Линклар

Бир кечалик ҳою ҳавас учун йиллар давомида қаддини букиб мусофирликда¸ муҳожирликда меҳнат қилаëтган ўзбеклар¸ италян киночисининг варрак учираман деган ҳавасда¸ ўзини ўзи ҳалок қилган қавм ҳақдаги ҳикоясини ëдга солади...

Ҳайит арафаси. Оврупонинг булутли осмони боисми¸ соат 7 бўлар бўлмас бирдан қоронғу тушгандек бўлди.

Праганинг овлоқ бир ëбонидаги Смиҳов деган автобус бекатининг хароб курсисида автобус кутаяпман.

Ëши 50 дан ошган бир амаки оғиргина бўлиб ëнимга чўкди.

Уни ўриндиққа михлаган оғирлик турмуш ташвишлари эканини сўзсиз- садосиз англадим.

Бу баробарида ўриндиқдаги амакининг ўзбек экани¸ водийлик эканини ҳам ҳис қилдим.

- Ҳайит муборак¸ дедим амакини гапга солиб.

Амаки бир нарсалар деб ғудранди. Унинг ўзига ўхшаган бир мусофир билан суҳбатга сира майли йўқ эди.

Аммо гапдан гап чиқиб¸ амакининг дард халтаси очилди.

Дардкаш амаки ҳикояси

- Уч йил Прагада ишлаб топганимни Ўзбекистонда уч соат ичида совуришди. "3 соат ичида!!! " деди уч ориқ бармоғини кўрсатиб.

- Қизимни чиқардим. Йўлкира қиммат¸ деб тўйга ҳам бормадим. Тўй бўлаëтган куни телефонда гаплашиб турдим¸ холос. Уйни тарк этаëтган қизимга ота бўлиб фотиҳа бера олмадим. Қилган ишим пул юбордим¸ холос. Хотиним манга СМС ëзиб турди у керак бу керак ¸ уни олдик буни олдик деб.

Ман олган ойлигимни ойма-ой юбориб турдим. Ўзимга 300 доллар ойига сарфладим ¸холос. Унинг икки юзи ëтоққа¸ қолгани проездной ва овқатга.

Эрталаб бешда тураман. Учта транспорт алмаштириб ишга етволаман. Кечқурун келиб овқат қиламан. Ëтоқ жойим каравотнинг иккинчи қаватида¸ баъзан кечқурун уйнинг қийшиқ томига бошимни уриб оламан¸ дейди амаки ғурра бўлган пешонасини кўрсатиб.

- Ëши ўтган одамга қаттиқ ботар экан. Уч йил тинмай ишлаб ортирганим о6000 доллар уч соат ичида сарф бўлди.

Дардкаш амаки қўлида ўйинчоқ каби тинмай айлантириб ўйнагани телефонини менга қаратиб¸ "Ўқинг укам"¸ деб қолди.

Телефонда Ўзбекистондан келган СМС мактуб бор эди. Телефон ойнасида "Куëвникига ҳайит юборамиз бир қоғоз жўнатинг" деган калима ëзиғлиқ эди.

Бир қоғоз дегани 1000 доллар экани ва бу миқдор пул ҳайит куни куëв боланинг уйига совға-салом бўлиб боришини тушунганим учун ҳам ¸ ортиқча савол бериб ўтирмадим.

Бу орада амакининг автобуси ҳам келиб қолди. Автобусга талпинган олақуроқ оломон орасида дардкаш амакининг қиëфаси ҳам оқшом қоронғулигига сингиб йўқолди.

Бу амакининг ҳикояси рассом дўстим Шавкат Абдусаломовнинг ҳикоясини эсимга туширди.

1989 йили Шавкат Абдусаломов "Бир шохли" (Единорог) деб аталган филмига натура излаб Хоразмга келди. Биргалашиб Янгиариқдаги Қалъаи Жиқ деган жойга бордик.

Саҳро ўртасидаги бир кичиқ лой қалъа эди бу.

Афсонага кўра бу қалъа бир вақтлар улкан шаҳар бўлган¸ аммо аҳолисининг феъли бузилгани боис бирдан кичрайиб қолган. Аҳолининг бу қалъа ичида мажақланиб ўлгани айтилади.

Шавкат ака қалъага олдин италян киночиси Микеланжело Антониони билан бирга келганини айтиб берди.

Рассом Шавкат ака ҳикояси

Антониони "Варрак" деган кинони суратга олиш учун бу қалъага келувди. Бу филм орзу- ҳавас қурбони бўлган бир мамлакат ҳақида эди.

Сценарийга кўра қадим бир мамлакат подшоси варрак учиришни ихтиëр қилади. Бу варрак мамлакат улуғворлиги тимсоли бўлиши лозим эди.

Ниҳоят варрак учирилади.

Варрак осмонга ўрлагани сайин¸ ипга ип улашади. Мамлакатдаги барча ип ва арқонлар тугайди.

Газламаларни ва гиламларни ипга айлантиришади. Аммо улар ҳам тугайди. Бутун халқ эгнидаги кийимларини ечиб¸ ипга айлантиради. Бу ҳам етмайди. Экинзорлардаги буғдой ва арпаларни юлиб олиб эшиб ип қилишади. Оч ва яланғоч мамлакат устида улкан варрак учмоқда.

Аммо ип тугайди.

Варрак бир шўнғиб бу мамлакат устига қулайди. Мамлакат аҳолиси ўзлари маҳобат дея осмонга учирган тонна тонна иплар остида қолиб ҳалок бўлади.

Шавкат Абдусаломовнинг айтишича бу филмни Хоразмда суратга олинишига ўша пайтдаги Совет ҳукумати изн бермаган.

Йиллар давомида эрта тонгдан шомгача ишлаб топган пул уч соатда совуриладиган ўзбек тўйи ўша варрак эмасми?

Ëки хасталари дорига пул топа олмасдан дунëга видо айтаëтган Ўзбекистон давлатининг мустақиллик ¸ "Шарқ тароналари" деб пулни осмонга совурaëтгани варрак ҳикояси эмасми?

Олис юртдаги тўптепарларни миллионларга кира қилаëтган мамлакатнинг Антониони ривоятидаги мамлакатдан фарқи борми?

Бирдан ип тугаб, варрак бошимизга қуласачи?

Xудо кўрсатмасин.....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG