Линклар

Охирги марта қачон китоб ўқидингиз?

  • Садриддин Ашур

Бугун Ўзбекистондаги сони камайган китоб дўконлари ва кутубхоналарда одам сийрак.

Бугун Ўзбекистондаги сони камайган китоб дўконлари ва кутубхоналарда одам сийрак.

Алишер Навоий номли миллий кутубхонада “Китобхонлик байрами—2009” деб номланган ўн кунлик тадбир бошланди. Шу баҳона¸совет замонида ўқимишли халқ ҳисобланган ўзбекларнинг бугунги китобхонлигига назар ташлашни лозим топдик.

Ўзбекистонликлар мамлакатда сўнгги йилларда китобхонлик савияси жуда пастлаб кетаётганлигини айтадилар. Кутубхоналар гавжум эмас, бораётганлар ҳам асосан керакли дарсликлар ва қўлланмаларни қидираётган талаба ёшлар. Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, ўқув дастури доирасидан четга чиқиб, ўзбек ва жаҳон адабиёти билан қизиқувчилар деярли қолмаган, ҳисоб.

Бироқ кутубхоначилар бунинг аксини айтадилар¸ уларга кўра, сўнгги пайтларда китобхонлар кўпаймоқда. Имом Ат-Термизий номидаги Сурхондарё вилоят кутубхонаси ходимасининг сўзларига кўра, кутубхонага аъзо бўлганлар сони ўтган йилларга нисбатан анча кўпайган.

- Кўпаяяпти¸ кўпайиб бормоқда. Китобхонлар ҳар кун келиб турибди. Аъзо бўлиб кетишади.

Озодлик: Қанақа китобларни кўпроқ ўқишади?

- Бадиий китоблар¸ ўқув қўлланмалари.

Озодлик: Бадиий китоблар ҳозир лотин алифбосида чиқаяпти. Етарлими?

- Ҳа¸ етарли¸ дейди Имом Ат-Термизий номидаги Сурхондарё вилоят кутубхонаси ходимаси.

Бироқ Гулистон давлат университети талабаси Акромжон бу фикрларга қўшилмайди. Унинг айтишича, ҳозирги ёшларда китоб ўқиш аллақачон урфдан чиқиб бўлган. Китобхонлар ёшлар ўртасида кўпаяётганлигига Акромжон дарҳол эътироз билдирди.

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Менинг назаримда ундай эмас. Ўзимдан келиб чиқишимча¸ ëшлар ундай эмас. Интернет¸ компьютер эгалари ўзлари хоҳлаган иш билан шуғулланади. Ҳозир бадиий китоб ўқийдиганлар бешми¸ 10 фоизми бўлса керак. Лекин китоб ўқийдиганлар бор. Мен ўзим вилоят кутубхонасига кираман. Лекция¸ мустақил иш¸ домланинг буйруғи асосида ëзув-чизув ишлари қилишмаса¸ ҳеч ким кутубхонадан ўз уйига китоб олиб кетади¸ деб ўйламайман. Мен кўрганим ҳам йўқ¸ эшитганим ҳам йўқ.

Масалан¸ 20-22 ëшга кирган йигитларнинг бадиий китоб ўқишини бир хиллар уят деб ҳисоблайди. Қизлар ўқимайди¸ ўғил болаларга йўл бўлсин. Мен ўзимдан келиб чиқиб айтаман¸ гуруҳимиздаги энг аълочи болалар ҳам бадиий китоб ўқимайди¸ дейди Акромжон.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчилик қилаётган Абдурашид фикрича, ҳозир китобхонлик даражаси ҳақида сўрашнинг ўзи одамнинг энсасини қотиради.

- Китобхонлик даражаси тушиб кетган. Ниҳоятда тушиб кетган. Талабалар умуман китоб ўқимайди. Қўлига китоб олмайди¸ дарс тайëрламайди¸ дарсларга шундай келишади. Мана шунақа ҳолатга етиб келдик. Қуруқ сотка билан бир бирига телефон қилган¸ бир бирига бўлмағур гапларни айтган¸ мана шунақа ҳолат. Бадиий китобхонлик йўқ даражада. Талабаларни оладиган бўлсак¸ беш-олтита студент ўқийди. Қолганлари ҳеч нарса ўқимайди. Ëзувчиларни¸ ҳатто Ўзбекистон ëзувчиларини билишмайди¸ дейди Абдурашид.

Абдурашид фикрича, ахборот олишнинг замонавий технологияси ривожланиб кетиши, интернет орқали бадиий адабиётларни ўқиш имконияти пайдо бўлиши ҳам китобхонлик даражасининг пасайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Абдурашид яна бир сабабни, иқтисодий қийинчиликни ҳам айтиб ўтди.

Тошкентлик Абдуманнон ака ҳам айнан ана шу сабабни биринчи ўринга чиқаради. Унинг айтишича, қорни оч одамга китоб ўқиш ёқмайди.

- Келинг тўғрисини гаплашайлик. Менинг неварам бор. Ҳозир у 9 ëшда. Ўша бозорга чиқиб нарса сотади. Унинг китоб ўқишга вақти йўқ эмас¸ вақти бор¸ лекин нончи. У нон топиши керак¸ дейди Абдуманнон ака.

Унинг айтишича, ҳозир кутубхоначилар ҳам пул қилишнинг янги йўлини топиб олганлар¸ улар китоб берилишидан олдин китобхондан гаров пули оладиган бўлган.

- Масалан¸ мен Ширин кўчада тураман. Ўша ерда кутубхона бор. 1500 сўм гаровга қўйиб¸ кейин китоб олинади¸ дейди Абдуманнон ака.

Сўнгра, дейди Абдуманнон ака, арзимаган сабаблар рўкач қилиниб, гаровга олинган пул қайтариб берилмайди.

- Қайтариб бериши керак¸ лекин китоб эскирадику. Варағини буклайди¸ бошқа қилади. Пулни имкон қадар олиб қолишга ҳаракат қилади¸ дейди Абдуманнон ака.

Шу ҳам сабаб бўлиб, дейди Абдуманнон ака одамлар кутубхоналарга бормай ҳам қўйди, чунки уловидан тушови қимматга тушиб кетяпти.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, китоб ўқиш даражасининг пасайиб бориши одамларнинг руҳи, билим савияси, дунёқараши, умуман маънавий дунёси ривожига салбий таъсир кўрсатади. Лекин бу таъсир дарҳол билинмайди. Унинг зарарли оқибатлари секин-аста юзага чиқади ва келажакда даҳшатли шаклда намоён бўлади.
XS
SM
MD
LG