Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:36

"Ҳамма муаммо юқорида"


Анжуманда қатнашган Ўзбекистон божхоначилари вакиллари минтақадаги муаммолар кўламини камайтиришга уриндилар.
Анжуманда қатнашган Ўзбекистон божхоначилари вакиллари минтақадаги муаммолар кўламини камайтиришга уриндилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чигал иқтисодий муносабатлар халқаро ташкилотларни ҳам ташвишга солмоқда. Бу гал бу каби хавотир Осиё тараққиёт банки вакиллари томонидан билдирилди.

15-16 сентябр кунлари Душанбеда Марказий Осиё божхона қўмиталарининг 8- йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда минтақанинг беш давлати қаторида Афғонистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Хитой божхонаси расмийлари ҳам қатнашди.

Тадбирда асосий эътибор Марказий Осиё божхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро бож тартибини соддалаштиришга қаратилди.

Тадбирда иштирок этган Осиё тараққиёт банки вакиллари Ўзбекистон ва Тожикистонни чегараларда мавжуд божхона муаммоларини тезроқ ҳал қилишга чақирди.

Марказий Осиё божхоначиларининг 8-йиғилишида сўз олган Осиё тараққиёт банкининг Тожикистондаги ваколатхонаси раиси Макото Ожиро юк вагонлари Ўзбекистон ва Тожикистон божхоналарида соатлаб қолиб кетаётганидан ташвиш билдирар экан, бу ва бошқа шу каби муаммолар ечимига икки қўшни давлат жиддийроқ ёндошиши лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов бу масаланинг ижобий ҳал этилиши минтақа савдогарлари мушкулини осон қилибгина қолмай, божхона ходимларининг ҳам ишини енгиллатади, деган ишончда.

- Бу ташқи иқтисодий савдо фаолиятига қулайлик яратиш, битта давлатдаги ҳужжатни иккинчи давлатда электрон тизим орқали қабул қилиш дегани. Ҳужжатни кўтариб юрмасдан, бир-бирининг маълумотига ҳуқуқий имкон бериш. Бу¸ албатта ¸ҳал қилса бўладиган масала, деди Ўзбекистон Божхона қўмитаси масъули.

Айни пайтда Бахтиёр Раҳимов Осиё тараққиёт банки расмийсининг Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларида божхона муаммоларининг мавжудлигига оид айтганларига тўхталар экан, бу муаммолар унақа катта муаммо эмаслиги, вақти келганда улар ечилажагини қайд этди.

Бундан бир ҳафта аввал тожикистонлик ва Душанбе шаҳар бозорларида савдо қилиб турган афғонистонлик савдогарлар Эрондан олиб келинаётган 200 вагон юк Ўзбекистоннинг Бухоро ва Қарши станцияларида бир ойдан буён ҳеч бир асоссиз ушланиб турганидан бонг уришган эди.

Бироқ Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси масъули бу иддаоларни рад этди.

Тожикистон Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Неъмат Раҳматов ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбининг айтганларини қувватлар экан, Ўзбекистон ва Тожикистон божхоначилари давлатлараро ҳамкорлик шартномалари асосида самарали иш олиб бораётганларини таъкидлаб ўтди.

- Савдогарларнинг юклари у томонда қолиб кетаётганига оид шикоятлар оғзаки даъволардир. Аммо шу кунгача бизга ёзма тартибда бирорта шикоят тушгани йўқ. Агар ҳақиқатдан шундай муаммолар бўлса, улар ёзма тарзда бизга мурожаат қилишсин, бу масала албатта ўша имзоланган битимларимиз доирасида кўриб чиқилади ва ҳал этилади, деди Тожикистон Божхона қўмитаси масъули.

Кўп масалаларда ўзаро ҳамкорлиги оқсаётган икки қўшни мамлакат расмийлари Осиё тараққиёт банки масъулларининг иддаоларини бир овоздан рад этиб турган паллада Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари божхоначилари Ўзбекистон билан Тожикистон чегараларида божхона муаммолари мавжудлигини ва буни ҳамма билишини айтадилар.

Хусусан, Қирғизистон Божхона қўмитаси раис ўринбосари Қубаничбек Қулматов Озодлик билан ўзаро суҳбатда бу муаммолар ечими божхоначилар ёки чегарачиларга боғлиқ эмаслигини айтаркан, кўрсаткич бармоғи билан юқорига ишора қилганча: “Ҳамма муаммо юқорида, икки давлат раҳбарининг муносабатларида”, дейди маънодор жилмайиб.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банкининг Тожикистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳам минтақа мамлакатлари ўртасидаги божхона ҳамкорлиги чинакамига самарали бўлишига умид қилмоқдалар.

Ташкилот расмийси Янг Кюаннинг айтишича, Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё давлатлари чегараларидаги божхона муаммоларининг тезроқ ва ижобий ҳал этилишига таъсир ўтказиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўради.

- Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Қирғизистоннинг божхона қўмиталари ҳамкорликлари бизни қувонтиради. Менимча, бу ҳамкорлик минтақа бошқа давлатлари учун ўрнак бўлиши лозим, дейди Осиё тараққиёт банки масъули Янг Кюан.
XS
SM
MD
LG