Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:37

Ленинизмда отилган ўзбеклар


Чегара чизиғидан узоқда ўз миллатдошларига қарата ўт очган чегарачи¸ айтилишича¸ расмий идоралар ҳимоясига олинган.
Чегара чизиғидан узоқда ўз миллатдошларига қарата ўт очган чегарачи¸ айтилишича¸ расмий идоралар ҳимоясига олинган.

20 август куни Сирдарё вилоятида чегара қўшинлари зобити ўзбекистонлик эр-хотинни ўққа тутди. Бу ҳақда орадан бир ой ўтиб — касалхонадан чиққачгина оғиз очган жабрдийдалар айни кунларда ҳам танага санчилган ўқ билан ётишибди.

20 август куни Сирдарё вилояти, Сирдарё туманининг Қозоғистон билан чегара ҳудуди яқинидаги собиқ Ленинизм қишлоғида ҳудудидан ўз автомобилида ўтиб бораётган Сувоновлар оиласи — Баҳорбек ва Лайло Сувоновани қишлоқ ичида турган чегара қўшинлари зобити ўққа тутди.

Бу ҳақда орадан бир ой ўтиб — яъни, оғир жароҳатлар бироз битиб, касалхонадан чиққачгина — Лайло Сувонова сўзлаб берди.

Унга кўра, ўша куни улар бетоб набираси билан шу ҳудуддан шошиб ўтиб бораётганида уларни, дастлаб, таниш милиционер тўхтатган.

- Неварам йиғлаб турган эди. “Тўхтанг” деди. Хўжайиним бола йиғлаб тургани учун бир тўхтаб¸ яна юриб кетди. Ҳеч қанча юрмасимиздан пақ этиб белимда оғриқ сездим. Билмайман¸ ўзимни йўқотдимми йўқми. “Хўжайин¸ отишдими” деб қўлимни белимга солсам¸ қон. Бундай қарасам¸ йиғлаëтган бола жим бўлиб қолди. “Қаранг¸ бола тирикми?” десам¸ хўжайиним “Менинг ҳам қўлим ишламаяпти” дедилар¸ дейди Лайло Сувонова.

Рулда ўтирган Баҳорбек Сувонов ўқ тегиб, беҳуш бўлгани боис машина бориб йўл четидаги симёғочга урилиб тўхтаган.

Шундан кейин эр-хотин вилоят касалхонасига олиб кетилган. Лекин ҳанузгача танага санчилган ўқ ва осколка бўлаклари олиб ташланмади, дейди Лайло Сувонова.

Лайло Сувонова: Тозимда турибди ўқ.

Озодлик: Нега олиб ташлашмади?

Лайло Сувонова: Олса бўлмас экан.

Озодлик: Хўжайинингизнинг аҳволи яхшими?

- Хўжайиним кечаси билан юриб чиқадилар. Укол¸ дори билан ухлайдилар. Оғриқ кучли. Осколкалар бор. Бу осколкаларни олиш учун яралар битиши керак экан. Перевязка қилишади ҳар куни. Шу аҳволдамиз¸ дейди Лайло Сувонова.

Эр-хотин касалхонада оғир аҳволда ётган 20 кундан ошиқроқ муддат ичида фақатгина бир бор уларнинг ҳолидан хабар олишган.

Шундан бошқа ҳеч ким – на уларни ўққа тутган зобит, на унинг раҳбарияти ва на ички ишлар бошқармаси ходимлари уларнинг ҳолидан хабар олган.

3 миллион сўмдан ортиқ маблағ билан аранг оёққа турган Сувоновлар шу воқеалардан сўнг маҳаллий ташкилотлардан умидини узиб, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг маҳаллий бўлимига мурожаат қилди.

Ушбу бўлим раҳбари Исроил Ризаевга кўра, Сувоновлар мурожаати асосида ўтказган суриштирувларига биргина расмий жавоб олинган.

- Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг Жиззах вилоятида жойлашган прокурорига хат келибдики¸ ўша отган зобитнинг фамилияси Сармисов экан. “20 август куни чегара постида" Тўхта!" деганда¸ тўхтамади. Икки марта осмонга огоҳлантирув ўқи отган. Шундан кейин ҳам тўхтамагандан кейин машинага қараб¸ уч марта ўқ отган. Оқибатда булар ярадор бўлган” деб ўзи эътироф этаяпти. Қизиқ жойики¸ Жиноят процессуал кодекснинг 83-моддасига асосан дейишаяпти¸ хизмат вазифасини тўғри бажарган¸ деб Сармисовни жавобгарликдан озод қилиб юборишипти¸ дейди Исроил Ризаев.

Демак, чегара чизиғидан анча олисда бўлган аҳоли пунктида биринчи ишорага қисқа тўхтаб, кейингисига тўхтамай ўтган машинадаги икки фуқарони ўққа тутган зобит Сармисов, “Эзгулик” жамиятига маълум бўлишича, жавобгарликдан озод қилинган.

Расмий жавобга кўра, у хизмат вазифасини бехато бажарган, яъни, аввал огоҳлантирувчи ўқ узган.

Биз Лайло Сувоновага мурожаат қилиб, огоҳлантирувчи ўқ узилган эдими, деб сўрадик.

- Осмонга ўқ отганини ҳам билмайман. “Тўхтанг” дегандан кейин ҳеч қанча юрмадик ҳам белим пақиллади. Ленинизм деган қишлоқнинг ичи. Пост-мост йўқ. У ерлар чегара эмас. Ленинизм қишлоғининг ичи. У ер одамларнинг Қозоғистондан юк олиб ўтадиган йўли эмиш. Буни мен билмасам. Ўзларича пост дейди. У ерда пост-мост йўқ. Иккита бетонни қўйиб қўйган. Яна Коммунизмдан ўтади. Коммунизмдан кейин чегара¸ дейди Лайло Сувонова.

Сувонова маҳалла орасида бунақа блок пост борлигини кутмаганини айтади.

Исроил Ризаев Сирдарё вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош туманларидаги аҳоли пунктлари ичида ҳам шунақа кутилмаган блок-постлар кўпайганини айтади.

Блок-постга қўйилганлар эса аҳолига кўп бор милтиқ тираган. Бунда ўлим ҳоллари ҳам учрамоқда.

- 2009 йил июн ойларининг бошида Эшқўзиев Ойбек деган¸ 1987 йилда туғилган йигит¸ унинг юки бўлмаган. Акасининг машинаси бузилиб қолган. Ўшанга запаска балон олиб бораëтган пайтида иккита солдат келиб “тўхта” деган. Тўхтаб “Менинг юким йўқ” деса ҳам совуққонларча отиб ташлашган. Бошидан¸ бўйнидан ўқ еб¸ воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган у. Кўрган гувоҳлар бизга етказишди буни, дейди Исроил Ризаев.

“Эзгулик” жамияти бу борада ҳам ўз суриштирувини олиб бормоқда. Аммо, ҳозирча сезиларли натижага эришилгани йўқ.

Блок-постларнинг сони эса ортмоқда, улардаги назорат кучаймоқда. Сирдарё вилояти ҳокимлигининг мурожаатимизга жавоб берган вакили буни тан олди.

- Албатта¸ ўрнатилган. Ҳар қандай йўл¸ вход бўлишидан қатъий назар¸ ҳаммасига ўрнатилган. Чегарадан ташқари ички йўллар бўладию¸ ўшаларнинг ҳам ҳаммасига ўрнатилган.

Озодлик: У ерда ҳам милиция ходимлари¸ ҳам солдатлар турадими?

- Ҳа¸ дейди Сирдарë вилояти ҳокимлигининг вакили.

Аммо, бу ходим фуқароларнинг чегара қўриқчилари томонидан ўққа тутилишига оид ҳолатлар хусусида сўраганимизда, ҳокимликка бундай маълумот келмаганини айтди.

Лайло Сувоновадан: “Ҳокимият бехабар экан, сизни отганларга ҳокимиятдан бориб жазо сўрамайсизми,” деб сўраган эдик, муштипар аёл бу саволга шундай жавоб қилди:

Лайло Сувонова: Йўқ¸ сўраганимиз йўқ. Омон қолганимизга шукур қилиб ўтирибмиз. Энди сиз билан гаплашганимиз учун келиб отиб кетишмаса бўлди.

Озодлик: Шунақа бўлиши мумкин деб қўрқасизми?

- Шунақа гапларни эшитаяпмизда айланай. Бўлаяптида¸ дейди Лайло Сувонова.
XS
SM
MD
LG