Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Тошкент ҳам жавобга ҳозир...


Россиянинг Кант ҳаво базаси ëнига Қирғизистонда яна бир база қўшмоқчи бўлаëтгани қирғиз жамоатчилигини ҳам хавотирга солмоқда.
Россиянинг Кант ҳаво базаси ëнига Қирғизистонда яна бир база қўшмоқчи бўлаëтгани қирғиз жамоатчилигини ҳам хавотирга солмоқда.

Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини очиш борасида Москва-Бишкек бир тўхтамга келиши учун ажратилган муҳлат тугамоқда. Аммо ҳозирча Тошкент норозилигини алангалатадиган бу режа тақдири ҳавода муаллақ қолаëтгтан кўринади.

Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини очиш бўйича Бишкек ва Москва ўртасидаги шартнома шу йил ноябр ойигача тузилиши керак. 30 июл куни Чўлпонота шаҳрида ўтган норасмий саммитдан сўнг Қирғизистон ва Россия президентлари имзолаган меморандумда ана шундай дейилган.

Қирғизистоннинг Ўш ёки Боткен вилоятида Россия ҳарбий базаси очилиши ҳақида эълон қилиниши биланоқ ўзбек расмийлари бунга қарши чиққан эдилар.

“Бу каби лойиҳаларнинг мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган, Ўрта Осиёнинг учта республикаси чегаралари бевосита туташган ҳудудда амалга оширилиши ҳарбийлашув ва миллатчиликка асосланган турли зиддиятларни келтириб чиқарувчи жараёнлар, шунингдек, кенг минтақадаги вазиятнинг жиддий беқарорлашувига олиб келиши мумкин бўлган радикал экстремист кучлар чиқишларининг кучайишига туртки бериши мумкин”, дейилганди ўзбек расмийларининг шу йил 3 август куни “Жаҳон” ахборот агентлиги сайтида ёйинланмиш баёнотида.

Қирғизистонда Россиянинг яна бир базасини жойлаштириш ташаббус нафақат ўзбекистонликлар, балки қирғизистонлик айрим мутахассислар назарида ҳам мақсадга мувофиқ кўрилмаяпти. Жумладан, Қирғизистоннинг собиқ Мудофаа вазири Исмаил Исақов жанубда Россия базасини жойлаштиришдан кўра, маҳаллий армия салоҳиятини кучайтириш зарурроқ эканини таъкидлайди.

- Қирғизистон энг аввало ўз аскарларини кучайтириб, уларни ҳар томонлама таъминлаб, яхши структура тузиши керак. Бироқ амалдаги раҳбарлар қирғиз аскарини хор қилароқ, халқни ўзгалар армиясини боқишга ундамоқда, дейди Исмаил Исақов.

Бошқа бир таҳлилчилар эса Қирғизистон жанубида ҳарбий база жойлаштириш лозим, деган фикрдалар. Сиёсатшунос Марат Қазақбаев Ўш ёки Боткен вилоятида Россия базасини жойлаштириш ташаббусини ёқлашини айтаркан, мамлакат жанубида яна бир база очиб ўтирмасдан, республика шимолида жойлашган Қантдаги базани жанубга кўчириб қўйиш ўринли бўларди, дея мулоҳаза билдиради:

- Менимча, ҳозиргача Қантдаги ҳарбий базадан бирор наф кўрганимиз йўқ. Шунинг учун жанубда яна бир ҳарбий база очгандан кўра Қантдаги ҳарбий база Ўш ё Боткенга кўчирилса яхши бўларди. Чунки бу ҳудудда диний, сиёсий экстремизм, халқаро террорчилик таҳдиди кучли. Шу сабабли бу ҳудудда ҳарбий база туриши шарт, дейди Марат Қазақбаев.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар Қирғизистон юқорида санаб ўтилган хатарлар важидан Ўш ёки Боткенда рус базасини жойлаштиришдан манфаатдор бўлса, Россия ҳам бу ишни амалга ошириш орқали ўзига яраша манфаат кўзламоқда, деган фикрдалар. Хусусан, сиёсатшунос Марс Сариев Москва бу ишни Тошкентни ўз таъсири доирасида сақлаб қолиш учун амалга ошираётганига шубҳа қилмайди.

- Чунки ўзингиз яхши биласиз, Ўзбекистонда нефт, газ сингари энергетик заҳиралар мўл. Сўнгги пайтларда ўзбек расмийлари АҚШ билан яқинлашиб, улар билан муносабати илиқлашиб бормоқда. Тошкентнинг Ғарбга оға бошлагани¸ албатта¸ Россияга ёқмайди. Руслар Ўзбекистоннинг қўлдан чиқариб юборишдан, аниқроқ қилиб айтганда, энергетик заҳираларни қўлдан чиқариб юборишдан хавфсирамоқдалар. Шундан келиб чиққан ҳолда, агар Москва Тошкент билан алоқаларини кўнгилдагидек қилиб олса, Қирғизистон жанубида ҳарбий база очиш масаласи тўхтаб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, дейди сиёсатшунос Марс Сариев.

Айни пайтда ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев расмий Тошкент Қирғизистон жанубида Россия базаси қурилишига ўзига хос жавоб тайёрлайди¸ деган ишончда.

- Ўзбекистонлик манбаларимизнинг айтишича, ўзбек расмийлари Андижон вилоятининг Хонободида тақрибан 4000 ҳарбий хизматчига мўлжалланган шаҳарча қуриш тараддудини кўрмоқда. Агар Москва билан Бишкек Қирғизистон жанубида ҳарбий база очиш режасини ўзгартиргудек бўлса, Тошкент ҳам ўз режасини қисман ўзгартириши мумкин, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Аснода Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини жойлаштириш бўйича шартнома ноябр ойигача тузилиши шартлиги кўрсатилгани билан ҳозирча бу борада икки давлат расмийлари қандай чора-тадбирларни амалга ошираётгани номаълумлигича қолмоқда – бу ҳақда на Бишкек ва на Москва ҳозирча бирор баёнот билан чиққани йўқ.
XS
SM
MD
LG