг сўм пул олади-да. Ҳатто баъзи пайтлари юз минг ҳам сўрашади. Ё бўлмаса, уларга Мустақиллик байрами муносабати билан “план” керак. Пул бермасанг, баҳона топиб, олиб бориб қамаб қўяди.

Шу Ўзбекистон чегарасида солдатлар ҳам, божхоначилари ҳам пулсиз сизни ўтказишмайди. Қийнаб юборди Ўзбекистоннинг солдатлари.

Агар “нимага ўтказмайсан, қонун бўйича мумкин-ку” дейдиган бўлсангиз, тамом – “Сен қонунни биласанми, юр2 дейди-да, бир жойга олиб бориб қамаб қўяди.

Энди ёшлар бир бало қилиб ёқ-бу ёқдан бир амаллаб ўтамиз. Лекин қарияларга қийин. Мўйсафид чоллар бўлса ҳам, ёшига ҳам қарамайди. Пул талаб қилади. Ҳамма нарса пул, дейди сўғдлик Каримжон ака.

“Бизни ҳамюртимиз сотиб юборди”

Россиядан телефон қилган Сайфиддин асли Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан. Сайфиддиннинг айтишича, фарғоналик бир шахс тошлоқлик тўққиз кишини Россияга иш топиб бериш ваъдаси билан алдаб олиб бориб, уларни қул ўрнида сотиб юборган. Улар орасида Сайфиддиннинг ўзи ҳам бўлган.

- Биз тўққиз киши келганмиз. Март ойида келгандик. Бизни бир ака олиб келганди. Нурматов Икром Маматқулович деган. Биз у ака билан шаҳарда учрашиб қолгандик. Иш бор, деб олиб келганди. Кейин билсак, бизни бир одамга сотиб юборган экан. Бир ой бўлди билганимизга. Москва яқинидаги бир қишлоққа олиб келганди. Қурилиш қилдик. Тўрт ой ишладик. Ё пул бермади, ё еб-ичишимизни ўнглаб қўймади. Кейин қурилишни хўжайинидан сўрадик. “Биз кетамиз энди, биз билан ҳисоб-китоб қилинг энди” десак, у: “Сенларни олиб келган одам пулини олиб бўлган, паспортларинг ҳам ўшанда” деб айтди. Бизнинг паспортларимизни ҳам у ўзи билан олиб кетган экан.

Яхшиям унинг турадиган жойини билардик. Борсак ўзи йўқ экан. Бахтимизга сумкаси ўша ерда экан. Ичидан паспортларимизни олдик.
Кейин бизга бир рус йигити ёрдам берди, иш топиб берди. Ҳозир ўша ерда ишлаяпмиз. Худога шукур, уйга ҳам бир-икки сўм пул жўнатдик.
Энди уйга кетишга пул йиғаяпмиз. Яқинда кетамиз. Билет ҳам олдик. Ўша рус одами ёрдам берди бизга. Ўз ҳамюртимиз бизни хор қилиб, сотиб кетди. Лекин миллати бошқа бўлса ҳам ўша ўрис бизга ёрдам бераяпти, дейди Сайфиддин.

Фарғоналик Сайфиддин ва унинг ҳамқишлоқлари бошига тушган бу каби ҳолатларга кўплаб ўзбек мардикорлари дуч келишган. Озодликка бўладиган телефон қўнғироқларининг аксари айни шу мазмунда бўлади.

“Ўзбекистон қачон буюк давлатга айланади?”

Ҳозирда Россияда ишлаётган андижонлик Илҳомжон ака ўзбекнинг бошига тушаётган бу каби кўргуликлар тезроқ тугашини орзу қилади.

- Ўзбекистон келажаги бор давлатмикин ишқилиб? Мен шундай бўлишига ҳеч ақлим етмаяпти. Қачонгача бу ҳолат давом этади, қачонгача биз Россия келамиз пул топишга, қанақа қилиб тирикчилик ўтказамиз?

Биз ҳам Ўзбекистонда яхши бўлишини хоҳлаймиз. Мана, Россияга ўхшаб яхши яшасак қанақа яхши. Ҳозир “мустақилмиз, ҳамма ёғимиз етарли, қорин тўяяпти” дегани билан Ўзбекистонда иш бўлмаса, Россия келиб гадой каби иш қидирсак... Қозоғистонда ҳам ишлаганмиз. Қозоқлар ўзбекни одам ўрнида кўрмайди. Улар назарида биз умуман паст сортли одаммиз ўзбеклар. Шунақа пайтлари ўзбекистонлик эканингга афсусланиб кетасан одам.

Шу Ўзбекистонни ҳам келажаги бормикин? Қачонгача биз хорланиб юрамиз ташқарида?

Ўзбекистонга борсангиз, Ўзбекистонни “келажаги буюк давлат” деб оғиз кўпиртиришади. Шу буюк давлат қачон бўларкин ўзи, дейди андижонлик Илҳомжон ака.

***

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG