Линклар

Обама афғон масаласида якуний қарорга келмаган


АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга қўшимча қўшин юбориш ҳақида минтақа бўйича янги стратегия борасида аниқ тўхтамга келинганидан сўнг қарор беришини билдирди.

Обама бу ҳақда АҚШ генералининг Афғонистон борасидаги хавотирлари акс этган ҳисоботи жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан таъкидлади.

АҚШ генерали Стэнли МакКристалнинг Афғонистонга қўшимча кучлар юборилмаса, АҚШ у ерда мағлубиятга учраши мумкинлиги борасидаги хавотирлари 30 август куни Мудофаа вазири Роберт Гейтсга тақдим этилган ва кейинчалик Вашингтон Пост газетаси қўлига тушган махсус ҳисоботда акс этган.

Генерал фикрига кўра, Афғонистондаги асосий муаммо ресурсларнинг етишмаслигидир. Агар АҚШ муаммони ҳал қилмаса, можаро чўзилиб кетиши мумкин.

Генерал МакКристал яқин ҳафталарда Афғонистонга қўшимча куч юборишни сўраб Оқ уй маъмуриятига мурожаат этиши кутилаяпти.

2009 йил майидан буён Афғонистонга қўшимча 30 минг ҳарбий юборилди. Жорий йил охирига қадар Америка ҳарбийлари сони 68 мингга етказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG