Линклар

Стратегик-ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги битимга эришиш масаласи БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Ню Йоркда учрашган АҚШ ва Россия президентлари ўртасидаги муҳокамалар марказида бўлди.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам, Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам бу борадаги янги шартнома йил охирига қадар имзоланишига умид қилмоқда.

- Биз бугун стратегик-жанговор қуролларни қисқартириш тўғрисида янги келишув масаласини муҳокама этдик. Бу йўналишда ишлар ёмон бораётгани йўқ, умид қиламанки, янги ҳужжат белгиланган муддатда қўлимизда бўлади, дея маълум қилган Россия президенти Дмитрий Медведев "Интерфакс" агентлигига.

Шу йил декабр ойига қадар имзоланиши айтилаётган янги битим Россия ва АҚШ расмийлари стратегик қуролларни қисқартириш бўйича совуқ уруш даврида эришилган келишув ўрнини боса олиши айтилмоқда.

1991 йилда имзоланган ва амал қилиш муддати жорий йил якунида тугаши кутилаётган келишув стратегик қуролларни назорат қилишнинг асосий пойдевори ҳисобланади.

Россия томони бу борадаги янги шартнома бўйича музокараларнинг муваффақияти АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими ўрнатиш режасига боғлиқ эканига ишора қилиб келаётган эди.

Ўтган ҳафта АҚШ Полша ва Чехия Республикасида ракетадан мудофаа тизимини яратиш режаси қайта кўриб чиқилишини эълон қилди ва Россия Вашингтоннинг бу қадамини ижобий қаршилади.

АҚШ президенти билан учрашув давомида Россия президенти Дмитрий Медведев Вашингтоннинг ушбу қарорини яна бир бор юқори баҳолади.

- Мен президент Обамага Американинг ҳозирги маъмурияти кўз қарашини ифода этувчи ва бизнинг ташвишларимизни назарга олувчи бу қарор ўринли қарор бўлганини айтдим, деди Медведев.

Россия раҳбари, шунингдек, Москва Вашингтон билан ракета ҳужумига қарши мудофаа масалаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини ҳам таъкидлади.

Вашингтон ва Москва раҳбарлари, шунингдек, Эроннинг ядровий дастури борасида ҳам фикр алмашдилар. Жумладан, АҚШ президенти Барак Обама, агар Эрон уранни тўйинтириш ишларидан қайтмаса, Теҳронга қарши қаттиқроқ жазо чоралари қўлланиши ҳақида гапирди.

Ўз навбатида, Россия раҳбари Дмитрий Медведев Эрон учун фойдали шартлар асосига қурилган таклифлар ҳам илгари сурилиши лозимлигини айтди.

Барак Обама ва Дмитрий Медведев ўртасидаги бу учрашув Обама январ ойида президентлик вазифасига киришганидан буёнги учинчи учрашувдир. Сўнгги бор иккала президент июл ойида Москвада учрашган эдилар.
XS
SM
MD
LG