Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

Байрам дастурхони қимматга тушмоқда


Бозорларда четдан келган ширинликларнинг нархи осмонга чиқиб кетганидан нолиётган тожикистонликлар айни пайтда мева ва полиз эканлари арзонлигидан хурсандлар.
Бозорларда четдан келган ширинликларнинг нархи осмонга чиқиб кетганидан нолиётган тожикистонликлар айни пайтда мева ва полиз эканлари арзонлигидан хурсандлар.

Мусулмонларнинг улуғ байрами ҳисобланмиш Ийдул-Фитр арафасида Тожикистон бозорларида озиқ-овқатлар, хусусан, хориждан келтириладиган қандолат маҳсулотлари нархлари аввалги йилдагиларга солиштирганда анча қимматлади.

Дунё мусулмонларининг энг суюкли байрамларидан бири саналган Рамазон байрами Тожикистонда 21 сентябр куни нишонланади. Байрамда кўнгилдагидек дастурхон тузаб, меҳмон кутиш тараддуди эса одатда икки кун аввал бошланади.

Келинчаклар уй безаб, сеп ёйиш, момолар ҳолва, бўғирсоқ пишириш билан овора бўлиб турган айни пайтда эпчилроқ опа-сингиллар ва хонадон бошлиқлари бозор расталарини оралайдилар.

Душанбедаги йирик озиқ-овқат бозорларининг ҳаммасида шу кунда одам гавжум. Савдогарларнинг бош қашишга вақтлари йўқ.

Бозорларда Тожикистон жанубидан олиб келинган писта, бодомдан тортиб Ўзбекистоннинг Жиззах чўлларида етиштирилган, мазаси тилни ёрадиган қовунларигача топилади. Фақат бозор нархи чўнтакка тўғри келса бас - истаган нарсани харид қилиш мумкин.

Шоҳмансур бозоридаги мева ва ширинликлар расталарини оралар эканмиз, бундан бир ҳафта аввалги нарх билан бугунги нархни солиштирамиз. Дарҳақиқат, нархлар ошган.

Масалан, Эрон ва Туркияда ишлаб чиқарилган ширинликлар жойланмиш икки килолик қути бир ҳафта аввал 15 сомоний (3 ,37 доллар – таҳр.) сотилаётган эди. Бугун айни ўша нарса 27, баъзи жойларда эса 30 сомонийдан (6 – 6,7 доллар таҳр) сотилмоқда.

Топиш-тутиши дуруст бўлган тожикистонликлар, озиқ-овқат нархларининг икки баравар ошганига қарамай, турли егуликларни харид қилиб кетаяптилар. Аммо нарх ошиши фақат нафақа эвазига яшаётганлар ёки маошсиз кун кечираётганларга қандай таъсир қилди? Бу нархлар уларнинг чўнтакларини чақмаяптими?

- Нархлар чақадиган, ҳа чақадиган. Пенсиям 60 сомоний (тахминан 14 доллар - таҳр.). Энди ўзимизнинг ҳолимизга яраша тузаймиз. Нимани топсак, ўшани қўямиз-да дастурхонга, дейди биринчи суҳбатдошимиз душанбелик Робия ая.

- Нарх-наво жуда қиммат, ҳай, нима қилайлик,олмасак бўлмаса, меҳмонлар келишади, дейди Сабоҳат деб ўзини таништирган бошқа бир суҳбатдошимиз.

Ҳисор туманида яшовчи Саида хола ҳам бу йил бозорга харид халтасининг кичикроғини кўтариб чиққан.

- Мен мармелад, шоколад олдим. Ҳаммасидан ярим килодан олаяпман, чунки бир килога кучим етмаяпти. Битта шу меҳмонхонамга дастурхон солсам бўлди-да, иложимиз қанча, дейди нафақахўр Саида хола.

Қўлида рўйхат билан бозор дўконларига кириб-чиқиб юрган Хидиржон ака ҳам нархларнинг осмону фалакка чиқиб кетганидан шикоят қилар экан, савдогарларнинг диний байрамларни ҳам фойда кетидан қуваётганидан ранжиганини яширмайди.

- “Рамазонда нархлар арзонлайди” деган эди, аксинча қимматлашди. Ҳайитда эса ундан ҳам қимматлашибди. Топган нарсангиз ҳаммаси кетади. Энди тирикчилик - олиш керак, олмасангиз бўлмайди. Ўтган йили анча енгил эди, бунча қиммат эмасди. Энди бу маҳсулотларни Эрондан,Туркиядан, асосан, Хитойдан олиб келишади, бензин, йўлкира қиммат. Тожикистоннинг ўзида завод-фабрика қурилса, ҳамма нарса арзон бўларди. Шу нарса орзу бўлиб қолаяпти, дейди Хидиржон ака.

Айни пайтда тожикистонлик савдогарларнинг ҳаммаси ҳам Ҳайит арафасида сотаётган маҳсулоти нархини ошириб олмаган.

- Рамазони шариф байрами ҳурмати, савоб учун маҳсулотларни арзон нархларда сотаяпмиз. Бир азоблар билан четдан олиб келган юкларимиз устига атиги 20 дирам (4,5 цент – таҳр.) қўйганмиз. Сиз айтаётган қимматфурушлар улар савдогарлар эмас, улар олиб сотарлар. Бу иккаласини аралаштирманг, дейди Икромиддин исмли савдогар йигит гиналаган оҳангда.

Шунга қарамай, бугун Душанбе бозорларини кезган харидорларнинг аксарияти кўнгли, кўнгли билан бирга халтаси тўлмай уйга қайтди.

Аммо инсоф юзасидан айтиш керакки, бу йил ширинликлардан фарқли ўлароқ мева-сабзавот нархи ўтган йиллардагига қараганда анча арзон.

- Байрамга мева-чева сотиб олдик. Узумлар, энг яхши олмалар 1,5-2 сомоний (тақрибан 0,3-0,4 доллар – таҳр.). Ўтган йили узумлар 8-10 (2,5-3 доллар) сомоний эди, одамлар олганди. Биз шуни ҳам тополмай, “майли, неча пул бўлса ҳам” деб излаб юрганмиз ўтган йили. Бу йил анча арзон бозорларимиз. Худога шукур, йўқчиликмас, топилади ҳамма нарса. Ҳаммаларингизга байрам қуллуқ бўлсин, дейди Рудакий туманида истиқомат қилувчи Зулфияхон.
XS
SM
MD
LG