Линклар

Оролнинг Ўзбекистон қисми қуриб битмоқда


Рус олимининг айтишича¸ Оролнинг Ўзбекистон қисмида тирик жонзот қолмаган бўлса¸ Қозоғистон томонда¸ аксинча балиқ овлаш йўлга қўйилган

Рус олимининг айтишича¸ Оролнинг Ўзбекистон қисмида тирик жонзот қолмаган бўлса¸ Қозоғистон томонда¸ аксинча балиқ овлаш йўлга қўйилган

Сўнгги бир йил давомида Орол денгизининг Ўзбекистон қисмида қуриш жараёни тезлашиб, сув сатҳи бир ярим метрга пасайди. Бир пайтлари Орол сувининг бир литрида 10 грамм миқдорида туз бўлган бўлса, айни пайтда бир литр Орол сувида 140-150 грамм туз бор.

Икки ҳафта аввал Россиядаги Океанология институти олимлари Орол денгизи бўйича сўнгги 17 йил мобайнидаги ўнинчи экспедицияни якунлади.

Мазкур экспедиция раҳбари, Россия Океанология институти директори ўринбосари Пётр Завьяловнинг Озодликка билдиришича, охирги экспедиция Оролнинг Ўзбекистон қисмида ўтказилиб, тадқиқот натижасида аввалгиларга нисбатан жуда салбий хулосалар келиб чиққан.

Оролнинг Envisat сунъий йўлдошидан туриб 2006 йили олинган сурати.
- Орол денгизининг аҳволи сўнгги йилда жуда ҳам ёмонлашиб, сув сатҳининг пасайиши янада кучайган. Орол 1960 йилдан бошлаб қурий бошлаган бўлса, йилига сув сатҳи тахминан ярим метр ҳажмда камайиб келаётган эди. Лекин 2002 –2006 йилларда Оролнинг Ўзбекистон қисмида сув қайтиши тўхтаб, денгиз суви барқарор ҳолатда сақланиб турган эди. Бахтга қарши¸ охирги йилда Орол яна қурий бошлади. Бизнинг тадқиқотларимиз натижаси эса шуни кўрсатдики, охирги йилда Орол қуриши янада тезлашган ва сув сатҳи бир ярим метрга пасайган, дейди Пётр Завьялов.

Экспедиция раҳбарининг айтишича, Оролнинг шарқий қисми бутунлай қуриб битган ва бугунга келиб денгизнинг фақат ғарбий қисми сақланиб қолаяпти.

- Натижада эса Орол жойлашган ҳудудда тузланиш бошланиб, денгиз сувида туз миқдори ошиб кетди. Орол қурий бошлаганига қадар денгиз сувининг бир литрида тахминан 10 грамм туз бор эди. Ҳозирда эса Орол сувининг бир литрида 140-150 грамм туз борлиги аниқланди. Тузланиш даражасининг юқорилиги натижасида кўплаб биологик жонзотлар нобуд бўлди. Оролнинг Ўзбекистон қисмида балиқлар аллақачон йўқ бўлган. Тахминан 2003 йилларда охирги балиқларнинг ҳам нобуд бўлгани аниқланди, дейди Пётр Завьялов.

Буниси энди айни сунъий йўлдошдан туриб 2009 йил июлида олинган суратда акс этган Орол сатҳи манзараси.

Ўзбекистондаги халқаро "Экосан" жамғармаси маълумотига кўра, сўнгги 40 йил мобайнида Орол денгизи деярли икки баравар тезликда қуриган. Бугунги кунда Орол денгизи сатҳи бундан 40 йил бурунгидан 29 метр пасайган. Натижада денгиз атрофидаги ҳудудларнинг 60 фоизи яроқсиз ҳолга келган ва йилига 75 миллион тонна туз Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига тарқалмоқда.

Расмий хабарларга кўра, экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизи бўйидаги минтақаларда қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга киришган.

Ўзбекистон экологик ҳаракати вакили Саидрасул Сангиновга кўра, Орол муаммоси экологик ҳаракат диққат-эътиборида бўлиб, ташкилот томонидан Орол бўйича махсус лойиҳа амалга оширилмоқда.

- Мана шу лойиҳанинг ичида учрашувлар¸ семинарлар¸ трейнинглар бор. Кейин қишлоқ хўжалигига тегишли замонавий технологияни ўрнатиш ва шу ҳақда фермерларга маълумот етказиш масаласи ҳам бор. Биз йил охиригача шу лойиҳани бажарган ҳолда жойларга бориб¸ фермерлар билан¸ қишлоқ ҳудудида жойлашган врачлик пунктлари¸ мактаблар ва мактабларда ишлаëтган ўқитувчилар билан тадбирлар ўтказмоқчимиз. Бизнинг вазифамиз мана шу йўналишда кўпроқ тарғибот ишларини олиб бориш¸ замонавий ва янги табиатни муҳофаза қилишга тегишли усулларни ўрнатиш ва кенг ëритиш масаларига тегишли¸ дейди Саидрасул Сангинов.

www.xabar.uz интернет нашрининг ёзишича, 2008 йили Орол ҳалокатини тўхтатиш учун қарийб 1,5 миллиард долларга тенг “Ҳаракат режаси” қабул қилиниб, Орол денгизининг қуриб қолган қисмида сув ҳавзалари яратиш, ичимлик суви билан таъминлаш, хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олиш каби вазифалар белгиланган.

Жаҳон банкининг жорий йил 2 июндаги “Иқлим ўзгаришига Европа ва Марказий Осиёда мослашиш” ҳисоботида ёзилишича, Оролнинг бой берилишига Ўзбекистондаги пахтачилик сиёсати сабаб бўлган.

Пётр Завьяловга кўра, ўтмишдаги ҳолат яъни Оролнинг бир неча бор қуриб яна ўз ҳолига қайтиш ҳолати яна такрорланиши мумкин.

- Бироқ бунинг учун жиддий тадбирларни амалга ошириш керак. Масалан, Иртиш дарёси сувини Оролга йўналтириш лойиҳасини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, ҳудудда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш эвазига Амударё сувини Оролга қуйилишини кўпайтириш шарт. Оролни қутқаришнинг яна бир асосий йўли бу Қозоғистон томонда қурилган тўғон сувидан фойдаланиш. Бу тўғондан фойдаланиш техник жиҳатдан мумкин бўлган иш. Фақат бу борада сиёсий тўхтамга келишгина қолган. Бу билан Оролни асли ҳолига қайтариш қийин, аммо Оролнинг ҳозирги ҳолатини сақлаб қолиш имкони бу¸ дейди Пётр Завьялов.

Россиялик олимнинг айтишича, Оролнинг Ўзбекистон қисмидаги денгиз сувида балиқлар йўқолганига анча йиллар бўлган бўлса, Оролнинг Қозоғистон қисмида ўтган йилдан бошлаб балиқ овлаш йўлга қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG