Линклар

Чегарачи ва "бесоқол" ҳақида


Айтишларича, бу “сиймо” кейинги йилларда янада қатъийлашган, дўқ қилаётганда тили тутилмайдиган, автомат ўқталаётганда қўли қалтирамайдиган бўлган...

Айтишларича, бу “сиймо” кейинги йилларда янада қатъийлашган, дўқ қилаётганда тили тутилмайдиган, автомат ўқталаётганда қўли қалтирамайдиган бўлган...

“Ҳайит куни Ўзбекистоннинг Қувасойи ва Қирғизистоннинг Қизилқияси ўртасидаги чегара пости ёпилди – ҳайитлар муборак! Ҳайит куни ўзбек-тожик чегараси очилди – ҳайитлар муборак!”

Сўнгги йилларда турли оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон ўз қўшнилари билан чегарани ёпгани ёки очгани ҳақида хабар бериши одатий ҳолга айланди. Бунда журналистларни айблаб бўлмайди, зеро, содир бўлган воқеани ёзиш уларнинг иши. Бунинг учун “ора кунда олти марта” чегарани хоҳласа очиб, хоҳласа ёпиб, буни ВОҚЕА даражасига олиб чиқаётган ўзбек расмийларидан “миннатдор” бўлишимиз керак.

Бошқаларни билмадиму, лекин мен бу тахлит хабарларни жуда оғриқли қабул қиламан. Ўзбекистон хорижида яшайдиган бир ўзбек учун “расмий миллатдошларим”нинг ёки “миллатдошларим бўлган расмийлар”нинг “чегара меники, истасам очаман, истасам ёпаман” қабилидаги ҳаракати, очиғи, хурмача қилиқдай кўринади. Эътирозга тил чоғлашим билан кўз олдимга бадқовоқ чегарачининг хўмрайган “сиймо”си келади. Ўн йилдирки, бу “сиймо”ни унутолмайман...

Адашмасам, ўшанда 1998 йилнинг ёзи эди. Биз - Ўш университетининг бир гуруҳ талаба ва ўқитувчилари Жалолобод вилоятида жойлашган Арслонбоб оромгоҳидан қайтаётгандик. У пайтларда чегаралардаги тартиб бугунгидек қаттиқ эмасди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон ҳудудидан ўз машинангизда ҳеч қандай бож тўламай ўтишингизга рухсат бор эди.

Ўзган орқали юриб ортиқча вақт ва ёнилғи сарфламаслик учун Ўшга Ўзбекистоннинг Хонободи орқали қайтадиган бўлдик. Бир амаллаб кирдик Ўзбекистонга. Лекин чиқишда ўзбек чегарачиларига нимадир маъқул бўлмади шекилли – бизни анча тутиб қолишди. Кун иссиқ бўлгани учун автобусдаги ҳамсафарларим безовта бўла бошладилар.

Норози қирғизистонликлар ғовури ўзбек чегарачиларига малол келди чоғи - Калашников автоматини кўтарган бир бадқовоқ киши автобусимизга чиқди ва тинчланишни буюрди. Бироқ “демократия ороли” фуқаролари чегарачига луқма ташлашдан ўзларини тиёлмадилар.

Тийиқсизлар ичида мен ҳам бор эдим. Аммо чегарачига мен ташлаган луқмадан ҳам кўра кўпроқ соқолим ёқмади (одатда киши ўзига ўхшамаганларни хушламайди).

- Ўҳҳў, бу ёқда соқоллилар ҳам бор экан-ку, сизлар билан гаплашадиган гап кўп шекилли, деди чегарачи зўр жиноятчини қўлга туширган изқуварнинг ғолибона оҳангида.

Яна тил қурғур панд берди:

- Сизлар чегарадан фақат бесоқолларни ўтказасизларми? дея савол ташладим бадқовоқ суҳбатдошимга.

Кутилмаган саволдан гангиган чегарачининг жаҳли юзига тепди - чегара постларидан ялиниб ўтадиган “авомуннос” илтижоларига ўрганган қулоқлар ёна бошлади. “Андишали ўзбек” қони жўшган шеригим “жим бўлинг” дегандек биқинимга туртди.

Чегарачи қомусларда қайд этилмаган сўзларни айтишга оғиз жуфтлади, лекин негадир (бошқа мамлакат фуқароси бўлганим учун бўлса керак) тилини тийди. Ҳар ҳолда, унинг ғазабнок кўзларидан: “Қанийди, ўзбекистонлик бўлсанг сен соҳибсоқол, таъзирингни бериб қўярдим”, деган маънони уқдим.

У автобусдан сакраб тушди, чирт тупуриб нари кетди ва шерикларининг олдига бориб, бизнинг автобусни кўрсатиб, нималардир дея бошлади.

Андишасизлигимиз зараримизга бўлди – бизни анча тутиб туришди. Лекин алламаҳалдан кейин барибир қўйиб юборишди.

Бу нохуш ҳодиса менга шунчалик алам қилган эканки, бу алам кейинроқ машққа кўчди.

Машқ будир:

“Мен қушларга ҳавас қиламан,
Ҳатто ҳавас қиламан қуртга.

Судралиб бораркан катта терак*да
Йўлига тўғаноқ бўлмайди ҳеч ким.
Ҳеч ким “ҳужжатингни кўрсат!” демайди.

Терак бутоғида лоҳас ўтирган
Шиллиқурт йўл тўсмас тамшанганича.

Теракка ўралган симни кўрсатиб:
“Тикансим ҳад бўлиб ҳисобланажак,
Ҳаддингдан ошма!” - деб қуртга ўшқирмас.

Ҳавас-ҳасадимга парво ҳам қилмай,
Судралиб борар қурт катта теракда.”

* Андижон-Ўш чегарасидаги ерни маҳаллий аҳоли “Катта терак” деб атайди

**********************************************************

Ўша воқеадан кейин чегарага кам борадиган бўлдим – чегарачи “сиймо”сини кўрмайдиган бўлдим.

Айтишларича, бу “сиймо” кейинги йилларда янада қатъийлашган, дўқ қилаётганда тили тутилмайдиган, автомат ўқталаётганда қўли қалтирамайдиган бўлган. Энди у ўзбекистонлик у ёқда турсин, қирғизистонлик ё тожикистонликка ҳам истаганича дағдаға қилиши, жуда гапга кирмаса ёки “керак бўлса”, отиб юбориши мумкин (7 июн куни қирғизистонлик Улуғбек, 22 июл куни тожикистонлик Хайруллонинг ўзбек чегарачилари отиб ўлдиргани бунга аянчли мисолдир).

Айтишларича, бу “сиймо” ҳалиям соқоллиларни кўрганда тепа сочи тикка бўлади. Албатта, “дидлар ҳақида баҳслашмайдилар”. Лекин эркакларни соқолсиз кўришни хушлайдиган “сиймо”нинг қўлида қуроли бўлгани, устига устак, ўша қуролни ўзи хушламаган кишиларга қарши ишлатишга ваколати бўлгани чатоқ.

Лекин мен умидсиз эмасман. Кун келиб, бу чегарачининг феъли ўзгариши ёки унинг ўрнига хушфеълроқ бошқа бирови келишини, оммавий ахборот воситаларида эса Ўзбекистон ўз қўшнилари билан очгани ё ёпгани ҳақида “фавқулодда муҳим” хабарлар чиқмай кетишини орзулаб қоламан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG