Линклар

logo-print

Чемпионнинг юлдузсиз кунлари...


Чагаевнинг Ўзбекистондаги юлдузли онлари тугаши ортидан унинг профессионал ҳаëтига ҳам мағлубият кириб келди.

Чагаевнинг Ўзбекистондаги юлдузли онлари тугаши ортидан унинг профессионал ҳаëтига ҳам мағлубият кириб келди.

Кечагина Тошкент аэропортида миллат қаҳрамони ўлароқ тантана билан қарши олиниб¸ президент томонидан сийланган боксчи чемпионимиз Руслан Чагаев номи нега бугун Ўзбекистонда яна бир табуга айланди?

Бугунги мушоҳодамнинг асосий қаҳрамони профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича бугунга келиб собиқ жаҳон чемпионига айланган Руслан Чагаевдир.

Шу кунларда аксар ўзбекистонлик бокс ишқибозлари сўнгги пайтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг Руслан ҳақда гапирмай қолганидан шикоят қилишади.

Ўзбекистонга қўнғироқ қилиб¸ танишларимдан Чагаевнинг жорий йилнинг 20 июн куни Владимир Кличкога қарши тушган сўнгги жанги ҳақида сўраганимда, уларнинг бари бу ўйиндан бехабарликлари, на телевидение, на радио, ҳаттоки деярли ҳеч ким ўқимайдиган маҳаллий газеталарда ҳам сўнгги пайтда “Оқ Тайсон” ҳақида гапирилмай қўйилганидан арз қила кетишди.

Бундан ҳайратга тушган камина ичимда ëзсам қоғоз юзини ҳам қизартирадиган бир нарсалар деб сўкиниб юбордим....

Ахир Русланнинг ўзбек боксига қўшган ҳиссаси, унинг келтирган ғалабалари, Ўзбекистон байроғини кўтариб чиққани, миллионлаб ўзбекларни гердайиб юришига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг унга бўлган муносабати шуми?

Русланнинг оламшумул ғалабалари ҳақида жар солиб, самоларга кўтарган ўзбек телевидениеси ва матбуотида бугунга келиб собиқ чемпионга жой топилмаётганининг сабаби нима?

"2007 йил 14 апрел куни ўта оғир вазнли боксчимиз Руслан Чагаев профессионал бокснинг энг нуфузли ташкилоти - Жаҳон Бокс уюшмаси (WBA) йўналиши бўйича жаҳон чемпиони камарини қўлга киритиб, мустақил Ўзбекистонимизнинг номини яна бир карра дунёга машҳур қилди. Бу буюк ғалабани бутун Ўзбекистон халқи кенг нишонламоқда", дея кечагина ўзбек матбуоти дўпписини осмонга отаëтган эдику!

Ўшанда Чагаев кимни денг, ўзига иккита келадиган "рус деви" Николай Валуевни мағлуб қилган эди. Эслайсизми¸ Русланни Тошкентда қандай кутиб олишганини? Адашмасам¸ Чагаев Тошкентга ярим тунда ёки эрта тонгдами етиб борган¸ бемаҳал бўлишига қарамай аэропортга тўпланганлару, чемпионни қарши олиш учун чиққан одамлар кўчаларга сиғмай кетган эди! Бирор сиëсатчи¸ хусусан юртбоши деб сийланадиган Ислом Каримовни шунча халқнинг бирор марта шу каби самимий кутиб олганини кўрганмисиз? (Кўрмасангиз ҳам керак... )

Руслан ўз ғалабасини барча ўзбек спортчилари каби ўз халқи, юрти қолаверса¸ президенти - юртбошига бағишлади. "Юрт отаси" ҳам юлдузи чарақлаб турган чемпион илтифотига илтифот билан жавоб қайтарди:

"Қадрли Руслан ўғлим! ...Сенинг ҳалол ва муросасиз курашлар остида ўтган ғоят кескин беллашувда сайёрамизнинг энг кучли боксчиси деган номга сазовор бўлиб, юксак маҳорат, мустаҳкам ирода ва азму шижоатингни яна бир бор намоён этганинг ва шу тариқа ўзбек спорти ва жаҳон бокси солномасига янги, зарҳал саҳифа очишга эришганинг барчамизни қувонтиради. Мана шундай мард ва баҳодир йигитни - Ўзбекистоннинг ҳақиқий ифтихорини вояга етказган оила аъзоларинг ва яқинларингга, устоз ва мураббийларингга самимий миннатдорчилик билдирамиз".

Ўшанда ўғил деб тан олинган Русланнинг эндиликда "ота"та уйига сиғмай қолганининг сабаби нима экан?

Русланнинг ота уйидаги иссиқ кўрпасини ташлаб¸ совуқ Гирмон деган юртларга кетиб қолишига сабаб нима экан?

Руслан ҳақда оғзига толқон солган ўзбек матбуотидан бу савол жавобига ишоратни ҳам топиб бўлмаслиги аниқ.

Тошкентдаги билағон танишларимга кўра¸ Русланнинг Ўзбекистонда табуга айлангани¸ гўëки унинг президент тўнғичи Гулнора Каримова билан ўзаро келишмовчиликларига бориб тақалармиш. Президент оиласи¸ Гулнора Каримова дейилдими¸ буëғи энди¸ ўрислар айтмоқчи¸ қоронғу ўрмон....(темный лес)

Бу саволга жавоб излаб¸ интернет аталмиш ўрмонни кеза бошладим. Google қидирув тизимига "Руслан Чагаев нега Ўзбекистонни тарк этди?" деган саволни ўрисча ëзган эдим¸ лоп этиб¸ машҳур Усмон Ҳакназаровнинг “Ўзбек олтини тақдири, диктатор қизларининг қилмишлари ва уларнинг мафия билан бирлашиши ҳақида”, деган мақоласи чиқиб келди.

Бу мақолада Русланнинг Ўзбекистондан кетиши¸ қочишга тенглаштирилган бу "қочиш"га Гулнора Каримованинг инжиқликлари сабаб қилиб келтирилган. Ўзбекистон махфий хизматларига алоқадор деб кўриладиган бу муаллиф даъвосича¸ Руслан номининг Ўзбекистонда тилга олинмаслиги ҳақда Каримова хоним буйруқ берган ва отаси ҳам бу инжиқликка кўп ҳам қаршилик кўрсатмаган.

Ҳозирча Русланнинг ўзи бу каби гумонларни тасдиқламади ҳам инкор ҳам қилмади. Унинг синглиси Луиза яқинда Украинадаги интернет-нашрлардан бирига берган интервюсида¸ бу гапларни миш-миш деб атаб¸ уларга кўп ҳам тўхталишни лозим топмади.

Аммо гап¸ "Руслан ва Гулнора" достонию¸ унинг тафсилотларида эмас.

Гап¸ миллионлаб ўзбекларнинг кечагина миллат учун фахр ва ғурур манбаи бўлган ўз чемпионини "унут " дейилса¸ унута олиш қобилиятида.

Дарвоқе¸ ўзбек халқи Русланни унутди¸ дея оламизми? Буни вақт кўрсатар.

Аммо бир нарса аниқ - Русланга ўхшаган чемпионлар Ўзбекистонда ҳали кўп чиқади. Мана куни кеча, яъни 12 сентябр куни Италиянинг Милан шаҳрида хавоскор боксчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик боксчи Аббос Атоев 75 киллограммгача бўлган вазнда жаҳон чемпиони бўлди.

Яна уч ўзбек ўғлони Элшод Расулов Жаҳон чемпионатининг кумуш медали ҳамда Баҳодиржон Султонов ва Ботиржон Маҳмудовлар эса бронза медалини қўлга киритдилар.

Бу юлдузи порлаб бораëтган чемпионларга қараб одамни бир савол қийнайди - чемпион ўғиллар туғишни дўндирган халқ¸ бир кун келиб уларни эъзоз қилишни дўндиришни ҳам ўрганармикин???

Шоирлари орзу қилган халққа айланармикан?


(Халқ у ким, ўзининг пешонасида
Юлдузлар борини сезса, қувонса,
Халқ у ким, ғурури бўлса ўзида
Аслига ишонса, сохтадан тонса... Омон Матжон)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG