Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:31

2- хотин бўлишни истамайман!


Турмуш қуриш ëшини йил сайин пасайтириб бораëтган ўзбек жамиятида ëши бу чизиқдан ўтган¸ аммо ўқийман¸ ўзимни¸дунëни танийман деган қизлар учун шахсий ҳаëтда бахтга эришиш йўллари тобора торайиб қолмаяптими?

Синфдош қизларимизнинг барчаси аллақачон оилали бўлиб кетишган.

Мен эса аввалига институтда ўқийман дедим, кейин ўқиган қизни келин қилишни хоҳловчилар топилмади.

Табиатан гўзаллар сафидан ўрин олмаганим боисми¸ мени севиб қолувчилар ҳам учрамади. Бугун эса кимгадир иккинчи хотин бўлиш “хавфи”га дуч келаяпман.

Тенгдош дугоналарим ҳам, танишларим ҳам кимгадир иккинчи хотин бўлиш ҳакида маслаҳат берадиган бўлиб қолишди. Чунки сўнгги пайтда Ўзбекистонда қўшхотинлик “мода” бўлаяпти. Ўзига тўқ бойваччалар орасида ҳатто уч хотин олиш ҳолатлари ҳам кўплаб учрамокда. Одамлар эса бунга одатий ҳолдай қарайдиган бўлишаяпти.

Айримлар қўшхотинликнинг сабаби аёллар сонининг эркакларга нисбатан кўплигида, деб ҳисоблайди.

Бошқалар эса қиз-жувонларни мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат шунга мажбур қилаётганлигини таъкидлайди.

Ўзбекистонда ўзим орзу қилган одамга¸ орзу қилган шаклда турмушга чиқиш имконим тобора торайиб бораëтганига қарамай¸ мен иккинчи хотин бўлишни асло истамасдим. Сабаблари жуда жўн¸ айни пайтда анча мураккаб.

Биринчидан¸ бундай вазиятда шаърий никоҳ қурилади. Дунёга келган фарзандлар эса ноқонуний ҳисобланади.

Иккинчидан, майли бир умр “қари қиз” бўлиб ўтай, лекин кундош билан яшашни хоҳламайман. Бу бахтингни ўзга билан “баҳам” кўришдай гап. Мен эрининг кўчадаги бегона аёлга қарагани учунгина рашқ қилган хотинларни кўп кўрганман. Кундошинг борлигини билиб яшаш эса даҳшат-ку!

Билмадим, балки кундоши бўла туриб ҳам бахтли яшаётганлар бордир. Мен иккинчи хотин бўлган аёлларнинг тилла зирагу узукларга “кўмилиб” яшаётгани ҳакида эшитаман. Эрининг уларга алоҳида квартира, машиналар олиб берганлигини ҳам кўраяпман.

Лекин бахт дегани фақат шумикин? Кимлардир учун шудир¸ аммо мен учун эмас.

Жамият мен ва мен кабиларга бўлсанг¸ иккинчи хотин бўласан¸ бўлмасанг бир умр қари қиз бўлиб¸ на эр ва на бола нималигини билмай ўтасан¸ дея зимдан босимни кучайтираëтганига қарамай¸ мен ҳозирча ўзим истаган бахтни орзу қилиш¸ унга эришиш йўлларини излашдан тўхтамоқчимасман.

Бундай ҳол Сизга ҳам танишми? Сиз мен каби қизлар¸ бундай вазиятда ўз бахти учун қай усул курашиши лозим¸ деб ўйлайсиз?
XS
SM
MD
LG