Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Тожик журналисти ўзбек прокурорларидан норози


14 сентябр куни Душанбеда матбуот анжумани ўтказган Шуҳрат Шодиев¸ ўзининг айбсизлиги тан олиниши учун ҳаракатдан тўхтамаслигини билдирди.
14 сентябр куни Душанбеда матбуот анжумани ўтказган Шуҳрат Шодиев¸ ўзининг айбсизлиги тан олиниши учун ҳаракатдан тўхтамаслигини билдирди.

Мустақиллик байрами муносабати билан амнистияга туширилган тутуқунлар орасида Ўзбекистон ҳудудидан ўтаëтиб қўлга олинган мустақил тожик журналисти Шуҳрат Шодиев ҳам бор.

Шуҳрат Шодиев Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган авф асосида озодликка чиқарилди.

Шу йилнинг 6 августида Москва-Душанбе поезди билан Чеченистоннинг Грозний шаҳридан ватанига қайтиб келаётган Шуҳрат Шодиев Қорақалпоғистон темир йўл бекатларидан бирида ўзбек чегарачилари томонидан поезддан тушириб қолдирилган.

Бу воқеадан бир кун аввал¸ яъни 5 август куни пассажир ташувчи ўша поезддан ўзбек чегарачилари Шуҳратга тегишли Қуръоннинг русча таржимаси, чечинистонлик ўртоғи совға қилган пневматик пистолет ва яна чечен қўшиқчиларининг аудио дисклари ҳамда Азия плюс ва Фергана .ру мустақил сайтларида нашр этилган бир неча мақолалари жойланган юк сумкасини мусодара қилишган.

- Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳар божхона қўмитаси, транспорт прокуратураси ходимлари ва ўзбек чегарачилари менга тегишли буюмларни синчиклаб ўрганишди. Ундан кейин мусодара қилинган юк Тошкентга Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг Дин ишлари бўйича қўмитасида экспертизадан ўтказилиш учун юборилган.

Экспертиза натижаларига кўра, бадиий адабиётлар, мақолаларим, Қуръоннинг русча таржумасида Ўзбекистон қонунларига хилоф асос топилмаган.

Бироқ чеченистонлик таниқли қўшиқчи Темур Муцараевнинг аудио дискидан диний экстримистик ғоялар, жиҳодга ва Ўзбекистонда зўрлик билан давлат тўнтариши қилишга даъват мазмунлари борлиги аниқланганини айтишди. Ва диний адабиётлар контрабандаси айби юклатилиб¸ менга Ўзбекистон жиноят Кодексининг 246 моддаси 1-қисми¸ яъни контарабанда бўйича жиноят иши очилди.

Лекин бу менинг шунча вақт Ўзбекистон ҳудудида прокурор санкциясисиз ноқонуний ушлаб турилганимни яшириш учун ўзбекистонлик ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ўйлаб чиқарган асоссиз бир баҳона эди. Негаки бу дискларда чеченистонлик қўшиқчи пайғамбарлар, марҳум Имом Шомил ва Қуръон сураларини қўшиқ қилган эди¸ холос. Қўшиқда Ўзбекистон ва Ўзбекистон ҳукумати умуман тилга олинмаган, дейди Шуҳрат Шодиев.

Шуҳрат ўзига нисбатан жиноят иши очилгунга қадар Нукус шаҳар Миллий хавфсизлик хизматига тегишли вақтинчалик сақлаш изоляторида прокурор санкциясиз 8 кеча-кундуз ноқонуний ушлаб турилганини таъкидлайди.

14 августдан 6 сентябргача Нукус шаҳрининг Қўнғиротдаги ҳарбий қамоқхонага ташланган тожикистонлик мустақил журналист Шуҳрат Шодиев ўз ҳуқуқлари поймол қилинаётгани важидан очлик эълон қилган.

Шуҳрат дастлабки терговлардан тортиб то авф этилгунига қадар ҳарбий терговчилар тергов чоғида ўзига маънавий босим ўтказгани ва бунга чидай олмаганидан қамоқхонада ҳатто қон томирини кесиш фикрига ҳам борганини айтади.

- Менга жисмоний босим ўтказишгани йўқ. Лекин улар менга маънавий босим ўтказиб¸турли таҳдидлари қилишди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар тергов жараёнида Тожикистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароит билан боғлиқ саволлар беришди. Қамоқхонадаги 22 кунлик ҳаётим мен учун ҳақиқий дўзах бўлди. Бундай адолатсизлик, ҳақсизликни ҳали ҳеч қаерда кўрмаганман, дейди Шуҳрат.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эълон қилган авф асосида озодликка чиққанига шукур қилар экан, Шуҳрат қамоқхонадан тирик чиқишни ҳар дақиқа орзу қилганини айтади.

Аммо у ўзига тегишли адабиëтлар¸ шунингдек болаларига олган совға-саломларининг қайтарилмаганидан хуноб бўлганини яширмайди.

- Авф этилиб озодликка чиққан куним шу пайтгача мени тергов қилган терговчи Мустановни қайтиб кўрмадим. Аммо у ўз ўрнига қўйиб кетган бир ёш йигит ашёвий далиллар¸ жумладан Қуръон ҳам ёқиб юборилишини маълум қилди, дейди Шуҳрат норози оҳангда.

Тожикистонлик журналист Нукус шаҳар Ҳарбий-транспорт прокуратурасининг ўзига қўйган айблар асоссизлиги, ўз ҳуқуқлари ҳимоялашини сўраб 14 сентябр Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига ёзма тарзда мурожат этганини маълум қилди.

Элчихона масъулларидан бири тожик журналистидан шу мазмунда ариза олинганини тасдиқлади.

Элчихона расмийси ариза шу ҳафта ичида Тошкентга юборилиши ва агар Шодиев даъволари асосли деб топилса, бу иш билан алоқадор шахслар Ўзбекистон қонунлари доирасида жазоланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG