Линклар

Фарғонада пластик карточкалар музлатилди

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонда аҳолига мажбурлаб тарқатилган пластик карточкаларнинг кўп жойда сариқ чақалик ҳам қиммати қолмаган¸ дейишмоқда оддий ўзбекистонликлар.

Ўзбекистонда аҳолига мажбурлаб тарқатилган пластик карточкаларнинг кўп жойда сариқ чақалик ҳам қиммати қолмаган¸ дейишмоқда оддий ўзбекистонликлар.

Аҳоли қўлига “мажбурий-ихтиёрий” тарзда берилиб¸ уларни нарх-наво бозордан уч баравар қиммат бўлган дўкондан харид қилишга зўрлаб келган пластик карточкалар¸ ҳайитга келиб Фарғона туманларида ишламай қолди.

Пластик карточкаларнинг вақтинча музлатилгани ҳақида Озодлик радиосига фарғоналиклар хабар қилишди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов пластик карточкаларнинг қабул қилинмаётгани, айниқса, ойлик-маошлари ва нафақаларини вақтида ололмаётган оддий халққа оғир тушаяпти, дейди.

- Нафақахўрларнинг 50 фоиздан ошиғи шу кунгача ҳали пенсиясини ололгани йўқ. Ҳозир Фарғона вилоятида пластик карточкани бензин шаҳобчаларидан ва аптекалардан олиб қўйишипти. Бу дегани президентимизнинг сиëсатига қарши бўлаëтган¸ қандайдир жанжал чиқариш ниятида бўлган мансабдор шахсларнинг қилаëтган тараддуди, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Ёзёвонлик Қаюмжонга кўра, дўкондорлар пластик карточкаларнинг вақтинча - пахта мавсуми тугагунча қабул қилинмаслигини айтмоқда. Бундан мақсад эса пахта мавсуми харажатларини қоплаш учун нақд пул тушумини ошириш сифатида шарҳланмоқда.

Қаюмжон: Пахтадан кейин ишлар экан. Пахта ичи ишламас экан.

Озодлик: Ҳозир шунақа дейишаяптими?

Қаюмжон: Пластик умуман музлатилди ҳозир.

Озодлик: Қанақа бўлаяпти бу? Одамларнинг асосий пули пластик карточкада бўлса¸ қанақа қилиб савдо қилишаяпти?

Қаюмжон: Бўлмаяпти¸ пул йўқ.

Озодлик: Пул йўқ¸ тушум ҳам йўғ-а?

Қаюмжон: Ҳеч бало йўқ. Одамлар зўрға яшаяпти.

Озодлик: Ўқитувчилар пулининг каттагина қисми пластик карточкага туширилаëтган бўлса¸ энди пластик карточкадаги пулига ҳам озиқ-овқат ололмаса? Қанақа бўлаяпти? Одамлар нима дейишаяпти?

- Чидаб яшалаяпти. Юртбошларимизга инсоф бериб қолса¸ Худо хоҳласа яхши кунлар келиб қолар деб ëтибмиз ака, дейди ёзёвонлик Қаюмжон.

Маълум бўлишича, пластик карточкаларни вақтинча қабул қилмаслик чораси¸асосан¸ туманларда жорий қилинган. Фарғона шаҳридаги савдо шаҳобчаларидан бирининг исмини айтишни истамаган хўжайинига кўра, унинг дўконида ҳам нақд пулга, ҳам пластик карточкага бемалол харж қилиш мумкин.

- Бунақа гап бўлганда¸ бизга ҳам етиб келарди. Бизники катта магазин.

Озодлик: Одамлар пластик карточка билан савдо қилишаяптими ҳозир? Сизларга келган одамлар кўпининг қўлида пластик карточкалар бўладими ëки нақд пулми?

- Иккаласи ҳам бўлаяпти. Нақд ҳам бор¸ пластик ҳам бор.

Озодлик: Нақд пулга олиш билан пластикка олишнинг орасидаги фарқ қандай? Нархида ҳам оз мунча фарқ бўлса керак.

- Йўқ¸ нархлар бир хил. Ëзилган нархда пластикка ҳам¸ нақд пулга ҳам сотилаяпти, дейди дўкончи суҳбатдошимиз.

Лекин Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Дилдора аянинг айтишича, шаҳарда ҳам баъзи дўконларда пластик карточкалари қабул қилинмаяпти. Ўзи пластик карточкадаги пулингизга озиқ-овқат маҳсулотларини икки баробар, баъзи ҳолларда уч баробар қимматига сотиб олишга мажбурсиз, бугун шу ҳам йўқ бўлди, дейди суҳбатдошимиз.

- Пластик карточкага савдо қилмаяпти экан. Пул туширамиз¸ деб борса бермаяпти экан. 20 фоизини олиб қолаяпти. Пластик карточкага нарсалар роса қиммат. Мана бозорда помидорнинг уч килоси 1000 сўм. Пластикка эса бир килоси 1000 сўм. Картошка бозорда 500 сўм бўлса¸ пластикка 1500 сўм. Кўпчилик ҳозир пластикка савдо қилмаймиз деяпти, дейди Дилдора ая.

Ўзбекистонда бир йил аввал пластик карточкалари жорий қилинганидан бери бюджет хизматчилари ойлик маошларининг 30 фоизидан 50 фоизигача бўлган қисми пластик карточкларига тушириб берилмоқда. Устига устак маошлар ва нафақалар вақтида берилмаётгани инобатга олинса, расмийларнинг нақд пул тушумини кўпайтириш учун кўраётган бу чоралари йўқ деганда ғалати туюлади.

Эфирга тайёрланаётган кун Ўзбекистонда Рамазон ҳайитига тўғри келгани боис, расмийлардан бу ҳолат юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидан бизга қўнғироқ қилган ўқитувчи Шукруллоҳ ака бир неча ойдан бери маошини ололмаганини айтади. Қўлимизда нақд пул бўлмагани учун озиқ-овқат маҳсулотларини бозордан эмас, пластик карточкаларига савдо қиладиган дўконлардан олаётган эдик, энди ҳукумат пластик карточкаларини ҳам музлатиб қўйган бўлса, нақд пул тушумини ниманинг ҳисобидан кўпайтиришмоқчи эканидан ҳайрон қоласан киши, дейди бағдодлик суҳбатдошимиз.

- Ўзи ойлик бермайди¸ пластик карточкани бир ҳафтага музлатди. Иш ҳақларини ололганимиз йўқ. Апрел ойидан бери мен ойлик олганим йўқ. Пластик карточкага туширади. 10-20 фоиз нима билан озиқ-овқат оламан. Машинага бензин оламан. Шунақа қилиб юрардим. Уни ҳам ҳозир музлатибди эмиш. Фарғона вилояти бўйича бир ҳафтага деяпти. Яна билмадим. Шунда нақд пул тушармиш. Ўзи йўқ пул қаердан тушади? Менда нақд пул йўқку. Музлатган билан мендан қандай қилиб нақд пул тушади? Қанақа иқтисодчи булар ҳайронман. Нақд пулнинг ўзи йўқ. Ҳаммаси пластикда.

Одамларда нақд пул бўлмагандан кейин қанақа тўлов бўлади? Пластикни музлатса¸ банкларга нақд пул тушармишда. Муллажоновнинг шогирдларига ҳам ҳайрон қоламан. Қанақа одамлар булар? Халқнинг пулига йўқ пулни бериб¸ нақд пул талаб қилиш. Бу жуда қизиқ нарса, дейди бағдодлик ўқитувчи Шукруллоҳ ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG