Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

Эски ва янги шиор: "Ҳамма пахтага!"


Мамлакатда юз минглаб одам ишсиз юрган бир кезда¸ ҳукумат пахта теримига яна ҳуқуқсиз болаларни жалб этмоқда.
Мамлакатда юз минглаб одам ишсиз юрган бир кезда¸ ҳукумат пахта теримига яна ҳуқуқсиз болаларни жалб этмоқда.

Расмий манбадан олинган хабарга кўра¸ 17 сентябрдан бошлаб Андижондаги барча мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб қилинади. Вилоятдаги коллеж талабалари эса икки кундан буён пахта даласида "жавлон уришмоқда".

Бу хабарга қараганда¸ Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланмаслик борасида қабул қилган қатор қарорларию, ҳалқаро майдонда болалар эксплутацияси эвазига етиштирилаётган ўзбек пахтасини бойкот қилиш ҳаракатлари бу йил ҳам эътиборга олинмайдиган кўринади.

"Пахта-2009" мавсуми ҳам болаларсиз амалга ошмайдиган кўринади. Бу йил ҳам болалар мактаб ўрнига далага ҳайдалмоқда.

Андижонлик маҳаллий кузатувчи Шукур Файзнинг Озодликка маълум қилишича, икки кундирки вилоят коллежларининг талабалари кўрпа-ёстиғини кўтариб далага йўл олишди.

- Кечадан бошлаб барча туманлардаги коллеж талабалари пахта теримига жалб қилинган. Кеча ҳаммалари қишлоқларга бориб, ўзларига ажратилган жойларда доимий яшаш учун жойлашишган. Масалан, Марҳамат туманида Қурилиш коллежи талабалари Истиқлол массивига бориб собиқ Истиқлол ширкати идораси биносига жойлашди. Улар кеча бориб жойлашиб, бугундан пахта теримига тушишди, дейди Шукур Файз.

Андижонда коллеж талабалари орқасидан мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинади. Айни маълумотни Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимлари ҳам тасдиқлашди.

Мазкур ташкилот маълумотига кўра, 17 сентябрдан бошлаб мактабларда дарс ўрнига юқори синф ўқувчилари ёппасига пахтага чиқарилади.

Озодлик: Бу Андижон вилоят Халқ таълими бошқармасими?

Бошқарма ходими: Ҳа, худди шундай.

Озодлик: Мен журналист Меҳрибонман. Радиодан қўнғироқ қилаётгандим. Пахта масаласини ўрганаяпман. Бу йил Андижонда мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқариладими?

Бошқарма ходими: Олиб чиқилаяпти...

Озодлик: Қачондан бошланди?

Бошқарма ходими:
Эртадан бошланади.

Озодлик: Вилоятдаги барча мактабларми?

Бошқарма ходими: Ҳа.

Озодлик:
Нечанчи синф ўқувчилари чиқарилаяпти?

Бошқарма ходими:
8 дан 11 синфгача.

Озодлик: Пастки синф ўқувчиларичи?

Бошқарма ходими:
Йўқ¸ улар чиқарилмайди.

Озодлик:
Терим дарсдан кейинми ёки дарс ўрнигами?

Бошқарма ходими: Фақат пахта!

Бу йил Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида пахта кеч пишиб етилаётгани боис, ҳали кўп вилоятларда пахта терими бошланмаган.

Қашқадарёдан олинган маълумотга кўра, вилоятда пахта терими бошланган, бироқ мактаб ўқувчилари пахта далаларида кўринмайди, терим бошланиши билан ўқувчилар ўрнига ҳарбий аскарлар теримга жалб қилинди.

Айни ҳолат бу йил Қашқадарёда болалар пахта теришга мажбурланмайди шекилли, деган умидни уйғотади.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовга кўра, мамлакатда болалар меҳнатисиз ҳам пахтани териб олиш имконлари бору, лекин ҳукумат айнан болалар кучидан фойдаланишни афзал билади.

- Икки - уч кунлар бўлиб қолди. Қарши шаҳридаги сержантлар мактаби курсантларини пахта йиғим-теримига олиб кетишди. Балки ҳукумат шундай бир йўл билан мактаб ўқувчиларини пахтага олиб чиқмасликни режалаштираётгандир. Лекин мен болаларни 100 фоиз пахтага олиб чиқмайди¸ деган тушунчадан узоқман. Сабаби ҳалқаро ташкилотлар бойкот қилгани билан бу режимни унча –бунча нарса орқали қайириб олиш ниҳоятда қийин. Ҳукумат назарида гўёки пахтани болаларсиз териб олиш мумкин эмас. Бундай фикр тўғри эмас. Сабаби мана мардикор бозорида қанча одам. Аёллар ҳам, эркаклар ҳам тиқилиб кетган. Мисол учун¸ маҳаллаларда қанчадан қанча бекорчи одамлар бор. Ўшаларга эълон бериб, автобус ташкил қилиб пахтага олиб кетса бўлади. Йўқ, шу болаларни мажбур олиб бориши керак. Бу ҳукуматни иши. Фермерни иши эмас, дейди Нодир Аҳатов.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов фикрича эса, Ўзбекистонда ҳали болаларсиз пахтани териб олиш имкони мавжуд эмас.

- Болалар кучисиз териб олиш жуда қийин, мушкул ишда. Сабаби 90-йилларнинг бошида техника бизда яхши эди. Пахта машина¸ деган бор эди. Масалан, 1991 йили, мустақиллик олган йилимиз ҳеч кимни пахтага чиқармадик. Лекин кейин техникавий тараққиёт тўхтаб қолди. Машинада териш йўқ. Пахта териш қўлга қараган иш. Пахта элимизнинг нони, дастурхони. Шу ғоядан келиб чиқиб қўл билан теришга мажбурмиз. Бир вақтлар¸ Худо хоҳласа¸ машинада ҳам терармиз. Ҳозир бошқа ҳеч иложи йўқ. Болалар меҳнати бўлса ҳам фойдаланишга мажбурмиз. Энди даврлар келар¸ Худо хоҳласа. Космосга учаяпмиз. Ўзбекистоннинг илми, фани, техникавий салоҳияти ҳеч мамлакатдан кам эмас. Худо хоҳласа¸ келажакда бўлар, машина билан ҳам терармиз, дейди Қубай Ортиқов.

Жиззахлик фермер Маъмиржон Азимов эса фермерларга шароит яратилса, улар болалар кучисиз ҳам пахтани йиғиштириб олишлари мумкинлигини айтади.

- Қанча кўп фермерларга эркинлик берилса, фермер ўз ҳисобидаги пулни ўзи бошқарса¸ фермерлар болаларсиз ҳам пахтани териб олиши мумкин. Мисол келтирай, қанчадан қанча одамлар Қозоғистонга бориб пахта тераяпти. Боиси пахтага тўланадиган нарх Ўзбекистонга нисбатан Қозоғистонда қимматроқ. Ўзбекистондаги фермерларга эркинлик бериладиган бўлса, улар аҳолини ўзи жалб қилиб пахтани териб олади. Фермер имконига қараб терим пулини кўтарса¸ аҳолининг ўзи келаверади, ўзи териб беради пахтани. Ўзбекистонда қанчадан қанча ишсизлар юрибди. Улар жон дейди бир икки сўм ишлаб олишга. Бу пайтда ўқувчиларга ҳожат ҳам қолмайди, дейди жиззахлик фермер.

Таҳлилчиларга кўра, агар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказилмас экан, пахта монополиясидан воз кечилмас экан, ўзбек болалари пахта қуллари бўлиб қолаверади.

2008 йили Тошкент ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқловчи қарорлар қабул қилган эди.

Ўтган йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Шунингдек, 2008 йилда Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

Аммо амалда барибир болаларнинг пахта теришга мажбур қилингани кузатилди.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари университети ҳисоботида қайд этилишича, 2007 ва 2008 йиллари Ўзбекистонда ҳатто 7 ёшли болалар ҳам пахта теримига жалб қилинган.

Кейинги икки йилда “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” “Target”, “Gap” каби жаҳондаги қудратли компаниялар болалар меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасини бойкот қилдилар.

Жорий йилнинг 10 сентябр куни АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам ўзбек пахтасини мажбурий болалар меҳнати эвазига тайёрланаётган маҳсулотлар рўйхатига қўшди.
XS
SM
MD
LG