Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:40

Ню Йоркда ҳам ўзбек-тожик сув тортишуви


БМТ да анжуманларида иштирок этаëтган президент Раҳмон¸ халқаро майдонда ўзига ҳомий излашни давом эттирмоқда.
БМТ да анжуманларида иштирок этаëтган президент Раҳмон¸ халқаро майдонда ўзига ҳомий излашни давом эттирмоқда.

Сувдан фойдаланиш масаласида жиддий тортишаётган Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро жамоатчилик таянчини ўз томонига буришга уринмоқда. Шу ниятдаги навбатдаги айтишув БМТ иқлим саммити доирасида бўлиб ўтди.

Ню Йоркдаги давра суҳбатида Тожикистон номидан шахсан президент Имомали Раҳмоннинг ўзи сўзга чиқди ва Роғун ГЭС ини қуриш режасини атроф-муҳитни ҳимоя қилиш зарурати билан оқлашга ҳаракат қилди.

- Ҳозирда атроф- муҳитга катта зарар етказаётган анъанавий энергия ишлаб чиқариш воситаларига қарамликни камайтирадиган қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантириш бўйича шошилинч чораларни кўриш зарурати пайдо бўлди¸ деди президент Раҳмон.

Унга кўра, Марказий Осиё давлатларидан атмосферага кўтарилаётган ис газининг 70 фоизи ишлаб чиқариш ва иссиқлик электростанцияларга тўғри келмоқда.

“Айни пайтда улкан гидроэнергетик имкониятга эга бўлган Тожикистон бу имкониятнинг атиги 10 фоизини ишлатмоқда” дея таъкидлади Тожикистон президенти.

Сўз навбатини олган Ўзбекистоннинг БМТ даги доимий вакили Мурод Асқаров Тожикистон ва Қирғизистоннинг гидроэнергетикани ривожлантириш ғоялари Марказий Осиё экологиясига энг жиддий таҳдид сифатида қаралаётганини билдирди. Орол денгизи ўрнида “Оролқум” чўлининг пайдо бўлаётгани, ерларнинг яроқсиз ҳолга келаётгани ҳамда Помиру Тяншан тоғ чўққиларида музликларнинг қисқариб бораётгани сувга нисбатан ана шундай ёндошувнинг оқибатларидандир, деди Мурод Асқаров.

- Айрим минтақа давлатлари томонидан илгари сурилаётган гидроэнергетик лойиҳалар бўйича БМТ ҳомийлиги остида халқаро экспертизани ўтказиш зарурлиги Ўзбекистоннинг қатъий позицияси бўлиб қолмоқда¸ деди Ўзбекистон вакили.

Иқлим ўзгаришига бағишланган БМТ саммити ва Бош ассамблея анжуманида иштирок этиш учун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сешанба куниёқ Ню Йоркка етиб келган эди. Сув масаласида Ғарбни ўз томонига оғдириш мақсадида Раҳмон жорий йил бошида Брюсселга ҳам сафар қилган эди.

Айни пайтда халқаро майдонда Ўзбекистон позициясини Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳимоя қилмоқда. 28 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилаётган Норовнинг минтақада сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги қатъий баёнотлари аввалги йилдагидан жиддий фарқ қилмаслиги ҳам мумкин.

- Ўзбекистон республикаси трансчегаравий дарёлар оқимидан фойдаланиш¸ шу жумладан гидроэнергетик иншоотларни қуриш бўйича қабул қилинадиган ҳар қандай қарорлар экологияга ва чегарадош давлатлар манфаатларига зиён етказмаслиги шарт¸ деб таъкидлаганди Владимир Норов Бош ассамблеянинг ўтган йилги анжуманида.

Ўзбекистон томони ўз позицияси трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича қабул қилинган БМТ конвенциялари билан мустаҳкамланганини даъво қилиб келади.

Бироқ халқаро таянчни қозониш учун Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбариятинининг бир-бирига қарши қаратилган саъй-ҳаракатлари бирор бир натижа берганича йўқ, деб ҳисоблайди Марказий Осиё бўйича етакчи таҳлилчилардан бири Алишер Илҳомов.

- Иккала томон ўз томонига кўпроқ иттифоқчиларни жалб этиб, сиёсий тарози палласини ўз фойдасига оғдирмоқчи бўлаяпти. Мақсад рақиб томонига босим ўтказиш воситаларини ишга солиш ва маълум вақтда бир томонлама ҳаракатларни амалга оширишдир. Бироқ кучлар нисбатига қарайдиган бўлсак, Европа Иттифоқи ва НАТО нинг Афғонистондаги можаро туфайли Ўзбекистонга кўпроқ боғлиқ бўлиб қолаётганини инобатга олиш керак. Ғарбнинг геосиёсий устунликни Ўзбекистонга бераётгани президент Раҳмонни дипломатик фаолликни кучайтиришга мажбур қилмоқда. Бироқ бу масалада Ғарб давлатлари ҳозирча бетараф қолмоқда¸ дейди Алишер Илҳомов.

Миллий манфаат шуури ва олий раҳбариятдан келаётган кўрсатмалар минтақа эколог олимларини икки лагерга ажратди. Тожикистон атроф-муҳитни ўрганиш маркази профессори Абдулҳамид Қаюмов Ўзбекистоннинг Помир ва Тяншан чўққиларида музликлар қисқараётгани ҳақидаги иддаоларини жиддий текшириш керак ҳисоблайди.

- Аслида сув етарли ёки етарли эмаслигини даъво қилиш учун авваламбор Тожикистондаги музликлар миқдорини аниқлаб олиш зарур. Гидроэлектростанцияларни куриш атроф-муҳит ўзгаришининг оқибатларини бартараф этадиган ёки юмшатадиган учун устувор йўналишдир¸ дейди Абдулҳамид Қаюмов.

Ўзбекистонлик олим Бек Тошмуҳаммедов Тожикистонга нефт ва газ билан ёрдам бериш лозимлигини эътироф этади¸ аммо улкан гидроэлектростанцияларни қуриш режаларига мутлақо қарши туриш лозимлигини таъкидлайди.

- Ўта баланд тўғонларни қуришдан аввал улар қўшнилар хавфсизлиги ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Сейсмологик минтақа ҳисобланадиган Марказий Осиё ГЭС ларида юз бериши мумкин бўлган авариялар Россиянинг Саяно-Шушенская ГЭС ида содир бўлган авария оқибатларидан ўтиб тушади¸ дейди академик Бек Тошмуҳаммедов.

Айрим таҳлилчилар фикрича сув тақсимоти устида Марказий Осиёда аллақачон совуқ уруш бошланган. Баъзилар жорий муросасизликни ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан аввал Европа давлатлари ўртасида юзага келган муносабат билан таққослайдилар. Атроф-муҳит ҳақида кўп гапирилса ҳам Марказий Осиёда сув доимо сиёсий ва иқтисодий масала бўлиб келган. Жорий вазият Ўзбекистондаги ички сиёсий ландшафтнинг ҳам ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭС ларни қуриш режаларига қарши туриш учун Ўзбекистонда шошилинч равишда “Экологик ҳаракат” ташкил этилди. Жорий йил охирида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис сайловларида ғалабаси таъминланган “Экологик ҳаракат” намояндалари Ўзбекистон раҳбарияти қўлидаги қўшниларга сиёсий босим ўтказиш воситасига айланиши башорат қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG