Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:06

Эркин микрофон- Бир чора замон борму?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 14 сентябр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

Рамазон ҳайитига ҳам саноқли кунлар қолди. Ҳайит арафаси хонадонингиз эшигини тақиллатиб рамазон айтиб келувчилар кўпаяди.

Айни пайтда¸ Озодлик телефонига рамазон айтувчилар ҳам чиқиб қолди.

Рамазон айтиб келдим телефонингизга,
Доим VIP берсин телефонингизга.
Ўчоққа кул, карманга пул,
Телефонимга ўтказиб беринг 1000 сўм пул.



Яшасин сигир ва товуқлар...

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидан сим қоққан Абдулла ака беш ойдан буён ойлик ололмаётганини айтиб, пул йўқлигидан тирикчилик қилиш қийин эканини айтади.

Абдулла ака: Мен беш ойдан бери ойлик олмайманда.

Озодлик: Қаерда ишлайсиз?

Абдулла ака: Булар билиб қолса¸ биласизку. Ўзбекистонда туриб¸ бу гапларни гапириб бўлмайди.

Озодлик: Қаерда ишлашингизни айтишга қўрқасизми?

Абдулла ака: Ҳа.

Озодлик: Ҳеч бўлмаса касбингизни айтинг. Касбингиз нима?

Абдулла ака: Касбим оддий ишчи.

Озодлик: Қачондан бери ойлигингизни олмаяпсиз?

Абдулла ака: Май ойиникини ҳам олганим йўқ. Мана шу ойнинг 25 числосида беш ой тўлади.

Озодлик: Май ойидан бери ойлик олганингиз йўқ¸ демак.

Абдулла ака: Ҳа. Онам пенсия олади. Ҳали август ойиникини олганлари йўқ.

Озодлик: Сиз ойлик олмасангиз¸ бу ëқда онангиз пенсия олмаса¸ тирикчилик қанақа бўлаяпти?

Абдулла ака: Тирикчилик энди нима қилайлик¸ жойи келса¸ қуруқ нон ҳам ея олмай қоламиз. Гўштни сўрамай қўяверинг¸ ойлаб емаймиз. Бу гапларни айтиш уятку¸ қўшимча даромад йўқ¸ бир иш йўқ. Бошқа иш қилайлик десак¸ ëшликдаги куч-қувватимиз йўқ. Мисол учун¸ шундай инсонлар бор: сигири икки литр¸ кўп билан уч литр сут беради ëки уйидаги тўрт-бешта товуғи битта-иккитадан тухум қилади. Мана шуни сотиб¸ магазиндан нарса олади. Ëғми¸ чойми¸ гугуртми¸ шунақа нарсалар оладида.

Озодлик: Демак¸ қишлоқдаги оддий аҳолининг бахтига сигири билан товуғи бор.

- Ҳа. Агар шулар ҳам бўлмаса¸ жуда ҳам хор бўлади. У ҳам борига бор. Биз жуда қийин аҳволдамиз. Шароитимиз жуда ҳам оғир¸ дейди Абдулла ака.


“Бечора чора истар¸ бир чора замон борму?”


Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан телефон қилган 74 ёшли Баҳодир ота Ўзбекистонда яшаётган икки ўғли ва невараларини соғинганини бироқ, паспорт муаммолари боис болалари ўзини кўргани кела олмаётгани айтиб¸ ҳасрат қилди.

Баҳодир ота: 1993-1994 йилларда Тожикистонда уруш бўлиб¸ бир неча минг одамлар Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолган. Ўша пайтда уларнинг қўлидаги СССР паспортини олиб¸ қўлига Ўзбекистонда яшаши учун фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси берилган. Энди улар бир жойга чиқа олмайди. Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўта олмайди. Жуда азобда яшаяпти улар. Улар на Тожикистон фуқароси¸ на Ўзбекистон фуқароси. Бу қандай гап? Халқ жуда азобдада. Ëш 73-74 га қараб бораяпти. Иккита-учта ўғилчалар Ўзбекистонда. На улар келиб хабар ола олади¸ на биз бора оламиз. Бу қанақаси бўлди-а сингилжоним.

Озодлик: У ëқдаги неваралар нечта?

Баҳодир ота: Неваралар ҳам учта-тўртта бор. Уларга ҳам катта бўлса¸ паспорт берилмайди дейди. Бермайдиган бўлса¸ жўнатсин уларни. Мана Тожикистон ҳам қабул қилмайди. Қандай бўлади бу.

Озодлик: Болаларингизни кўрмаганингизга қанча бўлди?

Баҳодир ота: Йўллар бекитилиб ташланган. Тожикистон билан Қирғизистонни бир ëқлама бекитиб ташлаган. Ўтиб бўлмайди. Агар қўлга тушиб қолсанг¸ қаримисиз¸ ëшмисиз уларга фарқи йўқ¸ олиб бориб қамайди. Ëки 100-200 минг штраф солади. Ахир биз нима болаларни соғинмаймизми? Бу қандай гап бу. “Бечора чора истар¸ на чора чора борми?” Нима қилишимиз керак биз? Мана ëшимиз ҳам бир жойга борди. Мен шу болаларнинг келажагини ўйлайманда. Мен 74 га кирдим. Агар ўлиб қолсам¸ бу болаларим қандай қилиб келади?

Озодлик: Умрингиз йузоқ бўлсин ота. Ўлим ҳақида ўйламанг.

- Умрни узоқ бўлса¸ нима қиласиз? Яшашдан бир орзу-ҳавас қолмади. Бундай ҳаëтнинг нима кераги бор¸ дейди Баҳодир ота.


Яна паспорт ташвиши...

Россияда ишлаётган навоийлик Анвар Бозоровни ҳам паспорт муаммоси ташвишга солаяпти. Анвар Бозоров Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш тартиблари билан қизиқди.

Анвар Бозоров: Паспорт алмаштирилаяпти экан. Шунақа хабар келдида. 2010 йилданмией¸ шунақа дейишди. Мен Россияда уч йил қолмоқчиман. Борганимдан кейин ҳам олсам бўладими? Бу ерда мен шартнома қилиб¸ уч йил ишлашга келишганман.

Озодлик: Шартномангиз уч йилликми?

Анвар Бозоров: Уч йилга оғзаки шартнома қилинган.

Озодлик: Демак¸ уч йилгача Ўзбекистонга бора олмайсиз.

- Борсам берадими¸ йўқми¸ шу тарафи борда¸ дейди Анвар Бозоров.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ мамлакатда 2010 йил январ ойидан бошлаб, биометрик паспорт тизимига ўтила бошлайди.

2010 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистондаги вазирлик, бошқарма ва ташкилот ходимлари, хорижга чиқувчи ҳамда паспорт олиш ёхуд паспортини алмаштириш ёшига етган фуқароларга биометрик паспорт берила бошлайди.

2011 йилдан 2015 йилга қадар эса республикадаги барча фуқароларнинг паспорти биометрик паспортга алмаштирилади.

Ўзбекистон расмийлари биометрик паспорт тизимига ўтилиши ҳақидаги бонг ураётган бир пайтда бу жараён қандай амалга ошиши борасида ҳануз тўлиқ маълумотлар мавжуд эмас.

***************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG