Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:51

Ўзбек чегарачилари танобини ким тортади?


Қирғизистон ҳуқуқ фаоллари¸ ўзбек чегарачиларининг қирғизлар ҳудудига ўтиб¸ аҳолига тазйиқ ўтказаëтгани ҳақда кўпдан шикоят қилмоқдалар.
Қирғизистон ҳуқуқ фаоллари¸ ўзбек чегарачиларининг қирғизлар ҳудудига ўтиб¸ аҳолига тазйиқ ўтказаëтгани ҳақда кўпдан шикоят қилмоқдалар.

Ўзбек чегарачиларининг Қирғизистон ҳудудига ўтиб, Суратош қишлоғи аҳолисига зуғумни кучайтираëтгани ҳақдаги хабарлар ортидан, қирғиз Омбудсмени Турсунбек Акун ўзбек чегарачиларининг бу ҳатти-ҳаракатини қоралаб чиқди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ўзбек чегарачилари Ўш вилоятининг Суратош қишлоқ аҳолисига зуғум ўтказаётгани, қирғизистонликлар уйларига бемалол бостириб кириб, тинтув ўтказаётгани ва ўзга давлат фуқароларига таҳдид қилаётгани юзасидан ташвиш билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон бош ҳақиқатчиси ўзбек чегарачиларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини халқаро қонунчиликка зид, қабул қилиб бўлмас ҳол эканини айтди.

- Ўзбек чегара хизмати халқаро қонунлар, халқаро келишувларни бузган ҳолда мамлакатимиз ҳудудига ўтиб, фуқароларимизга нисбатан қўполликлар қилмоқда, уларнинг ҳуқуқларини топтамоқда, деди Турсунбек Акун.

Қирғизистоннинг Суратош қишлоғи Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани билан чегарадош ҳудуд ҳисобланади.

Мазкур қишлоқ аҳлига кўра, чегара Қирғизистон тарафидан яхши қўриқланмайди. Суратошда истиқомат қилувчи Малика опа бундан бир неча кун олдин Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ Ўзбекистон чегарачилари уйига бостириб кириб, қурол ўқталганлари ҳақда куйиниб гапирган эди.

- Чегаранинг бўйида яшаймиз биз. Мен эрта билан ариқнинг бўйига сувга чиққан эдим. Ўзбекистон солдатлари келиб¸ “Сенларникида юк бор. Хитой товари бор” деб уйимизгача уч-тўрттаси бостириб кирди. Бизни отаман деди. Кейин битта полный нарядини чақириб олди. Бирпасда эшигимизнинг тагини солдат босиб кетди. Тирикни кўрсам ҳам¸ ўликни кўрсам ҳам отаман деб угрожат қилаяпти. Биз қанақа қилиб яшаймиз¸ кимга мурожаат қиламиз? Нимага бу ерда яшаëтган аҳолининг уйига улар бостириб киради? Уларнинг бунга ҳаққи борми¸ деган эди Малика опа.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулла Раҳматуллаевнинг айтишича, ўзбек чегарачиларининг қишлоқ аҳли хонадонларига бостириб кириши сўнгги пайтларда одатий ҳолга айланган.

- Ўзбекистон чегарачилари сурбетларча¸ Қирғизистоннинг ҳудудий дахлсизлигини инобатга олмаган ҳолда Қирғизистон уйларига бостириб киришади¸ тинтувлар ўтказишади¸ дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

Раҳматуллаевнинг билдиришича, қуролланган ўзбек чегарачилари 17 сентябр куни ҳам Суратош қишлоғига тағин бостириб кириб, халқаро радиоларга гапиришни тўхтатмасангиз, сизларни бундан кейин ҳам тинч қўймаймиз, деб қишлоқ аҳлига пўписа қилган.

Айтилишича, ўзбек чегарачилари Суратош ҳудудида яшовчи аҳолининг Ўзбекистонга контрабанда моллари олиб ўтаётганига қарши шундай чоралар қўлламоқда. Маҳаллий қирғиз расмийларидан бири, қишлоқ аҳли контрабанда молларини Ўзбекистонга ўтказмаса, ўзбек чегарачилари ҳам уларга тазйиқ ўтказмаган бўлар эди, деб айтган. Суратошликлар эса бу ишни ноиложликдан, тирикчилик мақсадида қилаётганини таъкидлайдилар.

Қирғиз Омбудсмени Турсунбек Акунга кўра, ўзбек чегарачиларининг бу ҳатти-ҳаракатини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди.

- Ўзбек чегарачилари халқаро ҳуқуқ нормаларига, ўзаро келишувларга риоя қилишлари керак. Ахир мамлакатимиз ҳудуди дахлсизку. Мен бу ҳолатлар юзасидан президентимиз ва чегара хизматимиз бошлиғига мурожаат этмоқчиман. Аслида Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарияти ҳам бундай бошбошдоқликка жим қараб турмаслиги керак, дейди Турсунбек Акун.

Қирғиз Омбудсменининг таъкидича, қирғиз томони бундай бедодликка жим қараб тураётгани боис ўзбек чегарачилари ҳаддидан ошмоқда.

- Умид қиламан¸ Ўзбекистон раҳбарияти ўз чегарачиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва жиноятларини эътиборсиз қолдирмайди. Бу ҳолатлар юзасидан тергов ўтказиб, жиноятчиларни тегишли жазога тортади, деди Турсунбек Акун.

Ҳозирча Суратошдаги ҳолатлар ҳақида Ўзбекистон томонидан муносабат билдирилгани йўқ. Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасидан бунга муносабат олишга уринишларимиз бесамар бўлди.
XS
SM
MD
LG