Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:05

Ўзбек атласи хитойи хуружга учради


Ўзбек атлас ва адраслари бозори¸тожик савдогарлари фикрича¸ яқин орада касодга учраши мумкин.
Ўзбек атлас ва адраслари бозори¸тожик савдогарлари фикрича¸ яқин орада касодга учраши мумкин.

Сўнгги пайтларда Душанбе газлама бозорларида Марғилон ва Наманган косиблари тўқиган атлас ва адраслар ўрнини Хитойда замонавий технология ёрдамида тайёрланган шоҳи матолар эгалламоқда.

Душанбедаги энг йирик “Карвон” газлама бозорида Туркия, Дубай, Хитой, Эрон ва Қирғизистонда ишлаб чиқарилган турли хилдаги газламалар сотилади. Бу бозорда қўшни Ўзбекистоннинг Наманган ва Марғилонида тўқилган атласу адрасларга ҳам харидор сероб.

Эни икки қарич, тоза ипакдан тўқилган нақшинкор ўзбек адрас ва атласларига муқобил равишда “Карвон”га сўнгги пайтларда хитойи адрас ва атласлар ҳам киритилмоқда.

Сифати паст ва нархи арзон бўлган бу газламаларни харидорлар кўп ҳолларда ўзбек шоҳиси ўлароқ қабул қилишаётганига гувоҳи бўлдик.

- Халқимиз энди кўпроқ атлас, адрас кийишади. Фақат Ўзбекистоннинг шоҳиларини киямиз. Аммо сўнгги йилларда адрасларнинг сифати анча бузилган. Чунки кўпроқ сифатсиз ипларни қўшишади. Тоза иплардан тўқишмайди. Арзон нарсани қимматроқ сотишади, дейди душанбелик Насибахон.

“Кейинги пайтларда Душанбе бозорларида Ўзбекистондан ташқари бошқа давлат атласлари ҳам сотилаяпти, шундан хабарингиз борми?” дея сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Йўқ. Атлас фақат Ўзбекистондан чиқади. Сифати пасти ҳам, сифати юқориси ҳам. Қайроққум гиламларининг ҳам сифати паст, сифати яхшиси бор-ку. Шунга ўхшаб атласларнинг ҳам нави бор, дейди Насибахон.

Аммо газлама бозорида Ўзбекистон шоҳиси билан бир қаторда Хитойда ишлаб чиқарилган атлас ва адраслар сотилаётганидан маҳаллий газламафурушлар яхши хабардор.

- Хабаримиз бор. Хитойликлар бозорларимиздаги ўзбек косиблари қўли билан тўқилган адрасу атлас нусхаларни ўғирлаб кетиб, у ёқда компютерда тўқиб, яна ўзимизга қайтариб сотишаяпти. Хитойликлар ниманинг бозори чаққон бўлса, ўшани ўзлаштиришади-ку, дейди ўзини Нигина деб таништирган сотувчи қиз.

Нигинага кўра, аксарият тожикистонликларнинг Хитой атласларини Ўзбекистон атласи деб қабул қилаётгани ва кўпчилик харидорларнинг бу газлама сифати кейинги йилларда анча тушиб кетганига оид шикоятлари бора-бора ўзбек ҳунармандларининг бозорини касод қилиши табиий.

Газлама сотувчи Нодирахон кейинги пайтларда хитойи атласларнинг ҳам харидори кўпайиб бораётганини айтади.

- Аввалги атласларимизнинг ранги шинам, хушрўй бўларди. Хитойники хирароқ, лекин “арзон” деб олишади. Энди биз мода деб сотаяпмиз, нима қилайлик, дейди Нодирахон.

Хўш, хитойликлар билан ўзбеклар тўқиган шоҳиларнинг фарқи нимада? Бу саволимизга газлама сотувчи душанбелик Холиса ая жавоб беради:

- Атласни фақат Наманган ва Марғилонда яхши тўқийди. Камбарининг (энсиз матонинг) бир метри 40 сомоний (9 доллар - таҳр.) Саккиз метри битта кўйлак бўлади. Улар ҳаммаси камбари тўқийди, матонинг эни икки қарич бўлади. Ўшандан билиш мумкин. Кейин ўзбек косиблари қадимги дўконларда тоза ипаклардан тўқийди. Хитойликлар ҳозирги нимада (замонавий дастгоҳларда демоқчи – таҳр.) тўқийди. Эни 60, 70 сантиметр. Уч, уч ярим метридан битта кўйлак тикилади, дейди Холиса ая.

Айни пайтда кўпни кўрган онахон бугун хитойликлар ўзбек косибларининг бозорини касод қилаётганига доир фикрларга қўшилмаслигини, шоҳи тўқиш санъати аслида Хитойдан Марказий Осиёга кўчганини таъкидлайди:

- Шоҳини биринчи Хитой чиқарган. Ипак ҳаммаси ўша ёқдан чиққан. Сўнгра бу ҳунар Андижон ва Наманганга кўчган. Ўзбек ҳунармандлари атлас, адрас тўқиш санъатини ўрганиш учун Хитойдан пилла олишар экан, дейди Холиса ая.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Тожикистон мустақилликка эришгунга қадар Душанбе ва Хўжанд шаҳарларида атлас тўқиш фабрикалари фаолият кўрсатарди. Аммо Тожикистондаги ички низолардан кейин мамлакатда атлас тўқиш мутлақо тўхтаб қолган.

Ортда қолган ҳафта бошида сўнгги ўн йил давомида Душанбе шаҳрида илк бор “Атлас байрами” ўтказилди. Тадбир ташкилотчиси Наим Ҳакимовнинг айтишича, кўргазмага қўйилган 150 турдаги шоҳи газламаларнинг аксарияти ўзбекистонлик косиблар қўли билан тўқилган бўлиб, бугунги кунда Тожикистонда бу санъат турини жонлантириш имконсиздир.

- Бугун Тожикистонда шоҳи тўқиш анъаналари инқирозга учраган. Чунки фабрикаларининг ҳаммаси тўхтаб қолди. Шоҳи тўқувчи ҳунармандларимиз анча кексайди. Ёшларимиз орасида шоҳи тўқиш ҳунари билан яқиндан танишлари жуда оз. Шунинг учун бу ҳунарни ҳали-ҳозир тиклашнинг имкони йўқ, дейди Наим Ҳакимов.

Аснода тожикистонлик харидорлар қандай қилиб бўлмасин, мамлакатда шоҳи тўқиш санъатини қайта жонлантириш лозимлигини таъкидламоқдалар.

- “Тожикатлас” фабрикамизни ишга солиш керак. Пиллаларимиз бошқа давлатларга кетаяпти. Маҳсулотларимизни қайта ишлаб ўзимизда чиқариш керак. Арзонроқ сотиб оламиз, дейди харидор аёллардан бири.
XS
SM
MD
LG