Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:48

СМС-талоқчилар куни туғди


Тожикистонда сўнгги пайтларда уяли телефон орқали талоқ олаётган аёллар сони кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат уламоларни ҳам, давлат расмийларини ҳам ва аёлларнинг ўзларини ҳам қаттиқ ташвишга солаяпти.

Исми ошкор этилмаслигини истаган аёл суҳбатдошимизнинг айтишича, эри уни телефон орқали талоқ қилганига ярим йил бўлган. Бундан хабар топган қайнона ва қайнотаси келиннинг нарсаларини йиғиштириб, уни ота-онасининг уйига олиб бориб қўйган.

- Ростини айтсам, хўжайиним СМС жўнатиб, мени талоқ қилганини ўқиб, ҳайрон қолдим. Аввалига ҳазиллашаяпти, деб ўйладим. Чунки эрим ҳаётан ҳазилкаш инсон. Лекин орадан ойлар ўтди - хат-хабар йўқ. Телефон қилмай қўйди. Пул юбориш вақти келди. Пулдан дарак бўлмади. Олти ойдан ошди. Телефонини ўзгартирибди шекилли - илгаригиси жавоб бермайди. Ҳалигача ишонгим келмайди. Келиб қолади, деб умид билан ўтирибман онамни уйида, дейди сўғдлик суҳбатдошимиз.

Россияда мардикорлик қилиб қайтган Наврўзнинг айтишича, тожикистонликларнинг кўпчилиги у ерда иккинчи хотин олишган. Уларнинг Россияда уйланиб, хотинларига талоқ беришларининг бир нечта сабаби бор.

- Биринчидан, улар нима учун Россияга келишмоқда, тирикчилик дея албатта. Иккинчидан, Россиядаги шарт-шароит яхши. Неча йиллардирки, Тожикистонда на чироқ, на иссиқ сув ва на газ бор. Изғиринли қиш кунлари одамлар зулматда яшайди. Россияда эса барча шароитлар мавжуд. Ростини айтсак, ҳамшаҳарларимизнинг бир қисми рус аёлларига уйланиб, яхши шароитларда ҳаёт кечирмоқда. Хуллас, мана шундай шароитларни ташлаб, зулматга қайтишни хоҳлашмайди улар. Бу жараён кучайса кучаядики, сусаймайди, дейди Наврўз.

Сўғд вилоят хукумати оила масалалари бўйича қўмитаси раисаси Матлуба Сатторованинг сўзларига кўра, жорий йил саккиз ой давомида 60 нафар сўғдлик аёл телефон орқали талоқ олган.

- Илгари мана шундай гапларни эшитиб, одамнинг ишонгиси келмас эди. Лекин охирги пайтларда телефон орқали талоқ қилиш ҳоллари ошиб бораяпти. Жумладан, телефон орқали талоқ олиб, ЗАГСда расмий жиҳатдан ажралган аёллар бор. Қолганлари эса: “Эрим қайтиб келади, яна илгаригидек яшаб кетамиз”, деган умид билан яшашмоқда. Айримлари ноиложликдан иккинчи хотин бўлишга мажбур. Иккинчи хотин бўлиб турмушга чиққанларнинг деярли ҳаммаси яширин турмуш кечирадилар. Мансабдор шахслар ва тижорат билан шуғулланадиган бойвачча тадбиркорларнинг деярли ҳаммасини иккинчи хотини бор, дейди Матлуба Сатторова.

Хўш, телефон орқали хотинга талоқ бериш Ислом шариатига тўғри келадими? Озодлик радиоси мухбирининг бу саволига вилоятдаги шайх Муслиҳиддин масжиди уламолар кенгаши аъзоси Ҳожиамир Ҳожиамиров шундай жавоб берди.

- Дарҳақиқат, охирги пайтларда телефон ва СМС орқали талоқ бериш одат тусига кириб бормоқда. Ислом шариатига биноан илгари мактуб, бугун эса уяли телефон ва СМС жўнатиш йўли билан талоқ бериш мумкин ва бу талоқ қабул қилинади. Лекин ҳозирги ёшлар талоқ бериш шартларига тўлиқ амал қилишмайди. Чунки уларнинг аксарияти диний маълумотлари паст, деди Ҳожиамир Ҳожиамиров.

Тожикистон уламолар кенгашидан олинган маълумотларга кўра ҳам телефон орқали талоқ бериш мумкин. Бундай ҳолатларда талоқ бериш пайтида гувоҳ бўлиши шарт. Шундагина талоқ қабул қилинади. Айни пайтда Ислом олимлари ўз диндошларини талоқ сўзини имкон қадар ишлатмаслик, балки иложи борича оилани сақлаб қолишга уриниш мусулмоннинг энг яхши сифатларидан бири эканини урғулайдилар.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда 800 000 тожикистонлик мардикорлик қилади. Норасмий маълумотлар бўйича эса улар сони бир ярим миллиондан зиёд бўлиб, бу мардикорларнинг тўртдан уч қисмини меҳнатга лаёқатли эркаклар ташкил қилади. Бу эркакларнинг кўпчилиги уйланган бўлиб, уларнинг Тожикистонда хотини ва бир ёки бир нечта боласи бор.
XS
SM
MD
LG