Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:04

ЕХҲТ журналистга озодлик сўрамоқда


Жаноб Ҳарашти¸ Дилмурод Саййид¸ айни пайтда Солижон Абдураҳмоновнинг йил охирига қадар озодликка чиқарилишига умид билдирди.
Жаноб Ҳарашти¸ Дилмурод Саййид¸ айни пайтда Солижон Абдураҳмоновнинг йил охирига қадар озодликка чиқарилишига умид билдирди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича махсус вакили ўз идораси журналист Дилмурод Саййидга қўйилган айблар бекор қилиниб, унинг озод этилишига умид қилаëтганини билдирди.

Самарқанд вилоят аппеляция судининг журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидга чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдиргани инсон ҳуқуқи ҳимоячилари билан бирга жаҳондаги йирик халқаро ташкилотларни ҳам ташвишга солди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича махсус вакили Миклош Ҳарашти Озодлик билан суҳбатда¸ ўз идораси аппеляция судидан адолатли ажрим чиқаришни кутгани ва ҳукмдан ҳафсаласи пир бўлганини айтади:

- Мен август ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Норов жанобларига мактуб йўллаб, унга Дилмурод Саййид ишини кузатаётганимизни маълум қилган эдим. Ҳозир эса биз иккинчи инстанция маҳкамаси аввалги қарорни ўзгаришсиз қолдирганидан афсусда эканлигимизни айтмоқчиман. Бироқ биз унинг озод этилишидан ҳамон умидимизни узганимиз йўқ.

Ўз мактубимда мен Дилмурод Саййиднинг у айбланаётган жиноий ишга алоқаси йўқлигини таъкидладим. Унга тайинланган 12¸5 йиллик қамоқ ҳукми жуда ҳам адолатсиз ҳукм. Узоқ йиллар давомида танқидий мақолалар ёзган ва радио эшиттиришларда чиқишлар қилган журналист¸ айни пайтда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси уйдирма айблар қурбони бўлмоқда. Бу ҳукм ўта мунозарали кўрсатмаларга асосланган бўлиб, бу кўрсатмадан гувоҳларнинг ўзлари ҳам воз кечган. Бундай ҳолат Ўзбекистон ҳукуматининг матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича олган мажбуриятларига тамоман зиддир.

Айни пайтда Солижон Абдураҳмоновнинг ишини ҳам кузатмоқдамиз. Жорий йил охиригача Дилмурод Саййиднинг ҳам, Солижон Абдураҳмоновнинг ҳам озод этилишига умид қилмоқдамиз¸ дейди Миклош Ҳарашти.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича махсус вакили айтган бу гапларни Дилмурод Саййиднинг адвокати Руҳиддин Комилов ҳам қўллаб қувватлайди:

- Дилмурод Саййиднинг 2005 йилда «Адвокат» газетасида чоп қилинган «Йўқ ҳақидаги бадиҳа»сидан сўнг у кимларнингдир томоғига тиқилиб қолган суяк бўлди. Ўшандан сўнг у таъқибларга учрай бошлади. Неча марта бу одамни хавфсизлик хизматлари чақириб¸ безовта қилишди. Албатта¸ бу жараёнда унга нисбатан ноҳақликлар содир этилди. Ва уларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида Дилмурод Саййид 12¸5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўша тиқилиб қолган суяк ё у ёққа ё бу ёққа ўтиб кетди, ишқилиб¸ дейди адвокат Руҳиддин Комилов.

Ҳуқуқшунос фикрича, барча суд мажлисларида гувоҳлар Дилмурод Саййиднинг айбсиз эканлиги ҳақида кўрсатма берган бўлсалар-да, бироқ суд унга оғир жазо тайинлади. Шунинг учун ҳам, дейди адвокат, журналистнинг қамалиши буюртма асосида бўлди:

- Агар жиноят кодексимизда бошқа мамлакатларга ўхшаб 300 йиллик ҳукм бўлганда эди, улар тап-тортмасдан шундай ҳукмни ҳам беришарди. Бундан таажжубланмаса ҳам бўлади. Журналист ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига бундай оғир жазо бериш одатий ҳолга айланиб қолди.Дилмурод Саййидга берилган бу жазо ҳеч қайси бир меъёрга сиғмайди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокат¸ тузум ва жамиятга қарши эмас, балки қонунбузарликларга қарши мақолалар ёзган ўз ҳимоясидаги журналистнинг айбсизлигига комил ишончда эканлигини айтади:

- Мен Дилмурод Саййиднинг айбсиз эканлигига 100 фоиз эмас 300 фоиз ишонаман. Буни исботлаб ҳам бераман¸ дейди адвокат Руҳиддин Комилов.

Танқидий мақолалари ортидан тўқима айблар билан қамалиб чиққан ўзбекистонлик журналист Шоди Мардиевнинг айтишича, бугун Дилмурод Саййидга ўхшаб, ҳукумат ёки маҳаллий ҳокимиятларни танқид қилишга журъат қиладиган журналист Ўзбекистонда қолмади, ҳисоб. Холис танқид қилувчилар Ўзбекистонда кўпдан ана шундай таъқиб ва тазйиқ қурбони бўлиб келмоқда¸ деб давом этади кекса журналист:

- Дилмурод Саййид қалби пок, қалами ўткир журналист, ҳақиқатгўй инсон. Бор гапни ёзади, йўқ гапдан четда юради. Унинг қамалишини ташкил қилишди, беҳудага қамалиб кетди, айби йўқ у одамни. Ўзбекистон тузумида танқид қилган кишини секин-секин гумдон қилишади. Шунинг учун ҳеч ким танқид ёзмайди. Мен ҳам танқид ёзиб қамалиб чиқдим. Президент ҳар гапида "танқидий нарсалар ёзинглар" деб айтадию, лекин амалда эса ҳамма танқиддан қўрқади. Сўз эркинлиги йўқ, Ўзбекистонда, дейди Шоди Мардиев.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар хусусидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”си эълон қилинганидан сўнг, ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди ҳукмига кўра товламачиликда айбланиб, 12 йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 11 сентябрда бўлиб ўтган Самарқанд вилоят аппеляция суди эса бу ҳукмни ўз кучида қолдирди.
XS
SM
MD
LG