Линклар

logo-print

Камол Айний: "Каримовдан жавоб кутамиз"

  • Гулнора Равшан

Садриддин Айнийнинг Регистон майдонига туташ уй-музейи.

Садриддин Айнийнинг Регистон майдонига туташ уй-музейи.

Тожик совет адабиёти асосчиси Садриддин Айнийнинг қизи Лутфия Айний Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат ёзиб, отасининг Самарқанддаги уй-музейи бузилаётганидан ташвиш билдирди.

Санъатшунос Лутфия Айний отаси 1923 йилда сотиб олган Самарқанддаги уй нафақат музей, балки бир-бирига биродар ўзбек ва тожик халқлари адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган ижод маскани экани, бундай тарихий аҳамиятга эга меъморчилик обидалари Марказий Осиёда бармоқ билан санарли эканини таъкидлаган.

Самарқандда яшовчи Лутфия Айний билан телефон орқали боғланиш уринишларимиз натижасиз қолган эса-да¸ Садриддин Айнийнинг Душанбеда истиқомат қилувчи бошқа фарзанди - Камол Айний билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

- Ўзбеклар ва тожикларнинг Марказий Осиёдаги ягона қўшма маданият маркази саналмиш Айний уй-музейининг бузиб ташланишига доир қарор бизни чуқур қайғуга солди. Аммо мен бунга ҳеч ишонгим келмайди. Чунки бундан бир неча йил аввал Тошкентда Амир Темир кунлари нишонланаётганида бунга президентимиз Имомали Раҳмонни ҳам таклиф қилган эди.

Ўша тадбирга президентимиз мени ҳам бирга олиб борди. Тадбирнинг эртаси куни Самарқандда Улуғбек мадрасасида шу сана билан боғлиқ катта тантана бўлиб ўтди. Тадбир сўнгида Ислом Каримов мени бағрига босди ва “Қандай муаммо бор?” деб сўради.

Мен Садриддин Айнийнинг уйи таъмирталаб бўлиб қолганини айтдим. Каримов ўша лаҳза Самарқанд шаҳар ҳокимини чақириб, бинони умумий таъмирдан чиқариш борасида қатъий топшириқ берди. Сўнгра: “Бундан буён шу уй-музей билан боғлиқ қандай муаммо бўлса, мен билан боғланинг”, деди. Мана, бугун бизнинг оиламиз матбуот орқали Ислом Каримовга мурожаат этмоқда. Кўрайликчи¸ президент нима қилар экан, дейди Озодлик билан суҳбатда Камол Айний.

Камол Айний, агар Ислом Каримов истаса, Садриддин Айний уй-музейи тақдирини ижобий ҳал этишига ишонишини таъкидлади.

- Садриддин Айний ўзбек ва тожик адабиётининг ривожига улкан ҳисса қўшди, икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида кечаю кундуз хизмат қилди. Айний биринчилардан бўлиб Алишер Навоийнинг “Хамса”сини тўрт ой давомида лотин алифбосида тайёрлаган шахсдир. Агар унинг бу хизматлари унутилиб, бир томонлама сиёсат юргизилса, бу гуноҳни Худо ҳам кечирмайди, дейди Камол Айни.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ҳукуматининг Садриддин Айний уй-музейини бузишга доир қарорини ўзбек ва тожик расмийлари ўртасидаги совуқ муносабатнинг давоми ўлароқ баҳолашмоқда.

Самарқандлик зиёлилардан бири Анваржон ака Ўзбекистон мустақилликка эришилган дастлабки йилларда Регистон майдонидан тожик классикларининг қатор ҳайкаллари олиб ташланганини айтаркан, бундан кўзланган мақсад-муддао кўпчилик учун қоронғу бўлиб қолаётганини таъкидлайди.

- Регистонда Абу Абдулло Рудакийнинг тўла бўйли ҳайкали бор эди. Қаерга кетди шу ҳайкал - ҳеч ким билмайди. Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали бор эди Регистонда. Регистондан олиб, бошқа жойга кўчиришди. Ҳозир умуман йўқ бўлиб кетди. Тарихимизни, ўтмишимизни, адабиётимизни билмасак, киммиз биз, киммиз ёки Чингиз Айтматовнинг қаҳрамони бўлиб қоламизми, дейди самарқандлик зиёли Анваржон ака.

Анваржон ака бугунги кунда раҳбарларнинг ўзаро адовати ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги, азалдан сақланиб келаётган маданияти, санъати, адабиёти раҳна солаётир, дея мулоҳаза билдиради.

Тожикистон Маданият вазири Мирзошоҳруҳ Асрорий Озодлик билан сентябр бошларида қилган суҳбатида Самарқандда Садриддин Айний номидаги уй-музей бузилишига доир хабарлар тасдиқланса, бу масала Тожикистон ҳукумат мажлисида кўриб чиқилишини маълум қилган эди.

Аммо ҳозирча на Тожикистон ва на Ўзбекистон расмийларида Айний уй-музейи тақдири борасида ўзаро музокара олиб бориш тараддуди кўринмаëтир.

Ўзбек-тожик адабиётига каттагина ҳисса қўшган адиб уй-музейи текислаб ташланишининг олдини олиш учун фақат унинг яқинлари, икки мамлакат ёзувчи ва зиёлилари ҳамда матбуот вакиллари курашмоқдалар, холос.
XS
SM
MD
LG