Линклар

Мен не дейман-у, қўбизим не дейди?!

Мухолифбашара битта қаламкаш бор. Унга ими-жимида буюртма бериб тураман – ўткир мавзуларда фельетон ёздириб¸ барча марказий газеталарда бир кунда эълон қилдираман, мўмайгина қалам ҳақи тўланглар деб тайинлайман.

Гоҳида байрамона нутқларимнинг қораламаларини ҳам унга ёздираман. Албатта, қораламадан фойдаланиб бўлмайди, лекин теша тегмаган ибораларини ўз тилимдан нутққа киритиб юбораман.

Ўша нонкўр тунов куни: “Бизда демократия йўқ! Юқоридан рухсат берилган гапларни рухсат берилган одамларгина айтиши мумкин”, деб ғийбат қилибди. Қисталоқ, сирни ошкор қилиб нима қиласан?! “Бобурнома”ни ўқимаганмисан:

“Ушбу йил Султон Ҳусайн мирзо била Бадиуззамон мирзо орасидағи ниқорлар урушға тортти... Бир кун Алишербек била мирзонинг орасида бир суҳбат ўттиким, мирзонинг тез фаҳмлиғиға ва Алишербекнинг риққати қалбиға долдур. Алишербек сиррий сўзларни мирзоға гўшаки қилиб айтти. Дағи дедиким: “Бу сўзларни унутинг”. Мирзо филҳол айттиким: “Қайси сўзларни?” Алишербек бисёр мутаасир бўлиб кўп йиғлади”.

Ҳатто шаҳзода Бадиуззамон сир сақлашга қодир бўлган экан. Анави кисфуруш бўлса... Фаҳм-фаросатдан мосуво кимсага аҳмақ одам сир айтади. Аслида ўзим аҳмақман.

Сассиқ оғиздан сассиқ гап чиқади. Энг улуғ байрам муносабати билан заказ қилинган нутқ қораламасида: “Келаси йили “Шайбонийнома” достони яратилганига роппа-роса беш юз йил тўлади. Биз бу санани ҳам мамлакат миқёсида кенг нишонлашимиз лозим”, деган жумлани қора ҳарфларда алоҳида таъкидлабдики гўрсўхта.

Сопини ўзимдан чиқармоқчи бўлган: агар “Шайбонийнома” яратилган сана расман нишонлансин деб фармон берсам, худо беради-ку! Газета-журнал саҳифаларида, радио-телевидениеда достон муаллифининг номи такрорлавериб жонга тегади. Одамлар Муҳаммад Солиҳ номини энди-энди унутаяпти; яна етти-саккиз йил сабр қилиш керак, найновнинг номи паққос унутилсин, майли, ундан кейин “Шайбонийнома” юбилейини нишонлайверамиз. “Шайбонийнома” ҳеч қаёққа қочиб кетмайди – Қўлёзмалар институти архивида яна чорак аср чанг босиб ётса ҳам осмон узилиб ерга тушмайди.

Оббо, қовоқбош-эй, ҳали сан мани лақиллатмоқчи бўлдингми? Чучварани хом санабсан! Сан шохида юрсанг, ман баргида юраман!

Биз темурийлар наслидан бўламиз. Бобур ҳам темурий бўлган. Шайбоқхон эса ёвуз Чингиз наслидан эди. Чингизийлар Туронзаминдан темурийлар авлодини суриб чиқарган. Қайтар дунё, дейдилар. Энди биз чингизийларни тарихдан суриб чиқарамиз.

Калтакнинг ҳам битта учидан ушлаш керак. Икки учидан ушлаб туриб зарба бериб бўлмайди.

Ниҳоят, мухолифбашара қаламкаш қўлимга тушди, шекилли. У Чеҳрагул исмли кўҳликкина битта аёлни севиб қопти. Босим телефон қилаётган эмиш, ҳатто боғ-ҳовлисига таклиф этиб чўғда маккажўхори пишириб берган эмиш. Чеҳрагул ҳозирча майл билдирмаган кўринади. Сабабини обдон ўрганиш керак. Сабаби аниқлангач, шунга қараб иш кўрилади.

Бу вазифани Ҳидоят Махсум зиммасига юклайман. Ҳозирча арқонни узун ташлаб қўйган маъқул. Майли, севги сюжети ўз ҳолича ривожланаверсин. Қаламкаш яна думини қимирлатса, дарҳол таноби тортиб қўйилади. Аммо-лекин, севги линиясининг тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Линияга яна битта персонаж киритиб, калавани чувалаштириб юбориш керак. Ҳеч бўлмаса, учбурчак ясаш лозим. Учбурчак севги мавзусида янги гап эмас. “Хамса” достонлари ҳам учбурчак асосига қурилган: учбурчакка кириб қолган Қайс охир-оқибат м а ж н у н бўлади. Ишқилиб, энди қаламкашни ақлдан оздириш мумкин.

Фақат назоратни сусайтирмаслик лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG