Линклар

logo-print

Эрон мухолифати яна намойишга тайёр


18 сенябр “Қуддус куни” арафасида халқаро ҳамжамият нигоҳи яна Эронга бурилмоқда.

18 сенябр “Қуддус куни” арафасида халқаро ҳамжамият нигоҳи яна Эронга бурилмоқда.

Эрон мухолифати Фаластин халқини қўллаш мақсадида ҳар йил ўтказиладиган “Қуддус куни”да мавжуд режимга нисбатан халқ норозилигини яна бир бор сиртга чиқаришга уринмоқда.

Эрон Ислом жумҳурияти асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳомайний Фаластин халқига бирдамлик тариқасида ҳар йили Рамазон ойининг тўртинчи жума кунини “Қуддус куни” деб эълон қилган. Бироқ бу йилги “Қуддус куни” Фаластинга бирдамликдан кўра¸ Эрон жамиятида ичида давом этаëтган сиёсий бўҳрон ифодасига айланмоқда.

Ҳукумат томонидан огоҳлантирилганига қарамай, Эрон мухолифатининг уч етакчиси - президентликка собиқ номзодлар Ҳусайн Мусавий, Меҳди Каррубий ва собиқ президент Муҳаммад Хотамий “Қуддус куни” тадбирида қатнашишларини эълон қилди. Ўз навбатида бу мухолифатдаги “Яшил ҳаракт” аъзоларини рағбатлантирмай қолмади.

“Қуддус куни”да жума намозига имомлик қилиш вазифаси¸анъанага кўра¸ Эрон собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий Рафсанжонийга топшириб келинган. Аммо мухолифатни қўллаб-қувватлагани учун Рафсанжоний бу йилги тадбирга яқинлаштирилмади. Унинг ўрнига жума намозидан олдинги маърузани ашаддий консерватор уламолардан бири Аҳмад Ҳотамий ва президент Маҳмуд Аҳмадийнажод бирин-кетин ўқийдиган бўлди.

Эрон раҳбарлари¸ жумладан мамлакат полицияси бошлиғи Исмоил Аҳмадий Муғадам¸ мухолифатни “Қуддус куни” тадбирини барбод қилмасликка чақирдилар.

Ўтган жума куни Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи ҳам мухолифатни бундай ҳаракат оқибатларидан огоҳлантирган эди.

- Қуддус куни Қуддус масаласи билан боғлиқ. У Эрон халқи бирлигининг тимсолидир. Бу куни кимларнингдир тартибсизлик келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳ бўлинг, деган эди Ҳоманайи.

Шунга қарамай, президент Маҳмуд Аҳмадийнажод мухолифлари “Қуддус куни”ни “яшиллар” норозилигига айлантиришни ваъда қилди.

18 сентябр кунги тадбирга тайёргарлик доирасида мухолифат аъзолари “Ғазо эмас, Ливан эмас, жоним Эронга фидо!” каби шиорларни ёзиб¸ намойишда кўтариб чиқишга тайёрлаб қўйган.

Озодлик суҳбатлашган ислоҳотчи журналист Муҳаддад Содиқ Жаводий Ҳисор мухолифатнинг “Қуддус куни”дан ҳукумат босимига қаршилик кўрсатишга тайёрлигини намойиш қилишда фойдаланиши мумкинлигини айтади.

- Агар одамлар намойишга тайёргарлик билан¸ якдил бўлиб келсалар¸ Теҳрон ва бошқа шаҳарларда кўрганимиз каби мухолифат ўзининг катта куч эканини яна бир бор кўрсатиши мумкин, дейди ислоҳотчи журналист.

Сўнгги кунларда Эроннинг қатор шаҳарларида аҳоли интернет сайтлари, деворларга ёпиштирилган шиорлар ва тарқатилган варақалар орқали намойишга чиқишга даъват қилинмоқда.

Мухолифат тайёрланган видеолавҳалардан бирида ёш аёлнинг “Қуддус куни” муносабати билан мухолифат тарқатган варақани автобусда ўқиб кетаётгани тасвирланган.

- Мен оталаримизни, оналаримизни, масъулиятни ҳис қилган барча эронликларни 18 сентябр, жума кунги норозилик намойишида қатнашишга чақираман, дейди ўз мурожаатида эронлик аёл.

Тадбирда мухолифат ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида яна тўқнашув содир бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан соқит қилинмаётир. Шу боис мухолифат намойишини тарқатиш учун ҳукумат ўз жосусларини ишга солиши мумкинлиги борасида хавотир билдирилмоқда.

Мухолифат сўнгги бор 17 июлда Акбар Рафсанжоний жума намозини ўқиганидан кейин оммавий намойиш ўтказган эди. Ўшанда Теҳрон кўчаларида юриш қилган ўн минглаб эронликлар президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Оятуллоҳ Али Ҳоманайига қарши шиорларни кўтариб чиққан эди.

Таҳлилчилар фикрича, мухолифатдаги “Яшил ҳаракат” аъзоларининг норозилик намойишлари Эрон ҳукумати ҳамда аҳолининг катта қисми ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан далолатдир.

Аммо президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ¸ ўз ҳукумати Эроннинг кейинги 20 йиллик тарихидаги энг легитим ҳукумати эканини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG