Линклар

Рамзий парламентга рамзий пойга бошланди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда депутатлар¸ кузатувчиларга кўра¸ парламентга юқори ҳозирлаган рўйхат бўйича¸ тўйга келган меҳмон каби киришади.

Ўзбекистонда депутатлар¸ кузатувчиларга кўра¸ парламентга юқори ҳозирлаган рўйхат бўйича¸ тўйга келган меҳмон каби киришади.

22 сентябр куни Ўзбекистондаги тўртта рўйxатдан ўтган партия вакиллари сайловга ҳозирликни бошлашганини айтишди. Аммо мустақил кузатувчилар бу сайловнинг ҳам демократиядан узоқ маърака бўлишини ҳозирданоқ айтмоқдалар.

Бу гал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасига сайланадиган депутатлар сони ҳам аввалги 120 нафардан 150 нафарга оширилган.

Бу сафарги сайловда ташаббус гуруҳлардан номзод кўрсатиш имконияти берилмайди. Шунингдек диний идора ходимларининг депутатликка сайланишига изн берилмайди.

- Сайлов биз учун жиддий кураш жабҳаси¸ бу курашда фақат ғалаба учун интиламиз¸ деди 22 сентябр куни Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ходими Фурқат Жўрақулов.

- Албатта. Мақсад фақат ғалаба. Ғалаба учун ишланади¸ ғалаба учун курашилади¸ деб давом этди Фурқат Жўрақулов.

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов журналистлар ҳузурида сайлов жараëни бошланганини расман эълон қилар экан¸ ўз маърузасини тенглик ошкоралик¸ адолат ва демократия деган либерал калималар билан безашни унутмади.

- Ўзбекистон республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатасига эркин¸ адолатли ва демократик сайловни¸ фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш асосида очиқ¸ ошкора ва транспарант ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратади¸ деди жумладан Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов инглизча тransparent калимасини транспарант тарзида талаффуз қилди.

Агар эсимдан адашмасам¸ транспарант дегани совет даврида байрамларда кўтариб чиқиладиган чорчўпга тортилган алвон шиор эди. Бу алвон транспарантга бугун Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси айтаëтган тенглик¸ адолат калималари ҳам ëзилгич эди.

Бугунги ўзбек сайловлари ва парламенти мутлақ совет тажрибасига асосланган¸ совет руҳи парламентнинг суяк суягига сингиб кетган¸ дейди сиëсатшунос Малик Абдураззоқов.

- Ҳайрон қоламан. Парламентда фермерларимиз жуда кўп. Масалан¸ совет даврида ҳам шунақа эди. Ҳамма табақаларни тиққиси келар эди парламентга. Ҳозирги парламентимиз ҳам совет анъаналарига жуда хос. Сиëсатчилар¸ ҳуқуқшунослар ўрнига сут соғувчиларни кўрамиз.

Тўғри¸ уларни айблаш тўғри эмас. Лекин дунëдаги ривожланган давлатлардаги парламентларда ҳуқуқшунослар¸ сиëсатчилар ўтиради¸ сут соғувчилар эмас. Қолганлар - ишбилармонлар¸ бизнесменлар ўзининг иши билан шуғулланиши керак. Ҳамма табақалар парламентда терилиб ўтириши керак эмас. Бу феодализм¸ совет даврида шунақа эди. Феодализм даврида хоннинг атрофида ҳамма табақа вакиллари унинг оғзига тикилиб ўтиришган. Бу нотўғри нарса. Совет даврида ҳам колхоз раислари орденларни ялтиллаштиб ўтиришар эди. Улар бугун айни шаклда Ўзбекистон парламентида ўтиришипти¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Малик Абдураззоқовга кўра¸ улар Ўзбекистондаги парламент тизими ва депутатларнинг салоҳияти рамзий бўлиб қолмоқда¸ холос.

- Ҳозирги парламент қўлида қудрат¸ ҳукумат¸ куч ëки амал йўқ. Ҳамма қудрат президентнинг қўлида. Бундай рамзий парламент Ўзбекистон бюджетига қимматга тушаëтган кўринади. Ҳақиқатда президент аппарати президент бошчилигида ҳукуматни парламентсиз бошқармоқда. Парламент хўжакўрсинга. Дунë жамияти кўз ўнгида Ўзбекистонда ҳам парламент бор деган гапни оқлаш учун¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Айни пайтда суҳбатдошимиз "ўзбек сайлов тизими" деб аталмиш маржоннинг фақат шиша синиқларидан иборат эмаслигини ҳам айтиб қолди. Масалан¸ диний хизматчиларнинг депутатлик курсисидан мосуво бўлгани мақбул иш¸ дейди Абдураззоқов.

- Буниси тўғри. Мен буни қўллаб-қувватлайман. Бизда конституция бўйича дунëвий давлат. Кўп давлатларда бунақа нарса йўқ. Сиëсий идоралар¸ ҳуқуқий идоралар¸ ўрта таълим¸ олий таълим¸ фан¸ тиббиëт – буларнинг ҳаммаси исломми¸ христианликми¸ буддизмми қайси дин бўлишидан қатъий назар диндан четда туриши керак¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ақл ëшда эмас, бошда

Ўзбекистонда 25 ëшдан ҳатлаганларгина депутат бўлиши мумкин. Масалан¸ қўшни Россияда 18 ëш йигит қизларга ҳам миллат вакили бўлиш ҳуқуқи берилган¸ дейди суҳбатдош.

- Балки 22 ëшгача тушириш мумкин. Ақл ëшда эмас¸ бошда дейишадику. Шунинг учун бу нарса одамларнин онги билан боғлиқ¸ дейди Малик Абдуразоқов.

Ўтган сайловдан фарқли ўлароқ бу йил расмий фирқалар ëнида экологик ҳаракат учун ҳам парламентда курсилар ажратилди.

Агар "Яшил ҳаракат" тарафдорлари сиëсий конюнктура эмас¸ балки мавжуд экологик муаммолар ечими учун тиришсалар¸ бунда ҳам яхшилик ишорати бор¸ дейди Абдураззоқов.

- Ҳақиқатан Ўзбекистон ички муамолари билан қизиқса¸ экология билан боғлиқ муаммолар биринчи навбатда турибди. Чунки Ўзбекистоннинг кўпгина тупроқлари заҳарланган¸ дейди Малик АБдураззоқов.

Менинг бу гапларим гипотетик тахмин¸ холос. Ўзбекистондаги сайловнинг демократиядан узоқ маърака эканини айтиш учун сиëсатшунос дипломи керак эмас¸ дер экан Абдураззоқов Ўзбекистонда парламент тизимининг ҳокимият мустақил бўғинларидан бири бўлиши орзулигича қолиб кетаëтганидан таассуф билдирди.

Лавҳани Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилининг гаплари билан бошлаган эдик. Либерал демократ деганида кўз олдимизга парламентни бошига кўтараëтган рус депутати Жириновский келади. Сизнинг партиянгиз ҳам парламентга музокора руҳини кирита оладими¸ деб савол бердик ғалабага орзуманд фирқа аъзосига.

- Энди ака Жириновский Россияда¸ биз Ўзбекистонда¸ дейди 22 сентябр куни сайлов пойгасига кирган тўрт партиядан бирининг вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG