Линклар

logo-print

“Давр менинг тақдиримда” рукнининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева.

“Ким экан?” деб ҳамма билишга қизиққан. Ундан кейин яна кўрсатувлар бўлган. Ундан кейин бизнинг кимлигимизни халқ билди-да”.

Ўзбек кенгликларида Муножотнинг овози янграй бошлаганига ҳам 30 йил тўлди. 30 йиллик давр бу санъаткор тақдирида қандай акс этди?

Муножот Йўлчиева 1960 йилда Андижоннинг Ширмонбулоқ қишлоғида туғилди. Ўзбек Давлат филармониясида ишлайди. Музаффар ва Шуҳрат исмли икки фарзанди бор. Эл-юрт ҳурмати ордени нишондори, “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ғолиби, ЮНЕСКО халқаро жюри танлови аъзоси.

“Нега сизга Муножот деб исм қўйишган?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

Муножот Йўлчиева: Бу исмни менга ота-онам қўйган. Кўпчилик бу кейинчалик исмини ўзгартирганми, деб ўйлаши ҳам мумкин-да. Туғилганимда бу исмни ота-онам қўйган. Оиламизда санъатга қизиқиш кучли бўлгани учун китоб орқали...

Озодлик: Муллага бориб, китоб очишганми?

Муножот Йўлчиева: Йўқ¸ муллага борилмайди. Уйга келинар эди. Чунки мен ўзим бир гувоҳи бўлганман. Мендан кейин туғилган сингилларимнинг исмларини қўйишда уйга домла чақирилиб¸ “Бу кунда туғилган фарзандларга қанақа исмлар қўйиш мумкин?” деганда¸ учта исмни айтишганини эшитганман. Мендан саккиз ëш кичкина синглимга исм қўйишаëтганда эшитганман. Учта исм айтилган ва улардан биттаси танлаб қўйилган. Менинг исмим ҳам шундай қилиб китоб орқали танланган бўлса керак.

Озодлик: Пайғамбарлардан Мусо пайғамбар Муножот тоғида Худога мурожаат қилган экан.

- Балки бир илоҳий бир нима бўлган бўлса керак. Мана менинг раҳматли онам ҳам чиройли овоз соҳибаси бўлганлар. Ўзлари шунақа ашулалар ижро қилиб юрганлар. Санъаткор бўлиш ниятида бўлганлар¸ лекин шароит¸ муҳит йўл қўймаган. Яъни санъаткор бўла олмаганлар. Бу уларда армон бўлиб қолган. Ўша даврда таниқли санъаткорларни онам эшитганлар. Муножот ашуласини айтиб юрардилар. Мана ўзимиз санъатга кириб келгандан кейин ҳам ўзимизнинг давраларда бу ашулани онамга айттирардик. Франция ва Белгияда мен ҳақимда ҳужжатли фильм олинганда¸ онамнинг ижроларини ëздиртирганман. Онам халқ ашулаларидан “Тановор”ни ижро қилиб берганлар. Онамнинг санъатга бўлган қизиқиши менга мана шу исмнинг қўйилишига таъсири бўлган бўлиши мумкин. Бу илоҳий бир нима бўлган бўлиши мумкин. Менга мана шу исм чиққан. Менга шу исмни қўйишни Оллоҳ балки уларнинг юрагига солгандир. Мен шунақа деб ўйлайман¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Хонанда бугунги камолоти учун ўз устози Шавкат Мирзаевдан миннатдор. Шавкат Мирзаев Муножот Йўлчиеванинг санъатда тетапоя бўлган даврини яхши эслайди.

Шавкат Мирзаев: Консерваторияда менинг синфимда ўқиди. Ўқиш жараëнида мен бунинг овозини ва қобилиятини пайқаб¸ жуда катта муваффақиятларга эришишини сездим. Мен буни ўша даврдаëқ катта саҳнага тайëрлашни бошладим. Ўқиш программасидан ташқари уни катта саҳнага тайëрлаб¸ овоз устида ишлаб¸ дастурлар ишлаб¸ концертлар қўйиб¸ икки йилдан кейин телевидениега “Назм ва наво” деган кўрсатувга олиб чиқдим. Бир соатнинг ичида танилиб¸ ҳаммаëққа машҳур бўлиб кетди.

Муножот Йўлчиева: 1980 йили телевидениеда “Назм ва наво” деган кўрсатув бўлган. Устозим Шавкат Мирзаев ўзининг қўлида ўқиëтган талабаларни тайëрлаб¸ Навоий ғазаллари билан ашулалар ўргатиб¸ телевидениеда чиқиш қилганмиз. Биз 1980 йил 9 февралда чиққан бўлсак¸ шундан кейин бутун республикада¸ вилоятларда¸ қўшни мамлакатлар Қозоғистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон бўйлаб танилдик.

Озодлик: Томошабин бирдан қабул қилди ва бирдан машҳур бўлгандай тасаввур қолди.

- Ҳа¸ бирдан машҳур бўлдим. Ўша куннинг ўзида менинг исм-фамилиям эълон қилинмаган. Шундай ашулалар ижро қилинган¸ ғазаллари ўқилган эди. Шунинг учун ҳамма “ким экан” деб билишга қизиққан. Ундан кейин яна кўрсатувлар бўлган. Ундан кейин бизнинг кимлигимизни халқ билди¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Мумтоз қўшиқлар ижрочиси анча таниқли санъаткор бўлишига қарамасдан, камсуқум¸ камтарин ҳаëт кечиради¸ трамвай¸ троллейбусда юради. Хонанданинг устози Шавкат Мирзаевнинг айтишича, Муножот Йўлчиева учун башанг ҳаëт муҳим эмас.

- Халқ орасида машҳур бўлиш¸ халқнинг дардини билиш¸ халқ билан бирга бўлиш бу жуда катта гап. Машҳур бўлгандан кейин ҳеч кимни танимай қолиб¸ автобусга¸ трамвайга чиқишга уялиш машҳурликка кирмайди. Санъаткорнинг ҳақиқий юзига кирмайди. Ҳақиқий юзи биринчи қадам босгани¸ саҳнага чиққани¸ қандай чиққан бўлса¸ ўша юз қолиши керак. Инсонда ўша имиж қолиши керак. Муножот Йўлчиева биринчи чиқишларида қандай бўлса¸ ҳозир ҳам шундай. Тўйга келса¸ “Мана, Муножотхон келди” деб шов-шув бўлади. Ҳеч ким унинг ëнига келиб, гапиришга ботина олмайди. Орқаворотдан ҳам гапира олмайди. Муножотхоннинг обрўйи жуда ҳам баланд ҳозир. Ҳақиқий санъаткор: “Мен халқнинг юрагида қолишим керак, етилишим керак” деган маънода иш қилади. Баъзи санъаткорлар: “Мен пул йиғишим керак” деб пулнинг орқасидан қувади. Бундай санъаткорлар узоққа бормайди¸ дейди Шавкат Мирзаев.

Муножот Йўлчиеванинг ўзи бу ҳақда қуйидагиларни айтади.

Муножот Йўлчиева: Мен учун оддий ҳол. Менда, масалан, машҳурман деб ўзимдан кетиш бўлгани йўқ. Мен 10-синфни битириб келиб¸ Тошкентга ўқишга кириб¸ машҳур бўлган кунимдан бошлаб қандай бўлсам, ҳозиргача ўшандайман. Мен ўзимни ўзгариб, бошқача бўлиб қолдим, деб ўйламайман.

Озодлик: Кўчада қанақа юрасиз? Ҳамма бармоғи билан кўрсатиб¸ “Мана, Муножот келаяпти” деб¸ сиздан автограф сўраб¸ халақит бермайдими?

- Бармоғи билан қўпол маънода кўрсатмайди¸ ҳавас билан “Мана бу Муножотхон опамиз” деб кўрсатади. Онахонларимиз, ҳатто катта қария отахонларимиз келиб¸ “опа” деб ҳурмат қилишади. Бу мен учун катта бир ғурур. Мен: “Отахон¸ мен сизнинг қизингизман” десам¸ “Йўқ¸ сизнинг ҳурматингиз бор қизим, Сиз шундай даражадаги инсонсиз” деб ҳурмат қилишади. Ëш қизчалар¸ болалар ҳавас қилиб¸ олдимга келиб, салом бериб сўрашишади. Мана яқинда вилоятларда концертларда бўлдик. Одамлар озгина суҳбатимизни олиш учун ҳам интиқ. Мен ўзимнинг мухлисларим билан сиз билан қандай гаплашаëтган бўлсам¸ шундай гаплашаман. Чунки менинг табиатим шунақа. Ўзини катта тутишга ўрганмаганман. Мухлисларнинг ҳар битта гапини тинглашга ҳаракат қиламан. Улар савол беришмоқчи бўлишади ëки маслаҳатлар олишмоқчи бўлишади. Мен қўлдан келганча маслаҳат беришга ҳаракат қиламан. Шунинг учун мен ўзимни бошқа дунëдан келиб қолгандай ҳис қилмайман¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Шавкат Мирзаевга кўра¸ Муножот саҳнада куйламайди¸ балки куй уммонида кема каби сузади.

- Муножотхоннинг саҳнага чиқиб то кириб кетгунча ўзи бир спектакл. Саҳнада ўзини тутиши¸ ашулага берилиб кетиши¸ ашуланинг ичида сузиб юриши деган сўзимни тўғри тушундингиз-а? Сузиб юриши деганим эркин айтиши¸ ашуланинг ичига кириб¸ эшитувчини жалб қилиши. Ашулачилар борки¸ йиғлаб: “Эшитинглар мени, мен ашула айтаяпман” деб талаб қилади. Муножот унақа қилмайди. У тингловчини эшитишга мажбур қилиб қўяди. Эшитувчи қанақа қилиб экстазга тушиб қолганини ўзи билмай қолади¸ дейди Шавкат Мирзаев.

Муножот Йўлчиеванинг ўзи ҳам баъзан куй сеҳри домига тушиб қолишини айтади.

- Бу ҳар бир инсонга Оллоҳ томонидан берилган илоҳий неъмат. Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов¸ устозларимиз Жўрахон Султонов¸ Маъмуржон Узоқов¸ Юнус Ражабийларга овоз илоҳий берилган. Мана шундай овоз соҳиби бўлган инсонлар ижро пайтида ўзлигини унутади. Ижрога берилиб кетади. Ўзининг мусиқаси билан овозини тингловчига етказиб беради. Масалан¸ мен ўзим ҳам ижро қилган пайтларимда экстазга тушиш ҳолатлари бўлади. Ўзингиз сезмаган ҳолда берилиб кетасиз. Бутун вужудингиз ҳаракатга келади. Худди Худо билан инсонлар ўртасида боғловчидай бўлиб қолинади¸ дейди суҳбатдошимиз.

Муножот Йўлчиева саҳнада улкан қоя каби туради. У айтаëтган ашула маҳобати қўшилиб¸ хонанда шахсияти дахлсиз бир юксакликка кўтарилади. Хўш¸ ҳаëтда қандай Муножот Йўлчиева? Бу савол жавобини унинг устози Шавкат Мирзаевдан эшитамиз.

- Инсонийлиги жуда яхши¸ жуда ҳам баланд. Бировларга ëрдам берсам дейди¸ бировларнинг ҳожатини чиқарсам дейди. Ўзини бировга хафа қилдириб қўймайди¸ дейди Шавкат Мирзаев.

Муножот куйламоқда. Куйи шундай бўлса¸ дарднинг ўзига қандай чидай олган экан одамзод.

Бу қўшиқ кўплар дардига айнан маънода дармон бўлганидан мағрурман¸ дейди қўшиқчи.

Муножот Йўлчиева: Англияда ижро жараëнида ҳатто касал бўлиб ëтган инсонларнинг оëққа туриб келганларига мен ўзим гувоҳ бўлдим. “Мен мана шу ашулангизни эшитиб¸ малҳам топдим, оëққа турдим, мана бугун ўз оëғим билан шу концертингизга келдим” деган инсонларнинг гапини эшитдим мен ўша ерда. Бундай гапни Ўзбекистонда ҳам анча одамлар айтган. Сизнинг дардингиз шифо бўлди¸ деган гапларни ҳам эшитаман. Бу инсоннинг руҳиятига таъсир қилади.

Озодлик: Сиз одамларга далда бераяпсиз. Ўзингизнинг аҳволингиз яхшими? Соғликларингиз¸ кайфиятингиз...

Муножот Йўлчиева: Мен одамлардан энергия оламан.

Озодлик: Тирикчилигингиз яхшими¸ муаммолар йўқми? Мана кризис дейишаяпти.

Муножот Йўлчиева: Йўқ¸ ҳеч қандай муаммо йўқ, Худога шукур. Энг асосийси, Худойим бизни куч-қувватдан қўймасин. Соғлигимиз йўқолмаса¸ биз халқимиз¸ мухлисларимиз учун жонимизни беришга тайëрмиз.

Озодлик: Мен анчадан бери Ўзбекистонга борганим йўқ. Сиз билан охирги марта 2000 йилда Америка элчихонасида учрашиб¸ суҳбатлашган эдим. Шунга ҳам мана тўққиз йил бўлаяпти. Тирикчилик қанақа сизда? Тўйларга ҳам борасизми ëки фақат концертми?

- Тўйларга борамиз. Яхши йиғинлар бўлади¸ тадбирлар бўлади. Яна сафарларим бор. Худога шукур, нолиш йўқ,. нолимаймиз. Ҳаммаси жойида¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Ҳозир юлдузлар фабрикаси деган нарса чиққан. Тижоратга суянган бастакорлар бу фабрикалардан шоу юлдузларни етиштириб чиқаради. Шоу осмонида порлаши бу юлдузларга миллионлар сарфланади.

Бундан 30 йил олдин Шавкат Мирзаев фақат санъатга хизмат қилиш ғаразида Муножот юлдузини ëққанида ўзи қилаëтган ишнинг феълан юлдузлар фабрикаси эканини ўйламаган эди.
XS
SM
MD
LG