Линклар

logo-print

Эркин микрофон - "Кийишга иштоним йўқ"

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

23 сенябр куни сим қоққан ўзбекистонликлардан бири¸ ўз ҳамюртининг "ҳадеб Ўзбекистонни ëмонлайверманглар " деган хитобига шу мазмунда шеърий жавоб берди ва халқнинг кун сайин қашшоқлашаëтганидан гапирди.

22 сенябр куни "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган фарғоналиклардан бири¸ Озодликни танқид қилиб, Озодлик дастурларида Ўзбекистон ҳаëтининг яхши томонлари ёритилмаётганини даъво қилди. Бу эътирозга Озодлик мухлисларининг ўзлари жиддий эътироз билдирдилар ва 23 сенябр куни фарғоналик танқидчимизга мурожаат қилиш истагида қўнғироқ қилганлар кўп бўлди.

“Кийгани йўқ иштоним...”

Фарғоналик танқидчимиз фикрларига муносабат билдирган андижонлик Абдуманноннинг гапи бу. У бир неча йилдан Россияда юрган меҳнат муҳожири.

- Фарғоналик бир акахонимиз айтди. Бу давлатдан манфаатдор инсон бўлиши мумкин ëки бир фермер одамдир бу. Ўзбекистоннинг яхши томонларини кам гапирасизлар¸ дейди. Нимасини гапириш керак? 27-28 миллион аҳолини сарсон қилаëтганини гапириш керакми ëки аҳолиси ўзини ўзи боқа олмаганини гапириш керакми? Нима яхши томони? Мустақиллик Ўзбекистонга нима қилиб берди?

Мана Россия ўзининг чет давлатларда авария бўлиб фалокатга учраган фуқароларини олиб келиб¸ судлашаяпти¸ бошқа қилаяпти. Ўзбекистондан қанчадан қанча одам мана шу ерда ўлиб кетаяпти. Шу ерларга кўмилиб кетганлари бор. Буларни Ўзбекистон ҳисобга олмаяптику. Нима яхши томонини гапириш керак? Шу акамнинг гапирган гапларига менинг ғашим келди. Мана Каримовнинг яхши-ëмон томонлари. Каримовни ўзбек халқининг 90 фоизи яхши демаса керак. Бу менинг тушунчам. Нима Ўзбекистон отасининг маҳрига тушдими? Нимага энди шунча аҳолини қийнаш керак? Сизларга бир шеър ëзиб жўнатган эдим. Ҳозир ўқиб бераман. Эфирда бераверинг шуни.

Мустақилсан Ўзбекистоним¸
Емакка йўқ уйимда ноним¸
Ювиб қўйса хотиним бир кун¸
Киймоққа йўқ шу кун иштоним.


“Мақтовларни Ўзбекистон ТВ дан эшитсин!”

Буниси энди Фарғонадан сим қоққан Ҳайдар аканинг гапи. У ҳам бояги тингловчимизнинг Ўзбекистонни кўп ёмонлаяпсизлар, деган фикрига муносабат билдиради.

- Энди ўша укамизми¸ акамизнинг гапига бу. Бизда телевизорда роса кўп мақташади. Мақтов керак бўлса¸ ўша телевизордаги мақтовларни эшитсин. Кеча радиода бир опамиз “Бизга ҳақиқатни гапиринглар” дедида. Ўшанга ҳақиқатни мен айтмоқчиман. Ҳақиқати бизда ўзгариш бўлаяпти. 17-18 йил бизга озлик қилгандир. Яна беш-ўн йилдан кейин бундан ҳам яхши бўлиб кетиши керак. Ўзбекистон деган давлатимиз бор. Биз ўзбекмиз. Мен қувонаман. Россияда ҳам ишлаб келдим. Россияда қандай бўлаяпти? У ëққа борсангиз¸ икки-уч баробарига ишлар экансиз. Ўшандан кейин бирингиз икки бўлади. Биздаги кўпчилик ўзбекларимиз танбал. Ишлашмайди. Ëтиб олишиб¸ “Олма пиш¸ оғзимга туш” дер эканда.

Мен нима демоқчиман? Бизнинг давлатимиз яхши давлат. Келажаги бундан ҳам яхши бўлсин. Сизларга ҳам омад тилайман. Сизларнинг радиони ҳам эшитаман. Сизлар ҳақиқатни гапирасизлар. Шунинг учун дадам “Озодликдан фалон нарсани¸ пистон нарсани эшитдингми” деб айтади. Ўзбекистонни очиқ-ойдин қилиб гапиришларингга тарафдорман. Шу дадам орқали мен ҳам сизларни эшитиб юраман. Ҳар куни кунлик бир соатлик эшиттиришларингизни эшитаман мен. Телевизорни ўчириб қўйиб сизларни эшитаман. Ҳақиқатни эшитиб оламан дейманда¸ дейди Ҳайдар ака.

“Сарфлаган пулимга ачинаман”

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган андижонлик тингловчиларимиздан бири Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги камчиликларни ошкора танқид қилмагандан сўнг, одамлар бошқа жойлардан холис ахборот излашга мажбур бўлишаётгани ҳақида гапирди.

- Мен айтмоқчиманки¸ умуман бугунги кунда газеталарга ишонч¸ деган нарсанинг ўзи қолмаган. Союз пайтида ҳам эркинлик бор эдику бизда. Демократия йўқ¸ демократия сари олға деган гап-сўзлар кўпаяди. Лекин бугунги кундаги газеталарга келадиган бўлсак¸ Ўзбекистондаги 99 фоиз газетани мен ўқиш деган нарсани тўхтатганман. Кўнгил очишга¸ вақт ўтказишга кроссворд ишлайман. Ҳатто исботлаб ҳам бера оламан¸ бу қайта-қайта берилаëтган кроссвордлар. Хўш¸ биз пулни яна нимага сарфлашимиз керак? Ўзбекистондаги газеталарнинг тиражи қанча кўтарилгани билан бари бир кунда йўқ бўлиб кетади. Одамларнинг қизиқиши қоладию¸ ўқимай қўяди. Мен ўзим тўплаган газеталарни бугун очиб қарайман ва сарфлаган пулимга ҳамда вақтимга ачинаман холос¸ дейди Андижондан сим қоққан суҳбатдошимиз.

“Андижонга боргани қўрқаман”

Россиянинг Рязан шаҳридаги меҳнат муҳожири андижонлик Пўлатхоннинг "Эркин микрофон"га айтишича, май ойида Андижонда содир этилган портлашлардан сўнг, у уйига боришга хавфсираб қолди. Чунки, дейди Пўлатхон бу воқеалардан сўнг Андижонда қама-қама авжига чиқди.

- Кўраяпсизку¸ Андижонда юрсангиз¸ усан¸ бусан деб секин олиб кириб қўяяпти. Шундан ҳам энди қўрқасизда. Тушунган одам “Тинч бошқараяптию халқни” деб ўйлайди. Тинч бошқарилган билан кўраяпсизку¸ ҳамма қўрқади. Мана Андижонда нималар бўлаяпти¸ ким кетаяпти¸ ким қолаяпти¸ сизлар мендан яхши биласизлар.

Кеча мана 2009 йилги портлашлардан кейин ëш-ëш болаларнинг нечтасини олиб кириб кетдию жувонмарг қилиб. 26 майда Андижонда портладию. Ўшандан кейин ўзимизда ишлаб¸ жонини қийнаб пул топиб юрган болаларни олиб кириб қўйдию 15 йил камига¸ қолганларига 21 йил берди. Уларнинг бола-чақаси бор. Машина олган бўлса¸ тер тўкиб олган. Россияга кетадиганларини қамаб қўйди. Қўлида билетлари бор экан. Биз ҳам буларни мана шу ерда туриб эшитдик. Ëш-ëш болаларда нима гувоҳ? Куч-қуввати бор¸ жиндай занимация қилган болаларни олиб кириб қўйибди. Бу ëқда яхши ишлаб Ўзбекистонга борсангиз¸ бир нарса сотиб олишга ҳам қўрқадиган қилиб қўйди¸ дейди Россиянинг Рязан шаҳридаги меҳнат муҳожири андижонлик Пўлатхон.

*****************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG