Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:00

"Пошшоларга инсоф бер!"


Ҳайит намозида дуога очилган қўллар!
Ҳайит намозида дуога очилган қўллар!

Дунë мусулмонлари қатори Рамазон ҳайитини нишонлаëтган ўзбек-тожик чегара ҳудудидаги аҳоли¸ икки қўшни ўртасида нормал борди-келди ўрнатилиши орзусида¸ шундай тилак қилмоқда.

Тожикистон шимоли Сўғд вилоятининг Конибодом туманидаги Патар ва Равот қишлоқлари Ўзбекистоннинг Қўқон ва Бешариқ шаҳарларига деярли қўшилиб кетган.

Ҳайит куни булгани учун хам одамларнинг қатнови шу куни анча кўпроқ¸ аммо чегарадан ўтиш ҳар доимгидан-да қийинроқ. Зотан¸ Андижон воқеаларидан кейин Патар-Андархон чегара ўтказиш пунктидан одамлар ўтиши кескин камайтирилган.

Чегара ҳудудида суҳбатлашганимиз илк суҳбатдош Ўзбекистоннинг Бекобод туманидан келган.

- Бекобод туманида истиқомат қиламан.Қариндош-уруғларимизнинг ярмидан кўпроғи Тожикистонда яшайди.Борди-келди жуда қийинлашган. Айниқса¸ тожикистонлик қариндошларимизнинг Ўзекистонга келиши азоб , шу сабаб ўзимиз тез-тез хабар олиб турамиз.Агар ният қилиб келишмоқчи бўлишса, бу чегарада бор нарсаларини шилиб олишади.Буни ўзим ҳам кўрганман.Энди шу ҳайит кунларда ҳамма соғ-саломат бўлсин, оиласида тотувлик бўлсин, одамларга инсоф,имон берсин парвардигор, дейди бекободлик аёл.

Ўзини Ҳайдарали деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз,

- Қутлуғ айём куни ҳаммага тинчлик ,тотувлик тилаш билан биргаликда арзончилик бўлсин,икки республика ўртасидаги йўллар очилсин. Аразлаган ва уруш қилганлар ҳайит куни ярашсин, дея дуо қилади.

Ҳафизахон асли Қўқонда туғилган¸ аммо Конибодомга келин бўлиб тушган.

- Тожигу ўзбеклар азал-азалдан қуда-анда, бир-бирига қовушиб кетган халқдир. Оиламизда биз икки қиз Тожикистонга келин бўлиб тушган. Қани энди чегаралр очилсаю ота оналаримизни бемалол бориб кўриб келсак.Шу ҳайит кунлари ҳаммага сиҳат-саломатлик тилаб, йўллар тез орада очилишини орзу қилаяпмиз, дейди Ҳафизахон.

Гарчи чегара олди ҳудудларида яшовчи аҳолининг беш кунлик визасиз борди-келди хуқуқи бўлса ҳам, икки томондаги саккизта постда ҳужжат кўрсатишлари, қаерга боришаётганини айтишлари шарт. Боз устига паспортларга қўйилаётган муҳрлар натижасида паспорт саҳифалари бир-икки ойда тўлиб қолмоқда.

- Шу Бешариққача кўпи билан 10-15 километрлик йўл. Лекин шу қисқа йўлни босиб ўтиш биз учун катта азоб. Мана қаранг милиция, чегарачи, таможня, яна санитар пости турибди.Худди шу постлар Ўзбекистон томонида ҳам кутиб турибди. Нима учун барча тараққий қилган малакатлардек мана шунақа байрам кунлари чегарани очиб қўйишмайди, дейди Жаббор Расулов туманида истиқомат қилувчи Муҳаммаджон.

Ҳайит кунлари одатда одамлар Яратгандан тинчлик-хотиржамлик сўрашади, оила-аъзоларига сиҳат-саломатлик тилашади. Чегарадан ўтаётганлардан улар кўнглида яна қандай тилаклари борлигини сўрадик.

- Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига инсоф берсин,ака- ука сингари яшашсин. Икки халқни бирлаштирсин,йўлларни очиб ташлашсин.

- Парвардигор пошшоларга ўзинг инсоф, имон бер.Ўз халқлари ,қўшниларига ғамхўрлик кўрсатиб, оғирини енгил қилсин раҳбарларимиз. Ҳаммамиз янаги шу ҳайит кунларгача соғ саломат, эсон омон етиб борайлик¸ деган дуога очилди аксар қўллар...
XS
SM
MD
LG