Линклар

100 йиллик ўғирлик

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон бозорларини айни кунларда қароқчилик йўли билан ëзилган дисклар тўлдириб турибди.

Ўзбекистон бозорларини айни кунларда қароқчилик йўли билан ëзилган дисклар тўлдириб турибди.

Бундан 110 йил муқаддам чор Россияси ва унинг бир қисми бўлган Туркистонда мусиқани ëзиб олиш тарихи бошланди. Айнан 110 йил бурун чор Россиясида мусиқаларни эгасидан сўрамасдан ўғирлаб ëзиб олиш ҳам бошланди.

Биринчи овоз ëзиш ускунаси ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига хоразмлик маърифатпарвар Худойберган Девонов тарафидан келтирилди.

У Санкт-Петербургдаги Граммофон ширкатидан овоз ëзиш аппарати ва грампластинкалар олиб келди. У олиб келган пластинкаларнинг баъзилари қароқчилик йўли билан кўчирилгани тахмин қилинади. Агар бу тахминлар рост бўлса¸ қароқчи дисклар тарихи бундан 100 йил муқаддам хонликлар даврига бориб тақалади.

1899 йил германиялик Эмиль Берлинер Россияда мусиқаларни пластинкага ëзишни йўлга қўйди. Бунинг учун ҳатто Ригада “Қўшиқ ëзувчи амур” деган завод ҳам қурдирди. Биринчи ëзилган грампластинкага Глинканинг “Шоҳга фидо умр” деган операсидаги валс муҳрланди.

Граммафон ширкатига оид грампластинкалар дарҳол ўша пайтда яширин ишлаган Мелодияфон ширкати тарафидан ўғирланиб¸ кўчириб тарқатилди. Шу тариқа диск қароқчилигига асос солинди.

Совет даврида бу муаммо юз кўрсатмади. Мамлакатда ягона тизим бор эди. Рақобат йўқ эди.

Ҳозир эса бундай рақобат даҳшатли тус олмоқда¸ дейди ўзи суратга олган кинолар премьерадан олдин бозорга чиқиб кетганидан қайғурган режиссëр Баҳром Ëқубов.

- Биз ҳалигача қароқчи дискларнинг қанақа қилиб тарқалиб кетишини била олмаяпмиз¸ дейди Баҳром Ëқубов.

“Кинога 50 минг доллардан зиëд пул сарфлаймиз. Шуни прокатдан чиқариб олишимиз керак. Аммо қароқчилик ривожлангани боис¸ кўпинча касодга учраймиз” дейди суҳбатдош.

Ëқубовга кўра¸ кўпинча фильм ҳали монтажда эканидаëқ ¸ уни ўғирлаш бошланади. Бу ҳолат нафақат Баҳром Ëқубов¸ балки кино устида ишлаëтган бошқа санъаткорларга ҳам тааллуқли¸ дейди Тошкентдаги тижорий студия директори.

- Менинг исмим Ғайбулло Раззоқов. “Шайҳонтоҳурфильм” студияси директориман. Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунимиз Олий мажлис ва бошқа тегишли органларда тасдиқланиб¸ чиққан бўлса керак. Лекин жойларда ҳали ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

Хусусий студиялар рақобатбардош фильмлар ярата олмаса¸ у банкротга учрайди. Хоҳлайсизми хоҳламайсизми¸ сарфланган харажатни чиқара олмайди. Натижада бу студия кейинги фильмларни қилишга маблағ топа олмайди.

Бизнинг ҳам аҳволимиз танг ҳозир. Чунки биз нечта фильм яратган бўлсак¸ Ўзбекистондагина эмас¸ бошқа давлатларда ҳам кенг илдиз отган уюшган жиноятчилик тўдалари бор¸ биз уларни кино қароқчилари деймиз¸ ҳали экранга чиқмасдан туриб¸ кинони ўғирлашади. Агар жуда қаттиқ сақласангиз¸ кинозалнинг ўзида цифровой видеокамера ëрдамида экраннинг ўзидан кўчириб олади ва бир кечада бутун Ўзбекистонга тарқатишади. Мактаб¸ коллеж¸ институтларда қўйишади. Қолаверса¸ ҳар қадамдаги кассета шаҳобчасида сотишади.

Ҳеч ким улардан “Ҳой ўртоқ¸ бу нарсани сотишга сенинг ҳуқуқинг борми? Лицензиянг қани? Кинони ишлаб чиқарган студия билан шартноманг борми? Қанақа қоғоз асосида ишлаяпсан?” деб сўрамайди. Хоҳлаган жойда¸ хоҳлаган вазиятда сотиб¸ бизларга қараганда кўпроқ даромад кўришаяпти.

Биз фақат “Панорама”да ëки “Дом кино”да қўямиз. Шундан қилган даромадимизга кейинги фильмимизни чиқаришга ҳаракат қиламиз. Бутун вилоятлардаги ва Тошкент шаҳридаги бозорларда фақат пиратлар ҳукмрон. Бунга давлатнинг баъзи бир органлари яхшироқ эътибор берса¸ яхшироқ бўларди. Чунки улар на солиқ тўлайди¸ на бошқа қилади. Ҳаммаси яширин. Чўнтакка ишлашаяпти¸ холос.

Мана яқинда Янгибозорга бордим. "Садоқат" деган ҳинд фильмини сотаяпти. Нима деб қўйипти¸ номларини қаранг: "Ўзбек киноси дурдоналари" деган чиройли обложка қилишипти. Ичида 10 та кино бор. 10 та кинонинг ичида “Садоқат” фильмини ҳам қўйиб қўйибди. “Садоқат қачондан бошлаб ўзбек киносининг дурдонасига айланиб қолди? Ким бунга бунақа ном қўйди?” десам¸ “А энди шунақа деб ном қўйсак¸ кинони кўпроқ сотамиз” дейишди. Мен “Мен ҳам бўлмаса видео сотадиган битта точка очишим керак экан. Мен ҳам сотишим керак экан” дедим.

Биз бу масалани кўтарамиз. Мен бу масала бўйича Республика прокуратураси¸ президент девони¸ республика Давлат солиқ қўмитаси¸ ИИВ га бир неча бор хатлар билан мурожаат қилдим. Ўтган йил “Садоқат” фильми бўйича мен кирмаган эшик қолмаган.

Бу йил мана “Сўғдиëна” ҳам шундай бўлди. Ҳозир бу фильм Наманган шаҳридаги кинотеатрларда бизларнинг рухсатимизсиз намойиш этилаяпти. Катта афишалар қўйишган. Томошабинларга очиқдан очиқ билетлар сотишаяпти. Бошқа вилоятларда ҳам бемалол шу фильмни бизнинг рухсатимизсиз қўйиб¸ даромад қилишаяпти. Бу борада республика Бош прокуратурасига¸ Солиқ қўмитасига ариза бердик. Билмадим натижаси нима бўлади. Биз Тошкентдамиз. Вилоятларда уларнинг бошқармалари бор. Шулар орқали назорат ўрнатишадими билмадим.

Ҳозир нафақат бизнинг студия¸ бошқа хусусий студиялар ҳам оғир аҳволда. “Ўзбекфильм” киноларини ҳеч ким ўғирламайди. Уларники асосан лентага олинади. Бизларники видеода олинади. Видеони ўзингиз биласиз¸ биттагина ДВД кассетани олади ва мактаб¸ коллежларга олиб бориб¸ келишган ҳолда сотаверишади. Бирорта ўқитувчи¸ мактаб директори¸ ректор¸ проректор “Ҳой ўртоқ¸ бу фалонча фильмни олиб келибсан. Бунинг рухсати борми қўйишга?” деб сўрамайди.

Билмайман¸ ë уларнинг шахсий манфаатлари борми¸ ҳамма нарсага кўз юмади. 500-1000-2000 нафар болани сафарбар қилиб¸ пулини йиғиб¸ киноқароқчиларининг қўлига тутқазишади. Нима қилишга ҳайронмиз. Мана сиз радиоданмиз деяпсиз. Мана шу масалаларни кўтариш керак¸ дейди Ғайбулло Раззоқов.

Баъзи маълумотларга кўра¸ 2006 йилда ўзбек режиссëри Искандар Салимов ҳам айнан видеоқароқчилар тарафидан ўлдирилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, “Скан Мулти” номи билан танилган марҳум режиссëрнинг қотиллари Искандар Салимовга тегишли компьютердан у суратга олган “Хўжа Насриддин” фильмининг оригинали сақланган ҳард дискни ўғирлашган.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йил 23 июн куни Тошкентда истеъдодли ўзбек кинорежиссёри, оператор ва продюсер, “Скан Мульти” тахаллуси билан машҳур бўлган Искандар Салимов танасининг тўққиз жойидан пичоқлаб кетилиши натижасида ҳалок бўлган эди. Қотиллик юзасидан Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми бўйича жиноий иш очилган эди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасига телефон қилиб¸ истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчиларни қароқчиликдан қутқариш учун нима қилиш керак¸ деб сўрадик.

- Бу билан бизларнинг ишхона шуғулланмайди. Бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Тадбиркор бўлганингизда бошқа гап эди.

Озодлик: Тадбиркор ҳам санъат асари яратиши мумкинку? Ўшани бошқалар копия қилмаслигини ҳимоя қилайдими?

- Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига телефон қилаяпсиз.

Озодлик: Ҳа¸ шундай.

- Бу бизларнинг ваколат доирамизга кирмайди. Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармамиз бор¸ ўша ерга телефон қилиб сўраб кўринг¸ дейди Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Шундан сўнг¸ қўмитанинг истемолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бўлимига телефон қилдик.

Озодлик: Видео¸ СД¸ ДВДларни ҳимоя қилиш механизмини сўрамоқчи эдим. Қандай бўлади бу?

- Ўтган ҳафта бир киши ҳам сўраган эди шекилли. Ҳозир у бўйича бизда материал йўқ.

Озодлик: Умуман бу қандай бўлади?

- Сиз бизнинг идорани биласиз-а? Келсангиз¸ шу ерда барча саволларингизга жавоб берамиз.

Озодлик: Ҳозир тушунтириб бера олмайсизми? Қанақа қилиб ҳимоя қиласизлар? Рейд ўтказасизларми ëки...

- Йўқ¸ ҳозир бизда ҳисобот даври. Ҳисобот қилаëтган эдик. Келсангиз¸ шу ерда юз кўришиб¸ ҳамма саволларингизга жавоб берамиз. Бу ерда жамоатчилик идораси бор. Биздан ташқари улардан ҳам маълумот олишингиз мумкин¸ деди Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг истемолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходими.

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид махсус қонун қабул қилинган¸ аммо бу қонун ижроси ҳақида мулозимларда тайинли бир тасаввур йўқ.

Ўзбекистондаги қонун катагининг ораси катта тўрга ўхшайди. Катта наҳанглар унинг орасидан ўтиб кетаверади¸ дейди мусиқа дунëсини яхши билган тошкентлик продюсер.

Озодлик: Мана муаллифлик ҳуқуқи деган нарса бор. Дейлик артистларнинг дискларини копия қилмаслик ва ҳоказо.

- Ҳа. Ҳамма дисклар олиб борилиб¸ ўша ерда рўйхатдан ўтказиб қўйилади.

Озодлик: Қаерга олиб борилади?

- Маданият вазирлигида шунақа бўлим бор. Авторлик ҳуқуқларини ҳимоялаш¸ деган жой бор.

Озодлик: Кейин шу асосда патент берадими?

- Ҳа¸ ўзлари нимадир беришади. У ерда бу рўйхатдан ўтказилади. Бошқа бир киши ижро этса¸ “Бу мана бу одамники. Сиз нимага ижро этдингиз?” деб ҳуқуқи ҳимоя қилинади. Ë бир нарса ундирилади¸ ëки бошқа бир нарса қилинади.

Озодлик: Бировнинг қўшиғини айтиб юрганлар ҳам борку.

- Балки келишишгандир. Бу ашуланинг ижрочисидан сотиб олгандир.

Озодлик: Сотиб олиш ҳам борми?

- Албатта. Масалан¸ сиз битта ашула ëздингиз ва сизнинг ашулангиз менга ëқди. Мен “Менга беринг. Мен сотиб оламан. Шу ашуланинг муаллифлик ҳуқуқини менга сотинг” дейман ва сотиб оламан. Кейин бу ашуланинг эгаси “мен уни сотганман” деб айтади.

Озодлик: Қадимий мумтоз ашулаларнинг эгалари ким?

- Ўзлари эгалари. Ким ижро этган бўлса шу.

Озодлик: Мана Комилжон Отаниëзов¸ Таваккал Қодировлар бор. Уларнинг ашулаларининг муаллифлик ҳуқуқи кимга ўтади? Болаларигами?

- Бу Комилжон Отаниëзовнинг ўзиники. Ким айтса ҳам “Комилжон Отаниëзов мусиқаси” деб айтади.

Озодлик: Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи дега нарса бугун пайдо бўлди-а? Олдин йўқ эди бу нарса.

- Йўқ¸ олдиндан бор эди.

Озодлик: Олдин кучли эмас эдида. Пул аралашгандан кейин кучли бўлиб кетди. Шунча пул сарфлаб¸ диск ëки кассета чиқарсангизу¸ уни арзон гаровга сотиш ташлашса. Бу ëмонку.

- Бу сиз айтаëтган нарсани қароқчилик дейди. Бу ҳамма жойда бор.

Озодлик: Бунга қарши қандай курашишаяпти?

- Мана бизда лицензия билан диск чиқарадиган компаниялар бор.

Озодлик: Мана 50 минг доллар сарфлаб кино ишланади.

- Ўша кино иштирокчиларининг ўзлари қаттиқ туриб¸ ўзлари прокат қилса¸ ўзини оқлаши мумкин. Агар кимгадир дискда берса¸ бу бир соатнинг ичида бутун Ўзбекистонга тарқалади. Бунинг учун кинони чиқарган одамнинг ўзи эҳтиëт бўлиши керак¸ дейди тошкентлик продюсер.

- Ҳамма ëққа сотилгандан кейин¸ ҳамма ëқда қонунбузарлик бўлгандан кейин¸ мана ҳозир сценарий ëзишга қўлим бормайди¸ кино қилишга қўлим бормаяпти. Чунки кино қиласан¸ кечаси билан меҳнат қиласан¸ машаққат билан сценарийни ëзасан¸ у ëқдан¸ бу ëқдан қарз кўтариб¸ фильмни чиқарасан¸ халққа кўрсатасан¸ охири нима билан тугайди? Ўша сарфлаган пулни чиқариб ололмаслик даражасига бориб қолаяпти. Бизда фильм қилишимиздан руҳий қониқиш бор. Аммо моддий қониқиш бўлмаяпти¸ дейди “Шайҳонтоҳурфильм” студияси директори Ғайбулло Раззоқов.

Бу гапларга қўшимча ўлароқ Ўзбекистон расмий матбуотидаги мана бу хабарни келтирсак.

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ички ишлар ходимлари ноқонуний йўл билан қалбаки аудио-видео маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цехни аниқлашди. Тадбир натижасида бу қароқчилардан аудио-видео маҳсулотларини ноқонуний равишда кўпайтираётган 15 та махсус асбоб-ускуналар тортиб олинган. 20 та рангли принтер, 20 мингта сотишга тайёр қароқчилик йўли билан тайёрланган дисклар ва бошқа маҳсулотлар ҳам мусодара қилинган.

Қалбаки йўллар билан тайёрланган бу маҳсулотлар сотилганда эди, ўзбек матбуотининг ҳисоб-китобича¸ буларнинг ҳақиқий муаллифларига шу йўл билан 400 миллион сўмлик зарар келтириларди.
XS
SM
MD
LG