Линклар

logo-print

АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизиминиЕвропага жойлаштириш режасидан воз кечгани эртасига¸ НАТО раҳбари Россияни 21 аср хавфсизлик муаммолари билан бирга курашишга чақирди.

18 сентябр куни Брюсселда сўзлаган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен НАТО глобал хавфсизлик масалаларида Москва билан “амалий ҳамкорликка“ тайёр эканини айтди.

- Мен келажак ҳамкорлигига мустаҳкам пойдевор яратиш учун НАТО ва Россиянинг 21 аср хавфсизлиги билан боғлиқ янги муаммоларини бирга кўриб чиқишини хоҳлардим, деди Андерс Фог Расмуссен.

Ўтган йил августида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушдан кейин НАТО ва Россия муносабатлари совуқлашган эди.

Ўшандан бери ўзаро алоқалар аста-секин илиқлашиб келмоқда. Икки ой олдин Дания собиқ Бош вазири Андерс Фог Расмуссен НАТОга янги Бош котиб бўлди.

НАТО Бош котиби Россияни ракета ҳужумидан мудофаа тизими хусусида ҳамкорликка чақирди.

Брюсселда сўзлаган Андерс Фог Расмуссен АҚШ, НАТО ва Россия вақти келиб ўзининг ракета ҳужумидан мудофаа тизимларини бирлаштиришини таклиф қилди.

Айни пайтда, Расмуссен Россия ва НАТО муштарак хавфсизлик муаммоларини бирга муҳокама қилиши кераклигини айтди.

- Менимча, НАТО ва Россия ўзаро келишилган масалаларда, дуч келинаётган умумий таҳдидларни бартараф қилиш борасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишларини бошлаши керак, деди НАТО Бош котиби.

Шимолий Атлантика иттифоқи ва Россия ўртасида “фундаментал” келишмовчилик борлигини тан олган Андерс Фог Расмуссен бу келишмовчилик асосан Украина ва Грузиянинг НАТОга қўшилиши хусусида эканини айтди. Айни пайтда у, НАТОнинг “очиқ эшиклар” сиёсати Москвага қарши қаратилмаганини таъкидлаб¸ ўзаро келишилган масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди.

Расмуссенга кўра, ракета ҳужумидан мудофаа масаласидан ташқари Европа хавфсизлигининг янги стратегиясини ишлаб чиқишда ҳам томонлар муштарак мақсадга эга бўлиши мумкин.

Андерс Фог Расмуссен¸ НАТО янги Евро-Атлантика хавфсизлиги борасида Россия президенти Дмитрий Медведев шу йил бошида ўртага ташлаган таклифларни кўриб чиқишини айтди.

Расмуссен Москвани уранни бойитиш дастуридан воз кечишга Эронни кўнтириш йўлидаги АҚШ ва Ғарб давлатлари уринишини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Москва анча вақтдан бери Ғарбнинг Теҳронга босимни кучайтириш уринишига қаршилик қилиб келаётган эди. Кўрчилик таҳлилчилар АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Европага жойлаштириш режасидан воз кечгани эвазига Россия Эрон масаласида ёнбосиши керак деган фикрда.

Россиянинг НАТОдаги вакили Дмитрий Рогозин Расмуссеннинг нутқини “жуда ижобий ва жуда конструктив” дея бахолади.
XS
SM
MD
LG