Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:39

Эркин микрофон - Биометрик паспортни қандай оламиз?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

17 сентябр куни Озодликка қўнғироқ қилган аксар ўзбекистонликлар 2010 йилдан бошлаб жорий этиладиган янги паспорт тизимига оид саволларига жавоб излашди.

Озодликка Россиянинг Волгоград шаҳридан қўнғироқ қилган дастлабки суҳбатдошимиз Ўзбекистонда янги биометрик паспортга ўтилиши жараëнига оид кўпроқ маълумот излаëтганини айтади.

- Менинг исмим Раҳим. Ҳозир паспортлар янгисига алмаштирилаяптию. Шунинг сабабини сўрамоқчи эдим. Нима сабабдан алмаштирилади? Биз бу ерда уч-тўрт йил ишламоқчи эдик. Уч-тўрт йилдан кейин бориб алмаштирсак¸ шунга бизнинг имкониятимиз борми ë йўқми шуни сўрамоқчи эдикда. Ўзбекистонга борсак¸ штраф соладими ëки йўқми шуни сўрамоқчи эдик, дейди Волгоград шаҳридан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз.

Петербургда ишлаётган андижонлик Баҳодир акани ҳам ташвишга солаётган нарса Ўзбекистонда янги паспортга ўтилаётгани.

Баҳодир ака: Биз Ленинграддан телефон қилаëтган эдик. Паспорт алмашармиш¸ деган гап бор экан. Бир-икки йил юрмоқчи эдикда биз бу ерда. Алмаштириш қанақа бўларкин кейин. Шунинг проблемасини ечмоқчи эдикда. Биз Россияда бир йилга "разрешение на работу" қилганмиз. Бир йилдан кейин бориб алмаштирсак бўладими ëки йўқми шуни билмоқчимиз.

Озодлик: Россиядаги Ўзбекистон элчихонасига ëки консулхонасига мурожаат қилмадингизларми?

- Уларга телефон қилсак олмаяптида. Биз боргани узоқда у. Биз ҳам бу ерда қийналганимиздан юрибмизда. Ўзбекистонда бола-чақамиз бор. Менинг иккита болам бор. Улар ҳар куни келинг¸ дейди. У ëққа борган билан иш йўқ. Иш бўлса ҳам пул бермайди. 15-20 минг пул беради. Ë унга етмайди¸ ë кийимга етмайди. Шунақа қийинчилик. Шундан қочиб шу ерда юрибмиз. Хотиним ҳар кун телефон қилсам “Қачон келасиз?” дейди. Бу ерда ҳар қалай 300-400 доллар топиб турибмиз. Ўшани жўнатаяпмиз¸ дейди Баҳодир ака.

Россияда ишлаётган яна бир суҳбатдош агар Ўзбекистонда янги паспортга ўтилса¸ эски паспортни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидан алмаштирса бўладими¸ деб сўрайди.

- Россияда Ўзбекистон паспортини алмаштирса бўладими? Агар алмаштириб бўлса¸ Ўзбекистонга бориб ўтирмасдикда. Россияда қолмоқчи эдикда. Бу ерда иш зўр. Яшаш яхши Ўзбекистондан кўра¸ дейди Россияда ишлаëтган бу суҳбатдош.

Ўзбекистонда янги намунадаги биометрик паспортларни жорий этиш тўғрисидаги президент фармони қабул қилингани аҳоли ўртасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айниқса¸ чет давлатларда яшаётган ўзбекистонликларни бу жараëн билан боғлиқ кўплаб саволлар ўйлантирмоқда.

Аммо Ўзбекистон расмийлари тез орада биометрик паспорт тизимига ўтилиши ҳақдаги бонг ураётган бир пайтда паспорт столи ходимлари ҳам¸ Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихона расмийлари ҳам бу жараён қандай амалга ошиши борасида ҳануз ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси консули ҳам бу борада аниқ кўрсатмага эга эмаслигини, ҳозирча эски паспорт муддати тугамаган бўлса¸ амалда бўлишини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ мамлакатда 2010 йил январ ойидан бошлаб, биометрик паспорт тизимига ўтила бошлайди. 2010 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистондаги вазирлик, бошқарма ва ташкилот ходимлари, хорижга чиқувчи ҳамда паспорт олиш ёхуд паспортини алмаштириш ёшига етган фуқароларга биометрик паспорт берила бошлаши айтилган. 2011 йилдан 2015 йилга қадар эса республикадаги барча фуқароларнинг паспорти биометрик паспортга алмаштирилади.

Ўзбекистон президентининг бу мазмундаги фармонидан сўнг республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли бошқармаси раҳбарлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларида қатор чиқишлар қилди. Аммо бу чиқишларда ҳанузгача фармонда айтилганидан ташқари бирор бир аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистондаги қатор паспорт столлари ва Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимларига сим қоқиб, бу саволларга жавоб олишга уриндик. Лекин ҳеч бир идорадан тайинли жавоб ололмадик.

********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG