Линклар

logo-print

Афғон муаммоси яна кун тартибида


АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга қўшимча қўшин юбориш ҳақида минтақа бўйича янги стратегия борасида аниқ тўхтамга келинганидан сўнг қарор беришини билдирди.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга қўшимча қўшин юбориш ҳақида минтақа бўйича янги стратегия борасида аниқ тўхтамга келинганидан сўнг қарор беришини билдирди.

Афғонистондаги АҚШ қўшинлари бош қўмондони мамлакатга қўшимча куч юборилмаса, Ғарб учун бу уруш мағлубият билан якунланишидан огоҳлантирди.

АҚШ матбуотига кўра, генералнинг вазиятга берган бундай баҳоси АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс эътиборига ҳавола қилинган махфий ҳисоботда келтирилган.

Генерал Стэнли МакКристалл Афғонистондаги вазиятни “жиддий” дея баҳолаб, халқаро коалиция кучлари келаси 12 ой ичида кескин ҳаракат қилмаса, толибонни мағлуб этиш имкониятини қўлдан бой бериши мумкинлигини айтмоқда.

"The Washington Post" газетасининг бу ҳақдаги махфий ҳисоботни қўлга киритгани айтилмоқда. Бу ҳужжатда Афғонистондаги хориж қўшинлари қўмондони толибонга қарши курашни ўз фойдасига буришни истаса, халқаро коалиция ҳозироқ ташаббусни ўз қўлига олиши лозимлиги таъкидланган.

Айтилишича, генерал МакКристалл Афғонистонга АҚШ президенти Барак Обама буйруғига биноан юборилаётган қўшимча 21 минг аскар кифоя қилмаслиги, ташаббус коалиция кучлари томон ўтиши учун анча кўпроқ қўшинлар талаб этилишини айтган.

Обама юбораётган қўшимча аскарлар билан Афғонистондаги АҚШ ҳарбий контингенти сони жорий йилнинг охиригача 68 мингга етади.

МакКристалнинг келаси ҳафталар ичида қўшимча кучларни юборишга оид сўровини АҚШ ҳукуматига расман тақдим этиши кутилаётган эди.

Айни пайтда Обама ўтган ҳафта Афғонистонга аллақачон юборилаётган аскарлардан ташқари яна қўшимча кучлар юбориш қарорини қабул қилиш учун вақт талаб этилишини баён қилди.

- Мен ҳозир асосий эътиборимни "Америка халқини ва Америка ҳудудини ҳимоя қилиш учун нима қиляпмиз?" деган масалага қаратмоқдаман. Афғонистон ва Покистон бу жараённинг муҳим жиҳатларидир, лекин ҳарбий кийимдаги ҳар бир америкаликни бирор жойга юборишимнинг ягона сабаби ўз хавфсизлигимизни таъминлашдир, деди Обама АҚШ телеканалларига берган интервьюларида.

Қўшинлар сонига оид масалани кўриб чиқишдан аввал, Оқ уй раҳбарига кўра, "кўрилаётган стратегия тўғрими ёки йўқ?" деган асосий саволга жавоб топиш керак. Агар стратегия нотўғри бўлса, қўшимча қўшинларни юбориш муаммони ҳал этмайди.

- Ҳозир Ал-Қоиданинг Қўшма Штатларга ҳужум қила олмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун биз вазиятни қайтадан баҳолашимиз, жойларда нима рўй бераётганини кўриб чиқишимиз ҳамда стратегиямиз билан ресурсларимизнинг бир-бирига мутаносиблигини таъминлашимиз лозим бўлади, деди Обама.

МакКристаллнинг махфий ҳисоботида стратегияга жиддий ўзгартиш киритилиши лозимлиги айтилган. У Афғонистон аҳолисини қондирадиган ва уларнинг халқаро кучларга нисбатан ишончи ошишини таъминлаб берадиган режа лозимлигини ёзган.

"Ҳозиргача, - деб ёзади генерал, - хориж кучлари ҳам жисмонан¸ ҳам руҳий жиҳатдан аҳолидан узилиб қолмоқда, лекин улар тинч аҳоли орасида талафотларнинг олдини олишга иложи борича ҳаракат қилишлари лозимдир".

Душанба куни Италияда ўтган ҳафта Афғонистонда ҳалок бўлган олти аскар хотирасига мотам тутилди. Коалиция сафларида талафотларнинг ошаётгани эса унга аъзо давлатларда "Афғонистондаги урушга ҳисса қўшиш қанчалик мақсадга мувофиқ?" деган саволни туғдирмоқда.

Италия бош вазири Силвио Берлускони Италия ҳарбий контингенти Афғонистондан бир томонлама равишда олиб чиқилмаслигини айтган бўлса-да, Афғонистон кучларининг хавфсизлик учун масъулиятни секин-аста ўз зиммасига олиш имконини берувчи “ўтиш стратегияси”ни ишлаб чиқишга чақирган.
XS
SM
MD
LG