Линклар

Тошкент шаҳрининг бир неча мактабида ҳижоб кийган қизлар мактабларга қўйилмаяпти ва улар ўқитувчилар томонидан таҳқирланмоқда. Бу ҳақда "Веритас" ташкилоти маълум қилади.

“Веритас” ёшлар ҳаракати тарқатган маълумотларга кўра, Тошкент мактабларида рўмол ўраган ўқувчи қизлар дарсга рўмолини ечиб киришга мажбур қилинмоқда. Бундай вазият Шайҳонтоҳур туманидаги 40, 41 ва 13-мактабларда, Собир Раҳимов туманидаги 1-мактабда, Зангиота туманидаги 8-мактабда кузатилаяпти.

Икки нафар фарзанди Зангиота туманидаги 8-мактабда таҳсил олаётган Мушарраф опанинг айтишича, унинг қизлари ҳар куни мактабдан йиғлаб қайтадиган бўлди:

- Мактабда қизларимни ўқишга қўйишмаяпти. “Агар рўмол ўраб келсанг, милиция билан олиб кетамиз”, деб қўрқитишган. Директор келиб: “Қизларингнинг ҳужжатларини олиб кетгин”, деб айтаяпти. Ўзи қизларим шунча йилдан бери бу таъқиб ва хўрланишларга зўрға чидаб ўқиб келишди. Сўнгги таҳқирлардан кейин қизларим мактабга бормай ҳам қўйди. Ўзи уларнинг йиғлаб келмаган куни йўқ эди. Ўқитувчиси ёзда ўн марта уйимга келиб, “қизингизни мактабдан олинг, у жинними, психми?” деди. Лекин менинг қизларим соғлом ва солиҳа қизлардан. Ўқишлари ҳам жуда яхши, дейди Мушарраф опа.

Биз опанинг тўққизинчи синфда ўқийдиган қизи Руқия билан суҳбатлашдик:

Озодлик: Ҳозир мактабга бормаяпсизми?

Руқия: Ҳа, бормаяпман.

Озодлик: Сабаби нима?

Руқия: Борганимда рўмолларимни тортиб олиб, ёмон ҳақоратлар қилиб ташлашди. Уят гаплар гапириб, ҳайдаб юборишди.

Озодлик: Ким бундай қилди?

Руқия: Мактаб директори ва ўқитувчилар.

Исми ошкор қилинишини истамаган бошқа бир отанинг айтишича, унинг фарзандлари ҳам рўмол ўраб борганлиги учун мактаб директори ва ўқитувчилар томонидан таъқибга учраган:

- Хуллас, қизларимизни бир соатлаб тик турғизиб қўйиб, “ифлоссан” деб, “ваҳҳобийсан” деб таҳқирлашмоқда. Уларнинг баҳоларини ҳам паст қўядиган бўлишди. Агар илгари улар ҳафтасига 20-25 тадан беш олишаётган бўлса, ҳозир 4-5 тадан ошмаяпти, дейди ҳижобли ўқувчи қизларнинг отаси.

Унинг сўзларига кўра, мактаб маъмурияти қизлар ҳижобини ечтиришнинг йўлини тополмаганидан сўнг уларга синфдошларни қарши қилиб қўйиб, болалар орасига нифоқ солишга уринмоқда:

- Агар қизларимиз ҳижобларини ечишмаса, уларга қўшиб синфдошларини ҳам тик турғизиб жазолашмоқда. Яъни “Битта сени деб бутун синф азоб тортсин”, дейишяпти. Синфдошлари эса: “Битта сени деб биз нега қийналишимиз керак экан?” деб уларга қарши бўляпти. Хуллас, болалар орасига нифоқ солишаяпти, дейди аламнок ота.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, демократик давлатда қандай кийим кийиш ҳар бир фуқаронинг ўз ихтиёрида бўлиши ва инсонда эътиқод эркинлиги бўлиши лозим.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов фикрича, аслида Ўзбекистон қонунлари бўйича мактабларда ҳижоб кийиш таъқиқланган, бироқ бу қабул қилинган қонунларнинг ўзи халқаро қонунларга зиддир:

- Ўзбекистонда диний ташкилотлар ва диний эркинликлар тўғрисида қонун бор. Шу қонунда белгиланишича, Ўзбекистонда диний кийим кийиш ёки диний ташқи кўриниш атрибутлари фақат диний уламолар учун мумкин. Улар бу кийимларни фақат диний амалларни бажариш чоғида кийишлари мумкин, дейилган. Бошқа пайт эса таъқиқланади.

Агар қонуний томондан баҳо берадиган бўлсак, демак, мактаб ўқувчиларига ҳам ҳижоб кийиш расман таъқиқланган. Бироқ бу қонун Ўзбекистон аъзо бўлмиш БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар бўйича қабул қилган бир қанча пакт ва қонунларига зид. Чунки бу пактда айтилишича, Ўзбекистон ўз фуқароларининг диний эркинликларини ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида тўла таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Демак, мана шу ҳолатда Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги мусулмонларнинг эркин кийинишини маън қилса, халқаро қонунлар бунга рухсат беради. Хуллас, Ўзбекистондаги диний эркинликлар бўйича қабул қилинган қонунлар халқаро нормаларга ва стандартларга тўғри келмайди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG