Линклар

Эркин микрофон - Этик кийган хўтикча...


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Рамазон ҳайити табриклари¸ Қозоғистондаги ўзбек мактабларининг китобсизлигию¸ "Этик кийган мушукча" га пайров қилиб ëзилган шеър - “Эркин микрофон” нинг 21сентябр куни жамланган сонидан жой олди.

Рамазон тилаклари

Илк суҳбатдошимиз андижонлик Рустам Ўзбекистон аҳлини Рамазон ҳайити билан қутлайди.

- Ўзим ҳамда бошқа барча мусулмонлар номидан ўзбекистонликларнинг барчасини¸ бутун дунë мусулмонларини кириб келган Ҳайит байрами билан табриклайман. Озодлик радиосининг ходим ва ходималарини ҳам табриклайман. Ўзбекистонда Ислом учун яхши натижаларга эришишликни тилайман. Ҳамма инсонларга илм ўрганиш ва ўргатиш насиб қилсин. Жамиятимизни Оллоҳнинг ўзи ҳар хил оқим ва фирқалардан ҳимоя қилсин¸ дея тилак билдирди Рустам.


Ўзбекча китоб йўқ...

Кейинги суҳбатдошимиз Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида яшовчи Аваз ака қозоғистонлик ўзбеклар билан боғлиқ бир муаммони тилга олади.

Аваз ака: Туркистонда 50 фоиз ўзбеклар яшайди. Мен ўзим мактаб дарсликлари сотаман. Ўзбекча китоблар йўқ. Ë мактабда йўқ¸ ë магазинда йўқ¸ ë бозорда йўқ. Болаларга китобинг йўқ ¸деб икки қўйишар экан. Болалар йиғлаб юрибди.

Озодлик: Туркистонда шунча ўзбек мактаблари бор.

Аваз ака: Ҳа¸ ярмидан кўпи ўзбеклар.

Озодлик: Демак¸ ўзбек мактабларида китоб муаммоси бор.

Аваз ака: Китоб мутлақо йўқ 10 йилдан бери. Ҳаммасининг китоби йўқ¸ йиғлаб юрибди. Мактабга борса¸ китобинг йўқ деб икки қўяр экан.

Озодлик: Мана сиз савдогар экансиз. Ўзбек китобларини бирор жойдан топиб келиб¸ савдога қўйишнинг иложи борми?

Аваз ака: Иложи бор¸ лекин қиммат. 800-1000 танга. Биз ҳозир 100 тангадан эски китобларни сотамиз. Ўзбекча арзон китоблар йўқ. Ўзбекистоннинг китоблари тушмайди бу ëққа.

Озодлик: Шуни Ўзбекистондан олиб келишнинг иложи йўқми?

Аваз ака: Ўзбекистондан олиб келадиганларимиз лотин ҳарфида. Бизда эса кириллча. Ë китоб топиш керак¸ ë лотинга ўтказиш керак¸ ë бошқа нарса қилиш керак.

Озодлик: Қаранг¸ болалар мактабда ўзбек тилида ўқиса¸ лекин китоб бўлмаса. Уларнинг билим олиш савияси қанақа бўлади?

- Жуда қийин бўлади. Кўпчилик қозоқча¸ русчага беришга мажбур бўлаяпти. Келиб биздан ўзбекча китоб сўраса¸ биз жавоб бера олмай қолаяпмиз. Қўрқиб кетаяпмиз. Чунки улар бизни айбдор қилаяптида. Одамлар келиб “Ўзбекча китоблар борми?” деб сўрайди. “Йўқ” десак¸ “Нима учун йўқ?” деб бизларга нима қилаяптида¸ дейди Аваз ака.

“Россияга келманг”

“Эркин микрофон”нинг аввалги сонларидан бирида наманганлик Моҳигул исмли тингловчимиз меҳнат муҳожирлигида юрган ватандошларига мурожаат қилиб, Россияга ишлагани бормоқчи эканлигини, у ердаги шарт-шароитлар ҳақида муҳожир акаларидан гапириб беришни илтимос қилган эди.

Унинг айни мурожаатига Россиядаги кўплаб ўзбек муҳожирлари ўз муносабатларини билдиришда давом этишмоқда.

Россияда ишлаётган асли Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидан бўлган Расулбек ҳам Моҳигул ва умуман барча ўзбек аёлларига “Россияга келманг” дея мурожаат қилиб, бу ерда аёлларнинг хўрланишини айтади.

Расулбек: Аëл кишининг бу ерга келиши шарт эмас. "Эркин микрофон"да битта синглимиз “Россияга бориб ишламоқчиман” деган эди. Қиз боланинг Россияга келиши мумкин эмасда. Майли¸ аëллар бизни яхши кўрсин¸ ëмон кўрсин. Аëлларнинг кўпи бу ерда ўз касби¸ ўз меҳнати билан пул топади. Лекин кўпчилиги азобда юрибди. Ҳар хил йўлларда юрибди-да.

Масалан¸ бу ерга битта-яримтасини алдаб олиб келишади. Келган билан ë паспортини олиб қўяди¸ ë бошқа нарсасини олиб қўяди¸ кўчага чиқса¸ милиция ушлаб олади. Кейин уларга ўзларининг айтган ишини қилдириб юради. Фоҳишачилик қиласан деса¸ шуни қилади¸ бировнинг уйига бориб хизматкор бўласан деса¸ шуни қилади. Бошқа нима ҳам қила оларди. Шунақа нарсаларда.

Россияда ишлаб юрган аëллар мени кечирсин. Ўз оиласи билан келиб юрган аëллар бор. Ишлари жойида¸ ҳаммаси яхши. Кўпчилиги фоҳишачилик билан¸ бошқа билан шуғулланаяпти. Буни кўзимиз билан кўриб туриб биз бунга чидай олмаймизда. Супур-сидири борми¸ бировнинг деразасини ювиш борми¸ ҳалоли бўлсин¸ ҳар ким ўз касбидан топади. Масалан¸ поччаси чақириб олган. Опаси билан жиянини сотиб кетган. Ўшандайларни кўриб¸ одамнинг юраги эзилиб кетади. Тайинли иши бўлса келсин. Бирорта киши чақириб¸ нима қилиб келса¸ бу нарса тўғри келмайди. Алдамчи йўл жуда ҳам кўп. Кризис¸ пул бор¸ пул йўқ деяпти.

Озодлик: Демак¸ сиз ўзбек аëлига Россияга келманглар деб айтардингиз.

- Ҳа. Майли¸ йигитлар калтак еяр¸ бошқа қилар. Ўз кунини кўради. Йигит киши чидайди. Лекин аëл кишини кўрдик¸ кўраяпмиз ҳам. Аëл кишига қийин бу ерда¸ дейди Расулбек.


Этик кийган хўтикча....

Тошкент вилоятида яшовчи Ёғду исмли бир ижодкор акамиз ўзининг ижод намуналаридан Озодлик мухлисларига ҳам ўқиб берди.

Бу эшак ҳам хўтик эди¸
Оддийгина хўтикча¸
Бир кун омад кулиб боқиб¸
Топиб олди этикча.

Этик десанг этиклардай¸
Узун қўнжи бор эди¸
Баландпошна амрикони¸
Учи учлик тор эди.

Ҳеч кимда йўқ бундай этик¸
Юришини қаранглар.

Бу катта мавзуда. Шарҳлаш учун бўлса¸ русларда “Кот в сопагах” деган мултфильми бор. Бизда мушук унчалик миллиятга яқин эмас. Бизнинг миллий қаҳрамонимиз менимча эшак бўлса керак. Ўзбеклар местний кадр дейдию. Ана энди ўша эшакка¸ эски мақол бор¸ “Эшакка шох битса¸ ҳаммани сузади” дейди. Ўшанга ўхшаб хўтикни ўзимга қаҳрамон қилиб олдимда¸ унга амал бердим. Нарëғи жуда қизиқ. Амал бергандан кейин у ўзининг ҳақиқий башарасини кўрсатади.

Ҳар дарахтга эшакнинг суратини осишиб¸
Ҳужжатларга тақасин¸ муҳр қилиб босишди.

деган жойлари бор. Яна бир жойи бор.

Хуржун бўшаб қолса эшак¸ нозирларни чақирар¸
Ер тепиниб¸ кўпик сочиб¸ нозирларга бақирар.
Бу қандай гап¸ нима учун унақа¸ унақалар бунақа¸
Эгилади бошлар аста¸ савол тушар қоғозга¸
Ва ниҳоят эшак сўзи қўйилади овозга.

Энди жуда бир қизиқ¸ дейди Ëғду.

***********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG