Линклар

"Ҳизбчи"лар қамоқхонада ҳам фаол

  • Гулнора Равшан

Дунëвий кузатувчилар¸ пировард мақсади халифаликни тиклаш бўлган Ҳизбут-Таҳрир байроғи остида тўпланаëтганлар сони ортаëтганидан хавотирдалар.

Дунëвий кузатувчилар¸ пировард мақсади халифаликни тиклаш бўлган Ҳизбут-Таҳрир байроғи остида тўпланаëтганлар сони ортаëтганидан хавотирдалар.

Айтилишича¸ ҳизбчилар Тожикистон қамоқхоналарда ҳам Ҳизбут-Таҳрир ғояларини тарғиб қилиб, тарафдор орттириш пайида бўлмоқдалар.

Ҳизбут-Таҳрирга аъзолик айби билан Душанбе шаҳридаги 7-қамоқхонада беш йил ўтириб чиққан Абдухалил ҳизбчилар қамоқхонада сўнгги йилларда бир қадар фаоллашаётганини таъкидлайди.

- Мен бўлган турмада тахминан 1500 маҳбус бор эди. Уларнинг аксарияти мусулмон бўлгани учун бизнинг жамоамиз Қуръон ва пайғамбаримиз ҳадисларидан гапирсалар, тинглашарди. Энди уларнинг кўпчилиги мусулмон-ку. Албатта ташкилотимизга очиқдан-очиқ эргашмасалар ҳам¸ айтилганларни жон қулоқлари билан тинглашарди, фикрларимизни қувватлашарди, дейди собиқ маҳбус Абдуҳалил.

Суҳбатдошимизнинг билдиришича, ҳизбчиликда айбланиб қамоққа ташланганларнинг тарафдорлари, тингловчиларининг кўп қисми ёш маҳбуслар экан.

Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти ўтган асрнинг 90-йиллари сўнгида Тожикистон Олий суди қарори билан диний-экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилиб, унинг фаолияти республика ҳудудида қонун доирасида таъқиқлаб қўйилган эди.

Ўтган давр мобайнида, расмий маълумотларга кўра, бу ташкилотнинг 500 дан ортиқ аъзоси турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Аснода мустақил кузатувчилар ҳизбчилар қамоқхоналарда туриб ҳам ўзларига тарафдор йиғишда давом этаётганини қайд этмоқдалар.

Мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов бунинг сабабларини мамлакатда сўнгги йилларда, хусусан, ёшлар орасида динга қизиқиш кучайиб бораётгани билан изоҳлайди.

- Аҳоли орасида диний маълумотнинг етарли бўлмагани ортидан Ислом дини ва қадриятларига одамлардаги чанқоқлик уларни ҳатто ўшандай таъқиқланган ташкилотлардан ҳам диний таълим олишга ундамоқда. Сўнгги йилларда Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда айбланиб қамоққа ташланаётганлар сони қанчалик кўп бўлса, қамоқхоналарда уларнинг фаолияти ҳам шунчалик кучаяётгани борасида маълумотлар мавжуд, дейди мустақил таҳлилчи Мамадазимов.

Таҳлилчига кўра, тожикистонликлар орасида бу тарзда ҳизбга эргашувчилар сони ортаётгани жамият учун хавфли.

Аммо Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги Қамоқхоналарни бошқариш бошқармаси масъулларидан бири Баҳром Абдулҳақов овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирар экан, мамлакат қамоқхоналарида ҳизбчиларнинг фаоллашаётганига оид маълумотларда асос йўқлигини айтди.

Абдулҳақовнинг айтишича, республика қамоқхоналари бедарвоза эмас. Зонада ҳам ўз прокурори, миллий хавфсизлик ходимлари иш олиб бораётир.

- Агар бордию, шундай тарғиботлар олиб борилаётгани аниқланса, албатта фаол ҳизбчи маҳбусларга қарши тегишли чоралар кўрилади, деди Баҳром Абдулҳақов.
XS
SM
MD
LG