Линклар

16 сентябр куни Оқ уй Афғонистон ва Покистонда эришилаётган силжишларни баҳолашда қўлланиладиган усулларни ошкор қилди. Айтилишича, ютуқларга “ҳам сон, ҳам сифат”га қараб баҳо берилади.

Бу дегани янги баҳолаш тизимида минтақадаги вазиятга баҳо беришда статистика маълумотларига урғу берилади. Бошқа томондан, баҳолаш Афғонистон ва Покистонда оддий халқ билан ўтказилган суҳбатлардан қилинган хулосаларга ҳам асосланган бўлади.

Янги усулнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, вазият ривожи 2001 йилдаги, яъни ҳокимият толиблар қўлидаги вазиятга қиёслаб эмас, бунинг учун бошланғич нуқта ўлароқ 2009 йилнинг 17 июлига қиёслаб баҳоланадиган бўлди.

Афғонистондаги урушда эришилаётган силжишларга баҳо беришда ишлатиладиган омиллар рўйхатида Афғонистондаги коррупция муаммоси ва мамлакат бўйлаб тараққиёт ишлари қандай бораётгани хусусидаги масалалардан ташқари, Покистон ва у ердаги террорчиларни йўқ қилишга оид омиллар ҳам ўрин олган.

Президент Барак Обама Американинг Афғонистон ва Покистондаги мақсадлари иккала мамлакатда Ал-Қоида террорчи тармоғини таг-туги билан йўқ қилиш ва унинг қайтадан пайдо бўлишининг олдини олишдан иборатлигини айтмоқда.

Бу мақсад эндиликда Оқ уйнинг минтақада эришилаётган сиджишларга баҳо беришда асосий омил сифатида кўрилмоқда.

Обама март ойида Афғонистон ва Покистонга оид янги стратегиясини эълон қилганида Қўшма Штатлар минтақага оид сиёсатини “кўр-кўрона” олиб бормаслиги, аксинча у ердаги ютуқларга баҳо беришда аниқ тизимни ишлаб чиқажагини баён қилган эди.

- Биз афғон халқининг ўз етакчиларига ишончини йўқотаётганига сабаб бўлаётган коррупцияга кўзимизни юма олмаймиз. Аскинча, биз Афғонистон ҳукумати билан коррупция муаммосини таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган ва халқаро ёрдам тақдим этилиши учун аниқ омилларга оид келишувни имзолаймиз, қайсики бу ёрдамнинг афғон халқи эҳтиёжларига ишлатилишини таъминлаш учун хизмат қилади, деган эди Обама.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, Афғонистондаги ривожланиш қўшни Покистондаги вазият билан боғлиқ ҳолда кўрилиши лозимлигини қайд этганди.

- Бир нарсани аниқ айтай. Ал-Қоида ва унинг шериклари, яъни 11 сентябр ҳужумларини режалаштирган ва қўллаб-қувватлаган террорчилар Покистон ва Афғонистон ҳудудида яширинган. Кўплаб разведка маълумотларига кўра, Ал-Қоида Покистондан туриб Қўшма Штатларга қарши ҳужумларини режалаштирмоқда. Ва агар Афғонистонда ҳокимият Толибоннинг қўлига ўтса ёки Ал-Қоидага қарши чора кўрилмаса, бу мамлакат яна бизнинг одамларни ўлдиришни ният қилган террорчилар истеҳкомига айланади, деган эди Обама март ойида.

16 сентябр куни Вашингтонда чиқиш қилган Обама янги омиллар сирасига мунозарали президент сайлови натижаларига оид хулосалар ҳам киритилиши лозимлигини таъкидлади.

- Генерал Стэнли МакКристал ҳарбий стратегияга оид ўз қарашларини ишлаб чиқди. Лекин вазиятнинг ижтимоий, дипломатик ва тараққиётга оид жиҳатларига ҳам баҳо беришимиз муҳим аҳамиятга моликдир. Хусусан, сайлов натижаларини таҳлил қилиб, кейинги қарорларимизни қабул қилишимиз лозим бўлади, деди Обама.

Баҳолашнинг янги усулларида Покистонга ҳам катта эътибор қаратилади. Бунда Қўшма Штатларнинг Покистонга кўрсатаётган сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ёрдамнинг самарасига алоҳида баҳо берилиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, янги ҳужжатга кўра, Покистон ҳукумати ва суд тизимининг барқарорлиги ва ҳарбий аралашувдан қанчалик ҳоли экани ҳам кўриб чиқилади. Қўшма Штатлар кўрсатаётган кўмак Покистонда инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг яхшиланиши ҳамда иқтисодий барқарорлик, иш жойларининг яратилиши каби омилларга қанчалик таъсир кўрсатаётгани ҳам ўрганилади.
XS
SM
MD
LG