Линклар

Ўзбек ўзбекни қандай танийди?

  • Замира Шукур

Йилда икки маротаба - Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари хориждаги ўзбекнинг бошига ҳам дўппи қўнади...

Йилда икки маротаба - Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари хориждаги ўзбекнинг бошига ҳам дўппи қўнади...

Бугун миллионлаган ўзбек тариқдек дунëнинг тўрт томонига сочилиб кетди. Насибасини излаб хорижга чиққан ўзбек миллатдошини кўрса ўзини қандай тутишини Сиз ҳам кузатганингиз бордир...

Бундан ўн йилча аввал¸ Прагадаги ўзбекни ҳам¸ қирғизу қозоқни ҳам бармоқ билан санаса бўларди.

Шу боис¸ қирғиз дугонам билан Эски шаҳарга айлангани чиқсак¸ миллатдошларимизни учратиш имкони йўқлигидан¸ ўтган-кетганлар ичидан “совчак” –собиқ СССРдан келганларни санардик.

- Ҳув¸ муюлишдан бурилганлар¸ 100 да 100 фоиз ўрислар¸ дер эдим мен дугонам билан баҳс бойлаша туриб.

Устига ялтиллаган қундуз пўстин ташлаб¸ оëғига пошнаси бигиздек этик кийиб олган қадди-қомати ҳам¸ ҳусни жамоли ҳам
“кетворган“ ëшгина қизу¸ унинг ëнидаги боши кал¸ қорни катта¸ қиздан бир калла паст амаки¸ ëнимизга яқинлашар экан¸ ўрисчалаб бақирганча нимадандир шикоят қилиш орқали¸ менинг тахминим устига тасдиқ муҳри босишарди.

- Ҳув¸ анави келаëтган жуфт қозоқлар¸ дер эди қирғиз ўртоғим баҳсни давом эттирар экан.

Қирғиз билан қозоқнинг фарқига бормаганим учун¸ одатда ичи мўйналик пўстин кийиб¸ кўзларига қимматбаҳо кўзлик тақиб олган зиëлинамо жуфтликнинг айнан қозоқ эканини тасдиқлатиш учун¸ уларга салом бериб¸ икки оғиз у ëқ бу ëқдан гаплашиб¸ сўнгра қаердан келганларини сўраб олардик.

Қисқа суҳбат асносида¸ аксари Карлови Варининг совет номенклатураси орасида машҳур бўлган курортларига келадиган бу бой минтақадошларимиз¸ қирғиз дугонамнинг ҳақлигини тасдиқлаб беришарди.

- Қирғизни қозоқдан қандай ажратасан¸ деган саволимга ¸ биринчидан¸ қирғиз бойлари қозоқнинг нефтчиларидек кийинишмайди¸ кейин қозоқнинг керилиб юришидан таниш қийин эмас¸ деб менга сабоқ берарди дугонам.

Бу каби баҳсларимиздан бери кўп сувлар оқиб ўтди ва бугун Прага марказида ўзбекни учратмайдиган¸ ўзбекча калимани эшитмайдиган жойни топиш қийинлашди.

Бугун мен Прагадаги ўзбекларни етти чақирим наридан¸олдию орқасидан яна 100 да 100 аниқликда таниш ҳадисини олдим.

Қишда Хитойнинг¸ одатда ер рангига яқин сўник ранглардаги арзон ва қавима пўстини ëхуд сунъий чарм курткаси молниясини ëпиш ўрнига унга чопон каби ўралиб олиб¸ бошига ленинча кепка ëхуд тўқима шапкани бостириб оладиган ўзбек йигитларини юришидан¸ қаддини тутишидан танийман.

Гўë исталган дақиқа орқасидан шавқатсиз бир қўл келиб¸ бўйнига чанг соладиган каби¸ бўйнини пўстини ичига тортиб¸ ҳозиргина кимдандир елкасига мушт еган каби қаддини олдинга эгиб¸ ерга боқиб¸ борадиган ери йўқ одамдек оëғини иммилаб тортади Прагада мен йўлиқадиган миллатдошларимнинг кўпи.

Узоқдан ўзбеклигини билиб¸ яқинлашгач¸ “Салом йигитлар¸ қалайсизлар?”¸ деб мурожаат қилсам¸ саломга паст овозда алик-олар олмас¸ кўзини олиб қoчиш ва кўзи ортидан ўзи ҳам тезроқ нигоҳдан ғойиб бўлишга ошиқади уларнинг кўпи.

Ҳатто қизларимнинг бийрон-бийрон ўзбекча қий-чуви ҳам одатда тўртта-бешталашиб юрадиган юртдошларим юрагини эритиб¸ яқин келиб¸ икки оғиз гурунглашишга руҳлантира олмайди.

Уларнинг кўпи ўзбекни кўрар кўрмас¸ қишлоқдан Тошкентга кела солиб мелисага йўлиққанлар каби¸ ўзини ëн кўчаларга уриб кетишдан ҳам тоймайди.

Хорижда ўзбекни учратиш¸ уларнинг кўпи учун гўë унутишни истаëтгани нохушлик каби¸ исталмаган ҳодисадек.

Саддам Ҳусайн қулаб¸ Ироқда баасчилар учун сичқоннинг ини минг танга бўлиб турган бир пайтда Прагага келган бағдодлик бир танишим¸ кўча эшигини очар экан¸ бир икки дақиқа деразани кўчани кузатар¸ кўчага чиққач ҳам ҳар икки қадамда бир тўхтаб ëн-атрофига қараб олар эди.

Сиëсатдан йироқ бир ироқликнинг Европа қоқ марказидаги бундай ғалати қилиғидан ажабланиб¸ сабабини суриштирганимда дўстимдан “Саддамнинг итлари ортимдан пойлаëтган бўлиши мумкин”¸ деган янада ажабтовурроқ гап эшитган эдим.

Саддам замонида ўрнатилган ялпи кузатув¸ режим хуфяларининг аксарият қадамини пойлаб юриши оддий ироқликлар шуурини шунчалик қўрқув исканжасига олган эдики¸ шўрлик дўстим Саддам қулаб¸ унинг хуфялари тум-тарақай бўлганидан бир йилча ўтиб ҳам¸ ироқликни кундуз чироқ ëқиб топиш ҳам қийин бўлган Прагада туриб ҳам бу қўрқувдан қутула олмаган эди.

Ўзбекни кўрса чўчиб¸ йўлни чапга солиб қочадиган¸ бир дўстим айтмоқчи¸ ҳашарот каби¸ кўзга имкон қадар ташланмасликка уринадиган миллатдошларимиз борлиғини ҳам шу каби қўрқув домига тортгандек.

Озод Европага чиқиб ҳам¸ бу ҳадикдан озод бўла олмаëтган миллатдошларим билан ҳар гал тўқнаш бўлганимда¸ бир кун келиб уларни бу қўрқувдан қутқариш учун 40 йил етармикин¸ деган бир тушкунликка бериламан....

Сиз не дейсиз -

Нега хорижга чиққан аксар ўзбеклар бир-бирини кўрганда¸ эшитганда ўзини гўë кўрмагандек¸ эшитмагандек тутадилар?

Узоқ юртларда бир-бирини кўрганда¸ жилла қурса¸ саломини бериб ўтиб кетишдан уларни нима ҳайиқтиради?

Шоир Эркин Воҳидовнинг "Қайга борсам бошда дўппим¸ Ғоз юрарман гердайиб..." дея тасвирлагани ўзбек қайда қолди?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG