Линклар

Масжидга элтувчи йўл


Прагадаги "турк масжиди" саҳнини тўлдириб иштаҳа билан емак танаввул қилаëтган 90 кишининг 75 дан ортиғи ўзбек эди.

Прагадаги "турк масжиди" саҳнини тўлдириб иштаҳа билан емак танаввул қилаëтган 90 кишининг 75 дан ортиғи ўзбек эди.

Ўзбекистонда бир кун келиб демократик жамият қарор топишига умид қилаëтганлар¸ "Бугун демократик мамлакатларда миллионлаб ўзбек муҳожиратда юрибди. Шулар бир кун ватанга қайтиб¸ демократик қадриятларни ўзбек жамиятига олиб киради"¸ дея ўзларини юпатишмоқда. Бундай некбинликда жон борми?

Шанба куни Прагада қуëш чарақлаб турди.

Бу ғанимат неъматдан насибамни олай деб, кун бўйи боғда ғимир-ғимир қилдим.

Кечга яқин¸ ифторга даъват этилганим масжид томон йўлга чиқдим.

Прага метросининг сариқ йўналишида поездга ўтирдим.

Поезд ичида чехлардан кўра ўзбеклар кўплигини кўриб ҳайрон ҳам бўлмадим¸аммо улар бугун одатдагидан кўпроқ туюлди менга.
Бир вагонда 14 нафар ўзбек санадим. Одоб юзасидан салом бердим.

“Ваалайкум ассалом” дейишди.

Наманганни косонсойиданман, деди ëнимга ўтирган спорт кийимли қорача йигит.

- Ўзи асли тожикман, аммо паспортимга ўзбек ëздирганман. Биласизми, Косонсойда аксарият тожиклар яшайди. Олдин совет даврида Косонсойда битта ўзбек¸ битта рус мактаби бор эди¸ xолос¸ қолгани тожик мактаблари эди. Мустақилликдан кейин тожик мактабларини ëпиб қўйишди. Кейин тожик ўқитувчилар дод –вой кўтаришганидан кейин¸ иримига битта тожик мактаби қолдиришди¸ дея мен билан гурунг бошлади тожик ҳамсоям.

Суҳбатимизга Бухоронинг Қоракўлидан келган озғин¸ кўримсиз амаки қўшилди.

- Прагага келганимга бир йил бўлди. Карлови Варида уйларни ремонт қиладиган ширкатда ишлаб бирим –икки бўлмади¸ дея одатий шикоятдан оғиз очди қоракўллик амаки.

-Худога шукур қилиш керак¸ деб ўқрайди орқа ўриндиқдаги бошига оқ дўппи кийган қошлари ўсиб кетган бошқа бир йигит.

“Худога шукур”¸ деди дарров қоракўллик амаки руҳига сингиб кетган автоматик xоксорлик билан.

Поезд “Палмовка” деб аталган бекатга келганида, вагондаги ўзбекларнинг ярми ўрнидан қўзғалди.

“Палмовка”дан масжидга бир бекат трамвайда юрилади. Трамвай бекатида биздан бошқа 20-30 атрофида ўзбек турарди. Биз ҳам уларга қўшилдик.

Сочини калта қилиб олдирган ¸қисқа соқол қўйган тилла тишли андижонлик йигит олдимизга келиб¸ “Масжидга шу тарафдан бориладими?” деб сўради.

Xаëлимга Тенгиз Абуладзе суратга олган “Тазарру” филми келди. Филм қаҳрамони “Бу йўл ибодатхонага элтадими?” деб сўрарди филм муқаддимасида...

Пешанасига 10 деб ëзилган трамвай келиши билан¸ ўзбекчасига гув этиб вагонга чиқдик.

Трамвай ичидаям ўзбеклар бор экан. Прага ахлатхонасида трактор ҳайдайдиган бир эски танишим мени ëнидаги ўриндиққа қўли билан таклиф қилди.

- Ака¸ шу ўзбекларни кўпайтириб юбордингизда бу ерда¸ деб гап бошлади наманганлик бу амаки.

- Нима қипти¸ ризқ-насибасини териб юрибди¸ шунча украин¸молдован румин сиққан Прагада ўзбеклар учун ҳам жой бордир¸ дедим унга.

- Ҳа энди мани ўзим чехга ўхшайман (танишимнинг ўзи сариқ¸ кўзи кўк). Ман бундан 5 йил олдин келганимда бу ерда битта ўзбек ҳам йўқ эди. Ҳозир гала- гала бўлиб юришибди. Анави куни катта кўчада ким ўзарга сийишяпти¸ уялиб кетдим¸ дея ëзғира кетди Прагада ҳар қадамда учрайдиган юртдошларини наманганлик суҳбатдошим.

- Ҳа энди чехлар ҳам кези келса йўлга чоптиради¸ айбга буюрманг¸ деган гапларни айтарканман трамвай ҳам манзилга етди.

Трамвайдан тушиб бир гала бўлиб масжид тарафга қараб кетдик.

Ўзи Чехияда расман масжид йўқ¸ “Турк маданий маркази” ичида номозхона бор. Биз ўз орамизда ўша жойни “турк масжид” деб атаймиз.

Олдин карате зали бўлган каттагина бино эшигига “Жомеъ” деган калима бир варақ қоғозга ëзиб қўйилган.

Ичкарига кираверишга қирғизлар ширдақ деб айтадиган гулдор намат тўшалган. Номозхонада эса Туркиядан келтирилган саждабоп гиламлар солиғлик.

Масжид имоми ўзбекларга илтифоти билан донг чиқарган туркиялик мулла. У бундан буëн масжиднинг асосий қавмига айланган ўзбекларга қулай бўлсин дея амри –маъруфнинг ҳам ўзбекча бўлишини билдирди.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаëн” романи қаҳрамони Анварга менгзайдиган ўзбек мулла йигит ëқимли овоз билан насиҳатни бошлади.

Ифтор вақти бўлгач¸ кимдир хурмо¸ кимдир сут билан оғзини очди.

Масжид саҳнини тўлдириб иштаҳа билан емак танаввул қилаëтган 90 кишининг 75 дан ортиғи ўзбек эди.

Бу ўзбекларнинг 6000 километр йўл босиб етган манзили шу эди...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG