Линклар

logo-print

Обама молиячиларни исрофдан қайтарди


АҚШ президентБарак Обама душанба куни қилган чиқишида иқтисод ва молия тизими секин-аста изига тушаётгани, лекин бу яна хотиржамлик билан хатоларга йўл қўйишга олиб келмаслиги лозимлигини таъкидлади.

АҚШ президентБарак Обама душанба куни қилган чиқишида иқтисод ва молия тизими секин-аста изига тушаётгани, лекин бу яна хотиржамлик билан хатоларга йўл қўйишга олиб келмаслиги лозимлигини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обама молия муассалаларини иқтисодий бўҳронга сабаб бўлган “мулоҳазасиз ҳатти-ҳаракатлар” ва “кераксиз сарф-ҳаражатлар”га йўл қўйилмаслигидан огоҳлантирди.

Американинг энг йирик банкларидан бири “Lehman Brothers” қулаганининг бир йиллиги муносабати билан қилган чиқишида Обама, молия идоралари бундан кейин солиқ тўловчилар ҳисобидан омон қолишга умид қилмаслиги лозим, дея таъкидлади.

14 сентябр куни қилган чиқишида Обама молия тизимини яхшироқ назорат қилиш имконини берадиган ўзгаришлар, жумладан, мижозларни ҳимоя қилиш қонун-қоидаларини ислоҳ қилиш ва меъёрий тизимдаги камчиликларни баратар этиш лозимлигини урғулади.

Бир йил аввал “Lehman Brothers”нинг қулаши АҚШ тарихидаги энг йирик синиш бўлиб, молиявий бўҳроннинг авж олишига ҳисса қўшганди. Қўшма Штатлар президентига кўра, эндиликда энг оғир кунлар ортда қолган.

- Орадан саккиз ой ўтиб, иқтисодни қутқариш ҳаракатлари давом этмоқда. Одамлар ишсиз ва молиявий тизимимиз суст бўлиб қолаётган экан, қилинган ишлардан қониқмаётган бўлсам-да, кейинги икки йилда бошдан кечирганимиз бўҳроннинг шашти қайтаётганини ишонч билан айтишимиз мумкин, деди Обама.

Президентнинг Уолл Стритда қилган баёноти қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги вазиятга деярли таъсир қилмади. Айни пайтда, Ассошиэйтед Пресс эълон қилган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 80 фоизи мамлакат иқтисоди ҳаминқадар аҳволда қолмоқда, деган фикрда.

Бундан ташқари, Оқ уйнинг иқтисод бўйича маслаҳатчилари Нобел мукофоти лауреати иқтисодчи Жозеф Стиглиц ва Марказий банкнинг собиқ раиси Пол Волкер молиявий тизимнинг бугунги аҳволи бўҳрондан аввалгига солиштирганда ёмонроқ эканини қайд этмоқдалар.

Асосий муаммо эса, мутахассисларга кўра, ҳукуматнинг молия муассасалари ҳажмини қисқартиришни истамаётгани ёхуд бунга қодир эмаслигидадир.

Бу эса ўта сиёсийлашган масала бўлиб, Обама ўз нутқида унга тўхталди. АҚШ президентига кўра, молиявий тизимни изга туширишда ҳукуматнинг аралашуви талаб этилаётган бўлса-да, бундай эҳтиёж камайиб бормоқда.

Кейинги бир йил давомида молия идораларининг аҳволини яхшилаш солиқ тўловчилар ҳисобидан амалга оширилиб келди. Обама бугунга келиб пулларнинг солиқ тўловчиларга қайтариш фурсати келгани, хусусан, баъзи банклар 70 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ қарзларини тўлаб бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, АҚШ президенти молиявий тизимни тўла изга тушириш учун кўпроқ вақт талаб этилса-да, ҳукумат кўраётган чоралар барқарорликка ҳисса қўшаётганини урғулади. Лекин, Обаманинг қайд этишича, баъзи молия идораларини иш юритишнинг эскича усулларига қайтмоқда.

- Жорий бўҳронга асосий сабаб бўлган кўпчиликнинг тез-тез бериладиган ва мўмайгина мукофотлардан таъмаси туфайли мулоҳазасиз ҳатти-ҳаракатлар ва кераксиз сарф-ҳаражатлар одат қилинган кунлар ўтмишда қолди. Уолл Стритдагилар бундан кейин оқибатларини ўйламасдан таваккалчиликка йўл қўярканлар, бир нарса бўлса, америкалик солиқ тўловчилар уларни қутқариб олишига умид қилмай қўйверсин, деди Обама.

Молия тизимидаги назорат воситаларининг сустлиги туфайли баъзи молия идораларининг бошқа банклардан кредит ололмаётган мижозларга орқа-олдига қарамасдан қарз бера бошлагани ўтган йили авж олган молиявий инқирознинг асосий сабабларидан бири бўлди.

Банкларга қарзини тўлай олмаган минглаб мижозлар касодга учради, кўплари уй-жойларидан маҳрум бўлди.

Бундай вазиятнинг вужудга келишига сабаб, Обамага кўра, унинг олдини оладиган идоранинг йўқлиги бўлди.

Айни пайтда АҚШ президенти таклиф қилаётган ўзгаришлардан бири - қарз олувчиларни назорат қиладиган ва мижозлар тегишли маълумотларни олишларини таъминлайдиган махсус идора тузиладиган бўлди.

Обама, шунингдек, ҳукумат нафақат АҚШ, балки кўплаб мамлакатлар молиявий тизимларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатларни амлга оширажагини баён қилди. Унга кўра, Оқ уй маъмурияти йирик иқтисодиётга эга давлатлар ҳамда иқтисоди тез ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий бўҳрондан иложи борича тезроқ чиқишига оид халқаро ҳаракатларга етакчилик қилмоқда.

- Бу ҳаракатлар учун глобал молиявий тизим путурини кетказган омил – дунё иқтисодларини боғловчи тизимни ислоҳ қилишнинг муҳим аҳамияти бор. Чунки бирор давлатда молиявий бозорда йўл қўйилган суиистеъмол бошқа мамлакатлардаги вазиятга таъсир ўтказишини яхши биламиз. Бизнинг бошқарув тизимимиздаги камчиликлар инқирозга етаклагани каби бошқа мамлакатлар тизимларидаги камчиликлар ҳам шундай оқибатларга олиб боришини биламиз. Қўшма Штатлар ўз бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ҳаракатларини ошираётган бир пайтда дунёнинг бошқа давлатлари ҳам ана шундай ислоҳотларни амалга оширишларини таъминлаш учун ҳам ҳаракатларимизни давом эттирамиз, деди президент Обама.

АҚШ раҳбари, шунингдек, Уолл Стрит корчалонларига бугун молиявий аҳволи яхшиланаётган ширкатлар бунинг учун Америка халқи олдида қарздор эканини ҳам эслатди.

- Инқироз ёқасига келиб қолган ширкатларга ёрдам қўлини чўзган америкаликлар бугун молиявий бўҳроннинг ишсизлик ва уй-жойларидан маҳрум бўлиш каби оқибатларини бошдан кечирмоқда, деди Обама.

Бу ширкатлар, АҚШ президентининг қайд этишича, кичик тадбиркорлар ва уйсиз қолганларга кредитлар бериш орқали ўз қарзларини узиши мумкин.
XS
SM
MD
LG