Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Эркин микрофон - Ўқитувчи пахтага кетди


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига Ўзбекистон ичкарисидан оддий фуқаролар қўнғироқ қилиб¸ мамлакат ҳаëтининг расмий матбуот оғиз очмайдиган жиҳатлари ҳақда ахборот беришни давом эттирмоқдалар.

Ўқитувчи кўрпа-тўшаги билан пахтага ҳайдалди

Озодликка сим қоқган илк суҳбатдошимиз наманганлик ўқитувчи бўлди. Ўз исмини ошкор қилишни истамаган суҳбатдошимиз Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жалб қилинаётгани ҳақида хабар қилди.

- Бугун ҳамма йиғиштирилди. Ҳамма пахтага¸ деб эълон қилинди. “Кўрпа-тўшакларни йиғиштириб¸ бугун кечқурунга тайëрлаб қўйинг” дейилди. Эртадан бошлаб бизнинг 10 нафар ўқитувчини пахтага юборишади.

Озодлик: Ўқувчиларчи?

- Ўқувчиларни ҳозир пахтага юбормаяпти экан. Ҳозир бу ерда ободонлаштириш вақти бўлаяптида. Шунинг учун пахтага юборишни ҳозирча тўхтатиб турибди. Шунинг учун ҳозир фақат ўқитувчилар жўнаяпти. Лаборантлар бор¸ мактаб қошида очилган кружоклар бор. Ўша ўқитувчиларни ҳозир жўнатаяпти.

Озодлик: Ўқитувчилар пахтага бормайман¸ деб қаршилик кўрсата олмайди.

- Қаршилик кўрсатадиган бўлса ҳам директор ҳам¸ ўқитувчилар ҳам оқимга қараб иш қилишга мажбур. Пахта давлатнинг монополияси ҳисобланади. Сиëсатга ҳам аралашиб кетган. СССР давридан бошлаб то ҳозиргача ўқитувчиларни ва ўқувчиларни мажбурий тарзда олиб бораяпти пахтага. Агар қаршилик қиладиган бўлса¸ ë ишдан ҳайдатиб юборади ëки бошқа бир чора кўради.

Озодлик: Мени энди бир нарса қизиқтираяпти. Ўқитувчилар пахтга кетадиган бўлса¸ дарсни ким ўтади?

- Мен ўқитаëтган жойда 131 нафар ўқитувчи бор. 131 нафар ўқитувчидан 10 нафари боради. Галма гал боради. Биринчи этапда 10 нафар ўқитувчи. Унинг ўрнига ўқитадиган дополнителний гуруҳ бор. Ўшалар ўқитиб туради. Мен информатика фани ўқитувчиси бўлсам¸ яна битта информатика ўқитувчиси бор. Иккитада. Ўрнини алмаштириб туради.

Озодлик: Агар битта фандан битта ўқитувчи бўлиб қолсачи?

- Унақа бўлса ўқимайдида тамом. Умуман дарс бўлмаслиги ҳам мумкинда¸ дейди Наманган вилоятидан қўнғироқ қилган ўқитувчи.

Хабарларга кўра, мамлакатнинг айрим ҳудудларида нафақат ўқитувчилар¸ балки ўқувчилар ҳам пахта теришга мажбур қилинмоқда.

Расмий манбадан олинган хабарга кўра¸ 17 сентябрдан бошлаб Андижондаги барча мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди. Вилоятдаги коллеж талабалари эса 15 сентябрдан буён пахта даласида "жавлон уришмоқда". Қаршида эса ҳарбийлар пахта даласига ҳайдалди.

Ўзбекистонда қачон яхши бўлади?

Кейинги суҳбатдошимиз ҳам Намангандан бўлиб, асли Чуст туманида яшовчи Йўлдошали ака бир неча йилдан буён Россияда ишлайди.
Йўлдошали ака тўрт қариндоши билан тирикчилик учун Россияга келиб ишлашга мажбур бўлаётганини айтар экан, Чустдаги бир қатор муаммоларни ҳам тилга олди.

- Тўрт ака-ука шу ердамиз. Мен¸ амаким¸ битта акам ва иккита жияним бор. Қачон энди бир Ўзбекистонда светлар яхши бўлиб кетади? Қачон бизнинг Ўзбекистонимизда янгиликлар бўлади? Мана биз ҳозир қишга борамиз¸ свет йўқ¸ газ йўқ. Газ бизда умуман йўқ. Қачон бўлади бу нарсалар? Бизда энг қийин нарсалар мана шу. Ëзда бу ëққа келиб оламиз. Қишда ҳам қоламиз. Бу йил иккинчи марта қолишим. Акамнинг тўртинчи йил қолиши. Амаким ва жиянларим бир йилдан қолди.

Ҳозир менинг оиламни ҳам кўчириб олиб келгим келаяпти. Пулдан проблема катта. Ўзбекистонда менинг ишим бор. Аммо пули кам. Кўп меҳнат қиласиз¸ аммо ҳеч қанча пул олмайсиз. Арзимаган пул беришади. Бу қорнимизга етадими¸ бола-чақамизга етадими? Қайси бирига етади? Етмайди. Мен энг кенжа ўғилман. Ҳаммаси чиқиб кетган. Битта ўзим қолганман. Ҳозир тўй қилишим керак. Мен ҳозир тўй қиламан деб қишда борсам свет йўқ¸ газ йўқ¸ сув йўқ. Қандай қилиб бунга чидаса бўлади? Қачон яхши бўлиб кетиши мумкин¸ дейди куюниб Йўлдошали ака.

Қишлоқлардан гапиринг....

Фарғонанинг Қўқон шаҳридан Озодликка қўнғироқ қилган Ғофиржон ака ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан қутлайди.

Ғофиржон ака: Эртага байрам экан. Шунга Ўзбекистон халқини бир табриклаб қўяйми деб қўнғироқ қилган эдим. Икки-уч кундан кейин Ҳайит байрамимизку. Сизларнинг радиони ҳар доим эшитиб борардик. Сизларга раҳмат айтиб¸ байрам билан табриклаб қўяй деб қўнғироқ қилаëтган эдим. Бутун Ўзбекистон халқини кириб келаëтган байрам билан табриклайман. Шу қаторда сизларни ҳам табриклайман. Раҳмат¸ мана шунчалик эшитаяпмиз сизларнинг радиони. Ҳар хил қизиқ гапларни эшитамиз. Тинглаб борамиз. Биз ўзимиз устачилик қиламиз. Бўш пайтимизда эшитамиз.

Озодлик: Кўпдан бери эшитасизми?

Ғофиржон ака: 10 йилдан бери эшитамиз.

Озодлик: Эшиттиришлар ëқадими?

Ғофиржон ака: Албатта ëқадида. Яхши-яхши нарсалар гапирилаяпти¸ эшиттирилаяпти.

Озодлик: Яна қанақа мавзуларда эшиттиришлар беришимизни хоҳлардингиз?

- Қишлоқларни яхшилаш тўғрисида қилсангизлар¸ қишлоқ ҳақида кўпроқ маълумот берсангизлар яхши бўларди¸ дейди Ғофиржон ака.

****************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG