Линклар

logo-print

Генерал сохта чиқиб қолди


Ўзбекистонга жосуслик қилганликда айбланаëтган Табаров¸ айтилишича тожик генерали формасини кийиб юрган.

Ўзбекистонга жосуслик қилганликда айбланаëтган Табаров¸ айтилишича тожик генерали формасини кийиб юрган.

Тожикистонда ўзини хавфсизлик қўмитаси генерал-полковниги деб таништириб юрган Қурбонали Табаров қўлга олинди. Унга қўйилаëтган айблар орасида Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилганлик ҳам бор.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази вакили Диловар Ализоданинг маълум қилишича, Қурбонали Табаровни қўлга олиш операцияси вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари билан биргаликда амалга оширилган.

- Вилоятда генерал-полковник пайдо бўлганлиги ҳақида овозалар юрарди. Боз устига, у минтақада бўлиб ўтган қатор сиёсий, маданий ва маърифий тантаналарда расмий вакил сифатида қатнашган. Лекин ҳеч ким генерал аслида қайси тизимдан эканлигини билмайди. Ниҳоят, 18 сентябр куни ўтказилган тергов-суриштирув амалиётлари натижасида Чкалов шаҳрида Қурбонали Табаров қўлга олинди. Қўлга олинган шахс ва унга доир тўлиқ маълумотлар вилоят хавфсизлик бошқармасидан олишингиз мумкин, деди Диловар Ализода.

Биз Тожикистон Миллий давлат хавфсизлик қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси вакиллари билан боғландик. Исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган бошқарма зобити тақдим этган ҳужжатларга кўра, Чкалов шаҳрида истиқомат қилган Қурбонали Табаров неча йиллардан буён қаллоблик, порахўрлик ва одамларни алдаш билан шуғулланган.

Қурбонали Табаров уйи тинтув қилинганда, у ердан генерал-полковник кийими, шу мартабага тааллуқли ҳужжатлар топилган. Бироқ бу ҳужжатлар қалбаки бўлиб чиққан - Қурбонали Табаров ҳеч қачон куч ишлатар тизимларда хизмат қилмаган.

Шунингдек, қўлга олинган шахс уйидан Интерполнинг Марказий Осиё ва Евросиё бўйича минтақавий бўлими раҳбари эканлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳам топилган. Бироқ мазкур ҳужжат экспертизадан ўтказилгач, унинг ҳам қалбаки эканлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, миллати тожик бўлган Қурбонали Табаров оиласи билан узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда истиқомат қилган ва Тожикистонга тез-тез келиб турган. Табаров Тожикистонда “куч ишлатар тизимлар вакиллари билан яқин алоқада бўлган ва улардан мамлакат хавфсизлигига доир маълумотлар йиғиб, қўшни давлат махсус тизимларига етказиб турган”, дейилади миллий хавфсизлик ҳужжатида.

Вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси зобитининг сўзларига кўра, Қурбонали Табаров уйидан Совет Иттифоқи Қаҳрамони юлдузи ва ҳужжати ҳам топилган. Мана шу ҳужжатлардан фойдаланиб, Қурбонали Табаров неча йиллар давомида тожик-ўзбек чегарасидан ноқонуний ўтиб юрган.

Айни пайтда Қурбонали Табаров Тожикистон Жиноят кодексининг қаллоблик, порахўрлик ҳамда жосуслик билан шуғулланганликка оид моддаларида айбланмоқда.

Бироқ маҳаллий кузатувчилар фикрича, Қурбонали Табаровнинг оддий фирибгар экани ҳақиқатга яқинроқ. Маҳаллий таҳлилчи Валижон Баҳромов фикрича, жосус ҳеч қачон очиқдан-очиқ қалбаки генерал-полковник кийимида, Совет Иттифоқи Қаҳрамони юлдузини тақиб олиб юрмайди.

- Назаримда Қурбонали Табаровни жосус деб эълон қилиш кулгили ҳолат. Бу тожик расмийларининг навбатдаги сиёсий ўйини, деб ҳисоблайман. Зеро, қалбаки генерал, қаҳрамон ёки раисларни кўп кўраяпмиз. Умуман, республика мустақилликка эришгандан кейин мамлакатда генераллар худди қўзиқориндек кўпайиб кетган. Уларнинг қайси бири аслу қайси бири қалбаки эканлигини ҳали вақт кўрсатади. Бу ерда фақат бир нарса - Қурбонали Табаровнинг узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда яшаганлигини тожик миллий хавфсизлик хизмати вакиллари дастак қилиб олишган, дейди Валижон Баҳромов.

Таҳлилчига кўра, ҳозирда республикада куч ишлатар тизим вакиллари билан гаплашиб, яхши пул эвазига наинки қалбаки, балки қонуний ҳужжатлар ҳам олиш мумкин. Вилоят ИИБ вакили Алижон Раҳимжоновнинг айтишича, айнан баъзи бир ички ишлар ходимларининг ўз мансабини суиистеъмол қилаётгани учун ҳам бугунги кунда кўплаб жиноятчиларга турли ҳужжатлар берилгани аниқланган.

- Тожикистон паспорт бериш идоралари 2000 йилдан бошлаб жуда кўп шахсларга республика паспортини берганлар. Жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси Расул Охуновни ҳам Саиджон Акбаров, ҳам Мурод Рустамов дейишади, хуллас, унинг 10 га яқин паспорти бор. Биз текшириб чиққанимизда паспорт бўлимлари арзимаган пул эвазига бу одамларга ўзларича Тожикистон фуқаролигини бериб юборишган, деди Алижон Раҳимжонов.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, республикада давом этаётган жосус овлаш амалиёти бу икки қўшни давлат раҳбарлари ўртасида сақланиб қолаётган совуқ муносабат ҳосиласидир.

Жорий йили вилоятда тўрт мансабдор шахс Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланиб, қўлга олинган эди. Сўнгги уч йил давомида Сўғд вилоятида ўндан ортиқ ўзбекистонлик ва олти нафар тожикистонлик Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.
XS
SM
MD
LG