Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:50

Сватликлар ҳайитни уйда кутиб олди


Сват водийсининг асосий шаҳри бўлмиш Мингорадаги вазиятни рисоладагидек деб бўлмаса-да, бу ерда ҳозир нисбатан тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда.
Сват водийсининг асосий шаҳри бўлмиш Мингорадаги вазиятни рисоладагидек деб бўлмаса-да, бу ерда ҳозир нисбатан тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда.

Покистон армияси Сват водийсида ҳарбий амалиётлар бошланганидан беш ой ўтиб аввалроқ уй-жойларини ташлаб кетган кишиларнинг кўпи қадрдон гўшаларига қайтиб келди.

Ўтган ҳафта ҳарбий амалиёт чоғида яраланган ва қўлга олинган толибон қўмондонларидан бири Шер Муҳаммад Қасаб Покистондаги қамоқхоналардан бирида оламдан ўтди.

Покистон ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, Қасаб олган жароҳати натижасида ҳаётдан кўз юмган.

16 сентябр куни Қасабни қўлга олиш пайти унинг уч ўғли ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Покистон Қасаб ҳақидаги маълумот учун 120.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.

Якшанба куни қамоқхонада қазо қилган Шер Муҳаммад Қасаб Толибоннинг Сват водийсидаги йирик раҳбарларидан бири бўлган.

Покистон ҳарбийлари яна кўплаб ҳибслар амалга оширилишини билдирмоқда.

Шер Муҳаммад Қасабнинг ўлими халқаро ташкилотлар Сватдаги ҳарбий амалиётлар борасида хавотир билдираётган бир пайтда рўй берди.

Халқаро Амнистия ташкилоти қўлга киритган маълумотларга кўра, Покистон армияси Сватни қайта назорати остига олган июл ойи ўрталаридан бери у ерда 164 одам ўлдирилган.

Сватликлар ушбу қотилликларда Покистон армиясини айблашади.

- У ерда тинч аҳоли хавфсизлиги етарлича таъминланмаган, зўравонликлар кўлами ҳали ҳам юқори, дейди Халқаро амнистия ташкилотининг Осиё ва Тинч океани минтақаси дастури раҳбари Сом Зарифий.

Халқаро амнистия ҳамда Покистондаги инсон ҳуқуқлари мустақил комиссия Исломобод расмийларини содир этилган қотилликларни тергов қилишга чақирмоқда.

Ҳарбийларнинг Сват водийсига қарши ҳарбий амалиётлари йирик гуманитар инқирозга сабаб бўлган. Ушбу амалиётлар бошланганидан сўнг 2 миллиондан зиёд киши доимий бошпанасиз қолганди.

Рамазон ҳайити муносабати билан Ийдул-Фитрни нишонлаш учун кўплаб қочқинлар яна водийга қайта бошлаганлар.

Байрам куни Сват водийсининг асосий шаҳри Мингора одамга гавжум бўлди. Мингорадаги пойабзал дўкони соҳиби Рашид Али уйига қайтганидан мамнун эканини айтади.

- Оллоҳга минг бора шукур, уйимизга қайтиб келдик. Бу ерда вазият яхшиланаяпти, ҳаётимиз изига тушяпти, дейди Рашид Али.

Покистон армияси Сватда ҳарбий амалиётлар бошланганидан беш ой ўтиб, ушбу водий ва атроф ҳудудлар жангарилардан тозалангани, ўтган вақт давомида минтақада макон топган 1900 жангари ўлдирилганини билдирган.

Ҳукумат миллионлаб қочқинларнинг уйларига қайтишига ёрдам бермоқда.

Покистон расмийларига кўра, ҳозирга қадар бир миллион 650 минг қочқин ҳукумат ёрдами боис Сватга қайтган.

Аммо ҳаёт бу ерда рисоладагидай деб бўлмайди. Аҳоли электр ва ичимлик суви тақчиллигидан азият чекмоқда.

Уйларига қайтиб борган кўплаб сватликлар ҳукумат ваъда қилган ёрдам пулларини ҳали ҳам олишмаган. Муҳаммад Али шуларнинг бири.

- Биз фарзандларимизга кийим-бош оламиз, деб бозорга келувдик, нархлар эса осмонда, чўнтак кўтармаяпти, ҳамма нарса қиммат, дейди Муҳаммад Али.
XS
SM
MD
LG