Линклар

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш вилоят бўлими тергов ҳибсхонасидан уч нафар маҳбус қочиб кетди. Бу маълумотни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари тасдиқлади.

Маълум бўлишича, ҳибсхонадан қочганларнинг икки нафари экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган қирғизистонлик, учинчиси эса жосусликда гумон қилинаётган ўзбекистонликдир.

- Айни пайтда уларни қисқа муддат ичида қўлга олиш бўйича барча тезкор чоралар кўрилмоқда. Қочишга уринган шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади. Бошқа тафсилотларни ҳозирча эълон қилмаймиз, деди Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази раҳбари Риспек Биқин ўғли.

17 сентябр куни эрталабки соат тўртларда қочгани тахмин қилинаётган маҳбусларни қўлга олишга Қирғизистон Чегара хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги жазони ўташ бош бошқармаси ходимлари жалб этилган.

Айни пайтда Қирғизистон махсус хизматлари қочган шахсларни ушлашда ёрдам сўраб ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилгани айтилмоқда. Қочганларнинг Ўзбекистон ҳудудида яширинишга ҳаракат қилиши ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Бироқ CA-News ахборот агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, ҳибсхонадан қочган шахсларнинг Тожикистонга – дала қўмондони мулло Абдулло олдига кетган бўлишлари тахмин қилинмоқда.

Марказий Осиё янгиликлар хизмати қочоқ маҳбуслар шахсига оид маълумотларни ҳам эълон қилди. Улардан бири 1969 йилда туғилган ўзганлик Абдуфаттоҳ Абдуллажонов (лақаби “Очил”) бўлиб, у Қирғизистон Жиноят кодексининг 226-моддаси (Террорчилик) ва 299-моддаси (Миллий, ирқий ёки диний низо қўзғаганлик) билан айбланаётганди.

Қочганлардан яна бири – 1977 йилда Қирғизистоннинг Аравон қишлоғида туғилган, сўнгги пайтда Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида яшаган Шуҳрат Файзуллаев Қирғизистон ЖКнинг 293-моддаси (Жосуслик) бўйича айбланган. Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Шуҳрат Файзуллаев ҳибсга олингунига қадар Андижон қамоқхонасида нозир бўлиб ишлагани ҳам хабар қилинмоқда.

Учинчи қочоқ маҳбус – 1978 йилда Новқат туманида туғилган, ҳибсга олингунига қадар мамлакат шимолидаги Қораболта шаҳрида яшаган Бекбўлўт Ташматов (лақаби “Абу Усмон”) Қирғизистон Жиноят кодексининг 229, 241 ва 299-моддалари бўйича айбдор топилиб, сўроқ қилинаётганди. Россия фуқароси бўлган Ташматов ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик, қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддалар сотиб олганлик, сотганлик, сақлаганлик, ташиганлик каби оғир жиноятларда айбланаётганди.

Мазкур шахсларнинг Қирғизистонда энг қаттиқ қўриқланадиган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан қочгани кузатувчиларни ҳайрон қолдириб, уларда кўплаб саволларни пайдо қилмоқда.

Аснода, 24.kg ахборот агентлигининг маълум қилишича, Қирғизистон махсус хизматлари маҳбусларнинг қочишига йўл қўйган ходимлар устидан тергов бошлаган.
XS
SM
MD
LG