Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:06

Ялпи миллий бахтиëрлик?


Франция президенти Саркози¸ иқтисодий кўрсаткичларда аҳолининг ўз турмушидан нечоғли бахтиëрлиги даражаси ҳам ўрин олиши тарафдори.
Франция президенти Саркози¸ иқтисодий кўрсаткичларда аҳолининг ўз турмушидан нечоғли бахтиëрлиги даражаси ҳам ўрин олиши тарафдори.

У ëки бу мамлакат иқтисодига баҳо бермоқчи бўлганлар¸ биринчи бўлиб унинг ялпи ички маҳсулот бўйича кўрсаткичларига боқадилар. Аммо бу кўрсаткичларда халқ фаровонлиги ва бахтиëрлиги нечоғли ўз аксини топмоқда?

Бу саволни ялпи иқтисодий ўсиш бўйича рақамлар ўсгани сайин оддий одамлар турмуш даражаси амалда оғирлашиб бораëтган Ўзбекистон каби давлатлардаги оддий фуқаро ëинки ҳар нарсага қизиқувчан мухбирлар эмас¸ балки Франция президенти¸ узоқ вақт мамлакат Молия вазири бўлиб ишлаган Николя Саркози ўртага қўйди.

Президент топшириғига кўра¸ бу саволга жавоб топиши лозим машҳур иқтисодчилар гуруҳи тузилди ва бу гуруҳга иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндори Жозеф Стиглиц каби жаҳонга маълум мутахассислар жалб этилди.

Жаҳон иқтисоди бўҳрон гирдобига тортила бошлаган 2008 йил бошида тузилган мазкур қўмита орадан бир йил ўтиб¸ Саркози қўйган юқоридаги ва бошқа муҳим саволларга ўз жавобини берди.

"У ëки бу мамлакатдаги ялпи ички маҳсулот даражаси мамлакатда содир бўлаëтган иқтисодий жараëнлар¸ аниқроғи ишлаб чиқариш кўрсаткичи аксидир¸ холос.Бу кўрсаткич мамлакат ва унинг аҳолиси умумий иқтисодий вазиятини белгилашда керагидан ортиқ ишлатилмоқда ва бу ўз навбатида муаммога сабаб бўлмоқда", дейилади гуруҳ хулосасида.

Бу муаммо эса¸ муаллифларга кўра¸ унинг мамлакат иқтисодининг тўлиқ манзарасини акс эттира олмаслиги¸ аниқроғи айнан иқтисоднинг соғлом эмас¸ заифлиги белгиси бўлган жиҳатларга таянишидир.

Масалан¸ қамоқхонада кўп маҳбусга эга бўлган давлатда ялпи ички маҳсулот бошқаларга нисбатан тезроқ ўсиши мумкин.

Ëки йўллардаги мунтазам тиқинлар¸ автомобиллар соатлар қимирламай туриб қолар экан¸ бензин ишлатгани боис¸ ялпи ички маҳсулот кўрсаткичининг ҳам ошишига асос бўлади.

Жан–Пол Фитус Париждаги Сиëсий ва иқтисодий тадқиқот институти профессори ва мазкур гуруҳ ҳозирлаган ҳисобот мувофиқлаштирувчиси.

- Париж йўлларидаги тиқинларнинг Франция ялпи ички маҳсулоти ҳажмини ошираëтгани бор гапми? У ëқ бу ëққа ўт тушса¸ ойликларнинг ошишичи? Маданиятсизлик ва зўравонликнинг кучайиши ҳам ялпи ички маҳсулот ошишига хизмат қиладими? Бу учала савол жавоби ҳам “ ҳа” деди жаноб Фитус.

Шу боис¸ у ëки бу давлат иқтисодига баҳо бериш учун биргина унинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмини мезон қилиб олиш ярамайди; ҳукуматлар қандай қилиб бу кўрсаткични катталаштириш ҳақда бош қотириш ўрнига асл фаровонлик кўрсаткичларига эътибор бермоқлари лозим¸ деб давом этади француз олими.

- Мен юқорида тилга олган уч жиҳат - йўллардаги тиқинлар¸ ëнғин ва зўравонлик кучайишининг одамлар турмуш даражасини яхшилашга мутлақ хизмат қилмаслигини айтиб ўтириш ортиқча. Шу боис¸ ялпи ички маҳсулот иқтисоднинг қандай ишлаëтгани¸ унинг нақадар соғломлиги ва одамлар турмуш даражасининг қай даражада эканини ўлчаши лозим¸ деган фикрдамиз¸ деди жаҳонга машҳур иқтисодчилар хулосасини жамлаган жаноб Фитус.

Бунинг учун¸ дейишмоқда ҳисобот муаллифлари¸ яхшиси алоҳида олинган мамлакатдаги бозордан ташқаридаги жараëнларга диққат билан боқиш керак.

Бу жиҳатлар ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи каби рақамларга жойланмасада¸ айнан уларга боқиб¸ мамлакатдаги турмуш даражасининг қай аҳволдалигини билиб олиш мумкин¸ деб давом этади иқтисодчилар.

Булар эса¸муаллифлар фикрича¸ аҳолига тақдим этилаëтган таълим ва тиббиëт хизматлари сифати¸ одамларнинг бўш вақтини қай тарзда ўтказиши¸ экологик вазиятнинг нақадар барқарорлиги¸ қолаверса супур-сидир¸ кир ювишу овқат пишириш каби уй юмушларининг ким томонидан қилинаëтгани каби жиҳатларни ўз ичига олиши мумкин.

У ëки бу мамлакат иқтисодига баҳо беришда ялпи ички маҳсулот кўрсаткичигагина таянмаслик лозимлигини айтар экан¸ Парижда тақдим этилган янги ҳисобот муаллифлари¸ бу кўрсаткичдан бира-тўла воз кечишни ҳам таклиф қилаëтганлари йўқ.

Бир йил аввал қўйган саволига машҳур иқтисодчилар берган бу жавоблар билан танишган Франция президенти Николя Саркози¸ халқаро ташкилотлар иқтисодга баҳо берар экан¸ гап бораëтган мамлакат аҳолисининг нақадар бахтиëрлиги ва фаровонлигига оид кўрсаткичларни ҳам ўз ўлчов мезонларига айлантириши учун курашажагини билдирди.

Аҳоли бахтиëрлиги кўрсаткичини ҳам ўлчашга оид бу каби таклифлар¸ жаҳон майдонида янгилик бўлмасада¸ уни амалда қўллашга ошиқаëтган давлатлар¸ негадир¸ деярли йўқ ҳисоби.

Зотан¸ дунëда фақат битта давлат Бутандагина ҳукумат ўз сиëсатини ишлаб чиқар экан¸ "ялпи миллий бахтиëрлик" деган омилни ҳам инобатга олади.Бу омилнинг ўзи қандай мезонларга таянади¸ буниси энди бошқа гап.
XS
SM
MD
LG