Линклар

Афғонистон:сайлов якуний натижаси кутилмоқда


Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси куннинг иккинчи ярмида 20 август куни ўтказилган президент сайловининг якуний натижаларини эълон қилишини билдирди.

Шу кунгача саналган овоз натижаларига кўра, амалдаги президент Ҳамид Карзай сайловчиларнинг қарийб 54 фоиз овозини қўлга киритган, унинг асосий рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса 28 фоиз овоз тўплаган. Бироқ сайлов давомида кўпгина участкаларда жиддий қонунбузарчиликка йўл қўйилгани борасидаги хавотирлар тобора авж олмоқда.

Айни пайтда Европа иттифоқи кузатувчилар миссияси вакили Дмитра Иоанна 20 август куни берилган овозлардан 1.5 миллионга яқини сохта бўлиши мумкинлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, сохта овозлардан 1.1 миллиони Ҳамид Карзайга ва 300 минги Абдуллоҳ Абдуллоҳга берилган. 20 август кунги сайловда жами 5.5 миллион овоз берилган.

БМТ ҳомийлигида тузилган шикоятларни ўрганувчи махсус қўмита эса ўтган ҳафта 10 фоиз сайлов участкалирида берилган овозларни қайта санаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган эди.

Айни пайтда ЕИ кузатувчилари миссияси раҳбари Филип Морриллон афғон расмийларини айтилаётган қонунбузарчиликлар аниқланмагунча сайлов натижаларини ошкор қилмасликка чақирди:

-Оммавий қонунбузарликларнинг олдини олишга уриндик. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадик. Оммавий қонунбузарчиликлар рўй берганини тасдиқлаймиз ва афғон расмийларини текширув ўтказишга чақирамиз,-деди ЕИ миссияси раҳбари.
XS
SM
MD
LG