Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:23

Гумон яна Ўзбекистон исломий ҳаракатидан


Тожикистоннинг Исфара шаҳар ички ишлар бўлими жиноий қидирув бўлими раҳбари отиб ўлдирилди. Республика Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу қотилликда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг қўли борлигини иддао қилмоқда.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, 18 сентябрь куни Исфара шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, жиноий ишлар бўлинмаси раҳбари, подполковник Саидмурод Саидов ўз уйи олдида тўппончадан отиб ўлдирилган. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази вакили Фируз Боқийнинг айтишича, айни пайтда жиноят содир бўлган жойда махсус гуруҳ ишламоқда.

- Жиноий қидирув ишларига марказдан келган махсус гуруҳ ҳам қўшилган. Биздаги маълумотларга кўра, Саидмурод Саидов уст кийимини алмаштириб, “Мерседес бенс” русумли машинасига ўтирмоқчи бўлган пайтда номаълум шахслар томонидан тўппончадан отиб ўлдирилган. Қотиллар икки марта ўқ узган. Иккинчи ўқ подполковник пешонасига теккан, деди Фируз Боқий.

Республика Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази мулозими Маҳмадулло Асадуллоевнинг сўзларига кўра, милиция зобитини ўлдирганларнинг неча киши бўлганлиги ҳозирча номаълум. Бироқ бу гал ҳам қотиллар ЎИҲ аъзолари бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини таъкидлаган Маҳмадулло Асадуллоев тергов манфаатлари мақсадида бундан ортиқ маълумот беролмаслигини айтди.

Бироқ таҳлилчилар ва туманда истиқомат қилувчиларнинг таъкидлашларича, бу воқеалар милиция ва маҳаллий криминал шахслар ўртасидаги можаро бўлиб, неча йиллардан буён давом этиб келмоқда. Исфара туманида истиқомат қилувчи Баҳрулло Олимов сўзларига кўра, милиция ходимларига жуда катта ваколатлар бериб қўйилган.

- Бу туманда содир бўлган биринчи ҳодиса эмас. Милиция ходимлари уларга ким ўқ узганларни билишмайди.Оқибатда бегуноҳ одамлар ушланиб, қамалмоқда. Илгари одамлар туман ва қишлоқларда ўзларини озод ҳис қилиб, эркин юрарди. Ҳозир эса милиция вакилини кўрса, қўрқадиган бўлиб қолган, дейди Баҳрулло Олимов.

Маҳаллий таҳлилчи Бобожон Икромовнинг айтишича, Исфарадаги вокеаларни айнан Ўзбекистон исломий ҳаракати билан бевосита боғлаш унчалик тўғри бўлмайди.

- Бу воқеаларда кўпроқ тоғли Исфара туманига Афғонистондан олиб келинаётган ноқонуний наркотик моддалар сабаб, десак хато бўлмайди. Чунки бунда асосли далилларига ўрин бор. Зеро, Исфара шундай бир жойки, учта давлат Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош. Яширин фаолият олиб бориш ва ғойиб бўлиш учун жуда қулай жой, дейди Бобожон Икромов.

Эслатиб ўтамиз, 2008-2009 йиллар давомида Исфара туманида 12 нафар милиция ходимига қуролли ҳужум уюштирилган. Шу муддат ичида 9 нафар милиция мулозими ҳалок бўлди.

Милиционерларга қуролли ҳужум қилинганликда айбланиб, 30 дан ортиқ исфаралик ҳибсга олинган. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG