Линклар

Афғонистонда сиёсий бўҳрон кучаймоқда


ЕИ кузатувчилар миссияси бошлиғининг ўринбосари Димитра Лоанноунинг билдиришича, 20 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида баъзи сайлов участкаларида овозлар оммавий равишда қалбакилаштирилганига оид маълумотлар бор.

ЕИ кузатувчилар миссияси бошлиғининг ўринбосари Димитра Лоанноунинг билдиришича, 20 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида баъзи сайлов участкаларида овозлар оммавий равишда қалбакилаштирилганига оид маълумотлар бор.

Афғонистонда сайловдан кейин вужудга келган бўҳрон янги босқичга ўтди. 16 сентябр куни мамлакат сайлов комиссияси ўтган ойда ўтказилган сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, ғалаба иқтидордаги президент Ҳамид Карзайга берилаётгани сайловдан кейин мамлакат сиёсий майдонида вужудга келган вазиятни янада таранглаштирди.

Мустақил сайлов комиссияси 20 августда афғонистонлик сайловчиларнинг 54,6 фоизи президент Карзайга овоз берганини айтмоқда. Бу эса унинг сайловнинг биринчи босқичидаёқ қайта сайланиши учун етарли бўлади.

Карзайнинг асосий рақиби собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ 28 фоиз овоз тўплай олгани айтилмоқда.

Сайлов комиссия вакили Довуд Нажафий Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сайловда 39 фоиздан сал камроқ ёки 5,9 миллион сайловчи қатнашганини маълум қилди.

Бу натижалар бошқа бир идора, сайловга оид шикоятлар бўйича комиссия тасдиқламагунига қадар ҳақиқий ҳисобланмайди. Бу комиссия эса 10 фоиз сайлов участкаларидаги овозлар қайтадан саналиши лозимлигини айтмоқда.

Бундан ташқари, Карзай маъмуриятининг баъзи мулозимларига кўра, охир-оқибат Карзай ғолиб деб эълон қилинса, у Ғарб ҳукуматлари томонидан ишлаб чиқилган ҳукуматдаги ўринларни тақсимлаш шартларига амал қилиши лозим бўлади.

Чоршанба куни Европа Иттифоқи кузатувчилари миссияси берилган овозларнинг қарийб бир ярим миллионга яқини “шубҳа туғдираётган”ини баён қилди. Бунда шубҳали овозларнинг бир миллиондан ортиғи Карзайга тегишли бўлиб, 300 минги Абдуллоҳга тааллуқли экани айтилмоқда.

Миссия бошлиғининг ўринбосари Димитра Лоанноу Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида баъзи сайлов участкаларида овозлар оммавий равишда қалбакилаштирилганига оид маълумотлар борлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи кузатувчилар миссиясининг етакчиси Филиппе Мориллон Озодлик радиоси билан суҳбатда Афғонистон расмийларини бу маълумотларни текширишга чақирди.

- Биз оммавий қалбакилаштирувларнинг олдини олишга ҳаракат қилдик. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадик. Энди оммавий қалбакилаштирувлар рўй берганини тасдиқлашдан бошқа иложимиз йўқ ва Афғонистон расмийларини якуний натижалар эълон қилинишидан аввал бу борада тергов ўтказишга чақирамиз, деди Европа Иттифоқи вакили.

Карзайнинг сайлов штаби вакиллари бу баёнотни “нохолис, масъулиятсиз ва Афғонистон Конституциясига зид” дея атаб, уни рад этди.

Афғонистон Ахборот ва маданият вазири Карим Хуррам Озодлик радиоси билан суҳбатда бу айбловларга янада кескинроқ баҳо берди.

У Ғарб давлатларини вазиятга таъсир этиб, Карзайга ҳокимиятни тақсимлаш шартларини қабул қилиш борасида босим ўтказишга уринаётганликда айблади.

- Бу босимдан мақсад ўзи мустақил ҳаракат қила олмайдиган кучсиз ва тобеъ ҳукуматни яратишдир, деди афғон расмийси.

Хуррамнинг таъкидлашича, бу режалар анча аввал мақсад қилинган.

Бунга мисол ўлароқ, Хуррам президент Карзайнинг май ойида Қўшма Штатларга қилган сафари чоғида ҳукуматга муқобил бўлган “ижрочи кенгашни тузиш ҳақидаги муҳокамалар бўлиб ўтганди”, дея таъкидлади.

Хуррам Ғарб давлатларининг Афғонистон ички ишларига аралашишга ҳаракат қилаётгани янгилик эмаслиги, лекин расмий Кобул бу ҳаракатларга қаршилик қилишда давом этишини қўшимча қилди.

- Аралашув ҳаракатлари ва босим ҳар доим бўлган. Бу бугун пайдо бўлган вазият эмас. Босим сайловлардан анча аввал ўтказила бошлади ва сайлов пайтида ҳам, сайловдан кейин ҳам босим ўтказиш ҳаракатлари давом этмоқда, деди Хуррам.

Афғон расмийсининг бундай кескин баёнотлари Карзай ҳукуматининг аскилғарб руҳидаги баёнотларининг навбатдагиси бўлди.

Бу айбловларга ғарб давлатлари ҳозирча муносабат билдирганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG